Ўзбекистон | 09:39
2473
12 дақиқада ўқилади

АҚШ билан виза музокараси, Россиянинг талаблари ва билимли ёшларга мукофот — ҳафта дайжести

Америка визасини олиши ўта даражада қийин ўзбекистонликлар учун талаблар енгиллаштирилиши мумкин. Россияга боришда эса қўшимча бюрократия пайдо бўлди. Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи автобус йўлаги ва метронинг янги йўналиши қурилади. Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига 72 минг доллар мукофот берилади. Айрим шифохоналарда ойликлар ошмоқда. Якунланаётган ҳафта янгиликлари – Kun.uz дайжестида.

АҚШдан виза талабларини енгиллаштириш сўралади

Ўзбекистон ҳукумати АҚШ расмийлари билан виза масалаларида музокара бошлайдиган бўлди. Президент фармонига кўра, расмий Тошкент Вашингтондан ўзбекистонликлар учун виза талабларини енгиллаштиришни сўрайди, бунинг эвазига АҚШ ватандошлари учун Ўзбекистонга киришда 30 кунлик визасиз режим жорий қилишни таклиф қилади.

Бу янгиликнинг муҳимлиги шундаки, дунёда АҚШ визасини олиш учун ўзбекларчалик қийналадиган халқ деярли йўқ ҳисоби. Америка визасига рад жавобини олиш бўйича нафақат Марказий Осиё, балки бутун пост-совет минтақаси ичида энг ёмон кўрсаткич айнан Ўзбекистонга тегишли. 2024 молия йилида ўзбекистонликлар АҚШга саёҳат қилиш учун B1/B2 тоифадаги виза сўраб берган аризаларнинг нақ 64 фоизига рад жавобини олган. Бу кўрсаткич бир йил ичида 5 фоизга ёмонлашган.

Тасаввур қилишингиз учун, дунёда 200 дан ортиқ мамлакат бўлса, Ўзбекистон АҚШ визасини олишнинг қийинлиги бўйича топ ўн бешталикка киради. Таққослаш учун узоққа ҳам бориш шарт эмас: қўшни тожикистонликлар ва қозоғистонликларда АҚШ визасини олиш имконияти ўзбекистонликларга қараганда 1,5 баробарга кўп. Бизда аризаларнинг 64 фоизи рад этилса, Қирғизистонда ариза берганларнинг худди шунчаси, аниқроғи 61 фоизига виза берилади. Виза олишнинг осон-қийинлигидан ташқари, унинг амал қилиш муддатида ҳам ер билан осмонча фарқ бор: агар сизда Ўзбекистон паспорти бўлса, ва агар омадингиз келса, B1/B2 визасини узоғи 1 йилга ола оласиз. Қирғизистон ва Қозоғистон ватандошларига эса бу виза 10 йилгача муддатга берилади.

Юқоридаги фармонга қайтсак. Сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида Ўзбекистон 1 июндан бошлаб учта давлат: Баҳрайн, Кувайт ва Ўмон ватандошлари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қиляпти. Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон ватандошлари эса Ўзбекистонга ички ҳужжат ёки ID-карта билан кириши мумкин бўлади. Бу борадаги музокараларни 3 ой ичида бошлаш кўзда тутилган. Эслатиб ўтамиз, ID-карта билан борди-келди қилиш 2023 йилдан бошлаб Қирғизистон билан йўлга қўйилганди.

Россия мигрантларга янги талаблар қўймоқда

Ўзбекистонда россияликларнинг кириб келишини осонлаштириш ҳақида гап кетаётган пайтда, нариги томон қўллаётган чоралар бошқачароқ бўляпти. 30 июндан бошлаб, Россияга визасиз бориш ҳуқуқига эга давлатлар фуқароларидан РФга киришда QR-код кўрсатиш талаб қилинади. Бу кодни олиш учун “Госуслуги RuID” иловасида рўйхатдан ўтиб, фотосурат ва шахсий маълумотларни киритиш, Россияда бўлиш муддатини кўрсатиш керак. QR-код олиш учун ариза сафардан камида 72 соат олдин берилиши шарт. Агар Россияга бориш зарурати тўсатдан, пайдо бўлса, аризани 4 соат қолганда ҳам топшириш мумкин. 6 ёшгача бўлган болалар учун QR-код талаб этилмайди.

Сешанба куни Давлат думаси мигрантларга алоқадор яна бир қонунни қабул қилди. Агар қонун имзоланса, 1 сентябрдан эътиборан Москва шаҳри ва Москва областида ишлаш учун рухсатнома олишни хоҳловчи мигрантлар махсус мобил иловада рўйхатдан ўтиб, бу иловага телефоннинг геолокациясини кузатиш имконини бериши керак бўлади. Бу илова қурилманинг геолокациясини Россия Ички ишлар вазирлигига узатиб туради. Агар 3 кун давомида локация ҳақида маълумот узатилмаса, мигрант тегишли рўйхатдан ўчирилади ва унга суд қарорисиз депортация хавф сола бошлайди. Мигрантнинг смартфони бўлмаса, қандай йўл тутилиши маълум эмас. Дума спикери Вячеслав Володинга кўра, эксперимент муваффақиятли чиқса, Москвадан бошқа регионларга ҳам татбиқ этилади.

Россиядаги мигрантлар ҳақида бу ҳафта Тергов қўмитаси бошлиғи Александр Бастрикин ҳам гапирди. У Россия фуқаролигини олган 20 минг нафар чет эллик Украинага қарши урушда қатнашаётганини маълум қилиб, улар ўз ватани – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонда яшашни “негадир ёқтирмаслиги”ни айтиб пичинг қилди. Ваҳоланки, кўплаб ҳолатларда марказий осиёлик мигрантлар урушга мажбуран олиб кетилаётгани, бу айниқса қамоқхоналарда авж олгани ҳаммага маълум. Мигрантлар ёнидан гиёҳванд модда топилгани важи билан қамалади, кейин урушга боришга мажбурлаш учун қўрқитилади, ёлғиз камерада қамаб қўйилиб, жазо муддатини узайтириш билан таҳдид қилинади.

Ҳафта давомида Россия парламенти ва ижро органларидан ташқари, президент идораси – Кремлдан ҳам ёқимсиз баёнотлар янгради. Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Антон Кобяков “СССР юридик жиҳатдан ҳозир ҳам мавжуд” деган сафсатани такрорлади. У шундан келиб чиққан ҳолда, Украина билан урушни “ички жараён” деб атади. Бунга жавобан Олий Мажлис депутати Алишер Қодиров Кобяковни “шамоллаган хаёлпараст” дея таърифлаб, қалбан рус дунёсига мансуб бўлганлар Россияга бориб яшаши кераклигини айтди.

Халқаро фан олимпиадаси медаллари учун мукофот миқдори оширилди

Нуфузли халқаро фан олимпиадалари ғолибларига тўланадиган пул мукофоти 5 баробарга оширилди. Президент фармонига кўра, бундан буён бешта фан бўйича тан олинган халқаро олимпиадада олтин медал олганларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2500 баробари миқдорида пул мукофоти берилади. Бу ҳозирда салкам 940 млн сўм ёки 72 минг долларга тенг. Кумуш медал соҳиблари 562 млн сўм, бронза олганлар 375 млн сўм билан тақдирланади. Ўқитувчилар ва терма жамоа раҳбарларига тўланадиган мукофот пуллари миқдори ўзгаришсиз қолди.

Маълумот учун, нуфузли халқаро олимпиадаларга физика, математика, кимё, биология ва информатика олимпиадалари киради. Ўтган йили ўзбекистонлик ёшлар бу мусобақаларда 1 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза, жами 11 та медални қўлга киритган. Спорт олимпиадаларидан фарқли равишда, бу билимли ёшларни пул билан тақдирлаш борасида ижтимоий тармоқларда фақат ижобий муносабатни кузатиш мумкин.

20 май куни имзоланган фармон билан, Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернати очилиши белгиланди. Бу, аввал айтилганидек, иқтидорли ўқувчиларни нуфузли хорижий университетларга ўқишга тайёрловчи ихтисослашган “Ҳарвардчилар мактаби” бўлади. Академик ва молиявий жиҳатдан тўлиқ мустақилликка эга бўладиган мактабда, битта ўқитувчига тўғри келадиган ўқувчилар сони 8 тадан ошмайди; битирувчиларга шаҳодатномадан ташқари, етакчи хорижий университетга кириш имконини берадиган халқаро таълим дастури дипломи ҳам берилади. Бўлажак ҳарвардчилар учун ўқув даргоҳи қурилгунига қадар, улар ал-Хоразмий номидаги ихтисослашган мактаб биноларида ўқиб туришади.

Пойтахтда транспорт янгиликлари

Тошкент метроси ТТЗгача узайтирилади. Бу ҳақда аввалроқ айтилган режалар қайта ишланиб, душанба куни президентга тақдимот қилинди. Маълум қилинишича, 1-босқичда Чилонзор йўлининг Пушкин бекатидан Феруза даҳасигача мавжуд темирйўлга параллел равишда ер юзаси бўйлаб метро йўли қурилади. 2-босқичда Ферузадан Тошкент трактор заводи даҳасигача йўналиш барпо этилади. Феруза–ТТЗ йўналишидаги метро ерости бўладими, ер устими, бу ҳақда маълумот берилмади.

Шаҳарда, шунингдек, йўл ўртасидан ўтувчи биринчи тезюрар автобус йўлаги (BRT) пайдо бўлиши кутиляпти. Шота Руставели кўчасидаги лойиҳани амалга ошириш яқин кунларда бошланиб, 1 сентябргача фойдаланишга топширилади. “Ўзгариш” чорраҳасидан бошланиб, Grand Mir меҳмонхонасигача давом этадиган реконструкция давомида автобуслар учун йўлнинг ўртасидан ўтувчи алоҳида йўлак ва бекатлар қурилади. Кейинчалик линияни Янги Сергели, Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчаларига ҳам узайтириб, Сергелидан то Юнусободгача автобусларнинг тўсиқсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиш кўзда тутилган. Лойиҳа учун бюджетдан 50 млн доллар ажратилади. Пудратчи – жами 1 млрд долларлик шартномани қўлга киритган Хитой компанияси.

Пойтахтнинг бошқа айрим кўчаларида ҳам кичик ўзгариш бўлади: сешанба куни шаҳар ҳокими имзолаган қарорга асосан, пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўта олмаслиги учун, жами 5,6 километрлик масофада темир панжаралар ўрнатиладиган бўлди. Бунинг учун салкам 1,5 млрд сўм ажратиляпти. Бундан ташқари, болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ташкил этишга 588 млн сўм ажратилди. Қавариқ, яъни қатнов қисмидан бўртиб чиқиб турадиган зебра чизиқлари шаҳарнинг 42 та нуқтасида пайдо бўлади.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Президент Шавкат Мирзиёев Венгрия ва Словенияга ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Венгрия муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига олиб чиқилди. Можаристон компанияси Ўзбекистонда қуриладиган АЭС учун қуруқ совутиш тизимларини етказиб берадиган бўлди. Будапештда, шунингдек, Туркий давлатлар президентларининг норасмий саммити ҳам бўлиб ўтди. Словенияга ташрифда эса, Ўзбекистон маҳсулотларининг Европага экспортида Копёр порти имкониятларидан фойдаланиш, ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси оқимини йўлга қўйиш каби масалаларда келишувларга эришилди.

1 июлдан бошлаб айрим шифохоналарда ойликлар оширилади. Бу – 15 та туман (шаҳар)да тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимининг янги модели жорий этилиши билан боғлиқ. Рўйхатга киритилган туман ёки шаҳар марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлиги 20 фоизга, ҳамширалар ойлиги 10 фоизга оширилиб, KPI асосида 100 фоизгача устама олиш имконияти берилади. 2026 йил 1 январдан бу тизим Самарқанд вилоятининг барча туман-шаҳарларида жорий этилиши бегиланган.

Тошкент вилоятида икки нафар ички ишлар ходими катта миқдорда пора билан ушланди. Улардан бири 20 минг доллар, иккинчиси 24 минг доллар олаётган вақтида қўлга тушган. Шунингдек, Қашқадарёда суд эксперти 1500 доллар билан, Хоразмда эса солиқ инспектори 900 доллар билан ушланди. Шунингдек, Солиқ қўмитасининг икки ходими 82 млрд сўмлик ҚҚСни ноқонуний қайтариш иши доирасида қамоққа олинди. Эслатиб ўтамиз, апрел ойидаги президент фармонига биноан, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадини декларациялаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси май ойида, яъни шу ой охиригача тайёр бўлиши керак.

Хоразмда метоллоломга топширилган снаряд портлаб кетгани маълум бўлди. Kun.uz манбасига кўра, воқеа 11 апрел куни Янгиариқ туманида рўй берган. Портлаш оқибатида темир-терсак йиғиш пунктида ишловчи 31 ёшли эркак вафот этган. Ўрганишларда воқеа жойидан 30 га яқин снаряд топилган. Мудофаа вазирлигига кўра, бу снарядлар Қуролли Кучларга тегишли эмас. 1970-йилларга оид қуролларни маҳаллий чўпонлар қазиб олиб, метоллоломга топширган. Ҳолат юзасидан ҳарбий прокуратура тергов ўтказмоқда.

Дарахт кесиш бўйича келиб тушган аризалар жамоатчиликка очиқланади. Президент қарорига биноан, 1 декабрдан эътиборан ким, қаерда, қанақа турдаги, нечта дарахтни кесиш учун ариза бераётгани тегишли платформада ҳаммага кўриниб туради. Платформада ноқонуний шағал қазиб олган шахслар ҳақида ҳам маълумот бериб борилади. Лекин ноқонуний дарахт кесганлар ҳақида маълумот бериб бориш кўзда тутилмаган.

Мавзуга оид