Жаҳон | 19:29 / 26.05.2025
1640
2 дақиқада ўқилади

Ҳавайида Килауэа вулқони отилишни бошлади

Ҳаракатга келган вулқон туфайли суткасига 50 минг тоннага яқин олтингугурт диоксиди ҳавога ажралиб чиқмоқда.

Фото: AP

Ҳавайида Килауэа — архипелагдаги энг фаол вулқонлардан бири ҳаракатга келди. Лава 300 метрдан баландроққа отилмоқда, деб хабар беради АҚШ Геология хизмати.

Қайд этилишича, вулқон 25 май куни маҳаллий вақт билан соат 16:15 дан отилишни бошлаган. Лава фавворалари Ҳалемаумау кратери устига кўтарилган, жанубий тешикдан отилган лава — 70 метрга, шимолий тешикдан отилгани эса 300 метрдан баланроққа кўтарилган.

Вулқон ҳаракати туфайли суткасига 50 минг тоннага яқин олтингугурт диоксиди ҳавога ажралмоқда. Ушбу газ смогга айланиб, нафас олишда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бу айниқса, вулқон атрофида жойлашган аҳоли пунктларида яшовчилар учун хавфли. Шунингдек, сув буғи ва карбонат ангидрид газининг юқори концентрацияси кузатилмоқда.

Вулқон оғзидан лава билан бирга, бошқа хавфли нарсалар ҳам отилмоқда. Улар орасида «Пеле сочлари» деб аталувчи ипга ўхшаш вулқон шишасидан ҳосил бўлган лава толалари ҳам бор. Ушбу зарралар шамол билан ўнлаб километр узоқликка тарқалиши мумкин.

Ҳаракатга келган вулқон 2007 йилда ташрифлар учун ёпилган «Ҳавайи вулқонлари» миллий боғи ҳудудида юз бермоқда. Лава оқимлари ҳозирча кратердан ташқарига чиққани йўқ, аммо мутахассислар Ҳалемаумау атрофидаги ёриқлардан огоҳлантирмоқда.

Шунингдек, зилзила хавфи ҳам сақланиб турибди. Ерости силкинишлари кратер деворларининг қулашига олиб келиши мумкинлиги айтилди.

Эслатиб ўтамиз, апрел бошларида Филиппиндаги Негрос оролида Канлаон вулқони ҳаракатга келганди.

Мавзуга оид