Жаҳон | 21:57 / 23.05.2025
2129
2 дақиқада ўқилади

Амазония ҳиндулар қабиласи туҳмат учун The New York Times газетасини судга берди

Газета марубо қабиласи ҳаёти ҳақида туҳматга асосланган мақола чоп этганликда айбламоқда. Даъвогарлар суддан 100 млн доллар жарима ундириб беришни талаб қиляпти.

Фото: The New York Times

Бразилиядаги Амазония ўрмонларида яшовчи ҳиндуларнинг марубо қабиласи The New York Times (NYT) газетаси, TMZ таблоиди ва Yahoo портали устидан Лос-Анжелес судига даъво аризаси киритди, деб хабар беради Courthouse News Service.

Даъвогалар ушбу ОАВни марубо қабиласи ҳаёти ҳақида туҳматга асосланган мақолалар чоп этганликда айбламоқда. Улар эълон қилган материалларда қабила ёшлари сунъий йўлдош интернетига уланиш ортидан «порнографияга ружу қўйгани» таъкидланган. Даъвогарлар суддан жавобгарлар зиммасига 180 миллион АҚШ доллари миқдорида, шундан 100 миллиони жарима сифатида товон тўлаш мажбуриятини юклашни сўрамоқда.

Даъво аризасига 2024 йилда The New York Times нашрида журналист Жек Никас томонидан чоп этилган мақола туртки бўлган. Никас марубо қабиласи яшайдиган ҳудудга етиб бориш учун тахминан 80 километр масофани пиёда босиб ўтган. Унинг вазифаси Starlink интернет тармоғига уланиш учун 20 та терминал совға қилингандан икки йил ўтиб, қабиланинг кундалик ҳаёти қандай ўзгарганини ёритиш эди.

Мақолада Никас ёзишича, энди бу қабила ҳам АҚШ оилаларини йиллар давомида қийнаган муаммоларга дуч келмоқда: ўсмирлар телефонни қўлдан қўймайди, катталар гуруҳли чатларда ғийбат қилади, ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолишган, бегона одамлар билан онлайн мулоқот қилишади, зўравонликка асосланган видеоўйинлар ўйнашади, вояга етмаганлар эса порнографик материалларни томоша қилишмоқда. Ушбу мақола кенг тарқалиб, TMZ ва Yahoo каби ОАВ томонидан қайта чоп этилган.

Марубо қабиласи ва Бразилиядаги фаоллар норозилиги ортидан NYT мақолага раддия эълон қилишга мажбур бўлганди. Раддия «Йўқ, Амазония қабиласи порнографияга қарам бўлиб қолмади» сарлавҳаси остида чоп этилган. Шунга қарамай, NYT ўзининг дастлабки мақоласи ҳақоратли бўлмаганини таъкидлаган ва судда ўз позициясини ҳимоя қилиш ниятида.

Мавзуга оид