Ўзбекистон | 12:02
18707
2 дақиқада ўқилади

«Сизга ачинаман, жаноблар!» – Абдураҳмон Ташановнинг шу номли пости камситиш деб топилди 

Суд Абдураҳмон Ташановдан Тошкент давлат юридик университети икки ўқитувчиси фойдасига 50 млн сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари фаолига Facebookʼда эълон қилган «Сизга ачинаман, жаноблар!» сарлавҳали пости учун узр сўраб, раддия бериш мажбурияти ҳам юкланган.

Чапдан: Раззоқ Алтиев, Абдураҳмон Ташанов ва Отабек Нарзиев

Тошкент давлат юридик университетининг икки нафар профессор-ўқитувчиси ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановга оид суд ишида қарор чиқарилди. Ҳуқуқ ҳимоячиси буни Kun.uz’га тасдиқлади.

Маълум бўлишича, кеча, 23 май куни ФИБ Миробод туманлараро суди мазкур иш бўйича Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари фойдасига Абдураҳмон Ташановдан 50 млн сўм маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарган. Шунингдек, суд қарори билан инсон ҳуқуқлари фаолига Facebookʼда эълон қилган «Сизга ачинаман, жаноблар!» сарлавҳали пости учун узр сўраб, раддия бериш мажбурияти ҳам юкланган. Иш судя Беҳзод Сагатов раислигида ёпиқ тарзда кўриб чиқилган.

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчилари Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев 2025 йил 28 феврал куни ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановни Facebookʼда эълон қилинган пост сабабли судга берганди. Бунга Абдураҳмон Ташановнинг «Сизга ачинаман, жаноблар!» номли пости (ўша вақтда университет ўқитувчиларининг ўзига ва фаолиятига қарши ёзаётган серияли мақолаларига жавобан) сабаб бўлган. Ўқитувчилар ушбу пост туфайли қадр-қиммати ва ишчанлик обрўйига путур етганини даво қилган.

Раззоқ Алтиев ва Отабек Нарзиев жавобгар Абдураҳмон Ташановдан пости бўйича раддия эълон қилиш, узр сўраш ва уни ўчириб ташлаш ҳамда маънавий зарар учун 200 млн сўм ундиришни талаб қилишганди

Мавзуга оид