Жаҳон | 17:55 / 25.05.2025
4511
2 дақиқада ўқилади

КХДРда эсминецни сувга туширишда юз берган авария иши бўйича уч киши ҳибсга олинди

Ҳибсга олинганлар орасида кемасозлик корхонаси муҳандиси ҳам бор. КХДР расмийлари кемага етказилган шикаст 10 кун ичида бартараф этилишини айтмоқда.

Фото: Maxar Technologies / AFP / Scanpix / LETA

Шимолий Кореяда 21 май куни янги кемани сувга тушириш вақтида содир бўлган аварияга боғлиқ иш бўйича уч киши қўлга олинди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Чхончжин кемасозлик корхонасида кемани сувга тушириш маросими вақтида муаммо юз берган эди: эсминец тўсиққа урилиб, бир томони сувга тушмасдан қийшайиб қолганди.

Маросимда КХДР етакчиси Ким Чен Ин ҳам иштирок этган ва у содир бўлган воқеани «катта авария ва жиноят» деб атаган. Шунингдек, у мазкур ҳолатни «йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса» дея таърифлаган.

Расмийлар Чхонжин кемасозлик корхонаси муҳандиси Кан Чжон Чхолни, корпус ускуналарини йиғиш бўйича цех бошлиғи Хан Гён Хак ва маъмурий бошқарувчи Ким Ён Хакни ҳибсга олган. Айнан улар содир бўлган аварияда айбдор ҳисобланмоқда.

Жанубий Корея Штаб бошлиқлари бирлашган қўмондонлигига кўра, КХДРнинг янги эсминеци «ёнбошлаб» қолган. Сунъий йўлдош суратларида кеманинг бир қисми ерда, қолгани сувда тургани тасвирланган ва у кўк брезент билан ёпиб қўйилган. КХДР расмийлари кемага у қадар жиддий шикаст етмагани ва у 10 кун ичида бартараф этилишини маълум қилмоқда.

Мавзуга оид