Ўзбекистон | 11:46 / 26.05.2025
4921
3 дақиқада ўқилади

8 та туманда мебелчилик марказларини ишга тушириш режалаштириляпти

Ўтган йилнинг ўзида мебелсозлик йўналишида 920 та янги корхона иш бошлади. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Буни каррасига ошириш учун қатор масалаларни ҳал қилиш зарур. Масалан, мебел маҳсулотларининг 25-30 фоизи хонадонларда тайёрланяпти. Уйдаги ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтишга интилаётган мебелсозлар кўп. 

Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебел ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Ушбу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади.

Олтинкўл ва Хонқадаги “Мебелчилик маркази”да 100 дан зиёд корхона замонавий ускуналар ўрнатиб, мебел ишлаб чиқармоқда. Олдин уйидаги тор жойда мебел ясаган тадбиркорлар ҳозир яхлит комплексга жойлашиб, кластер тизимида ишлаяпти.

Шароф Рашидов, Янги Наманган, Паст Дарғом, Ўрта Чирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепада ҳам Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказларини ишга тушириш топширилди.

Мебел таннархида импорт хомашё улуши 50-60 фоизни ташкил қилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришни сўраган.

“Миллий маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик бераман”, - деди президент.

Мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мебел учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.

Ўтган йили мебел экспорти 20 миллион долларга етди. Сифат, дизайн ва брендга эътибор қаратилса, мавжуд қувватларнинг ўзида экспорт ҳозиргидан 10 карра ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.

Халқаро кўргазмаларда ижара пули компенсация қилинадиган майдон ҳозирги 20 квадратдан 40 квадрат метрга оширилади.

Мутасаддиларга малакали мутахассисларни жалб қилиб, йилига 1 минг нафар мебел усталарини замонавий кўникмаларга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.

Мавзуга оид