Жаҳон | 21:27 / 26.05.2025
3695
3 дақиқада ўқилади

Украина АҚШдан Patriot ракеталарини сотиб олмоқчи

Киев Қўшма Штатлар Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ўқ-дориларни Байден маъмурияти каби бепул жўнатмасдан, сотишга тайёр бўлишига умид қилмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

Трамп маъмурияти Patriot ракеталарини Украинага бериш имконияти ҳақида катта баёнотлар қилишни истамади, чунки бу Россия-Украина тинчлик музокараларига тўсқинлик қилиши мумкин. Бу ҳақда Европа расмийсига таяниб, The Washington Post нашри хабар берди.

Нашр манбасига кўра, Оқ уй бундай таъминот Россия раҳбариятини «ғазаблантириши» ва Украинадаги тинчлик жараёнига «хавф солиши» мумкинлигидан жиддий қўрқади.

Газетанинг ёзишича, Киев Қўшма Штатлар Украинага Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ўқ-дориларни Байден маъмурияти каби бепул жўнатмасдан, сотишга тайёр бўлади, деб ҳисоблайди.

The Washington Post таъкидлаганидек, Россия баллистик ракеталари тезлиги, ҳалокатли кучи ва уларни тутиб олишнинг иложи йўқлиги туфайли «Россия арсеналидаги энг самарали қуроллардан бирига» айланди. Унинг маълумотларига кўра, ўтган ҳафта охирида Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россиянинг бирорта баллистик ракетасини тутиб ололмаган. Украина разведкасининг юқори мартабали вакилининг нашрга айтишича, ҳатто PAC-3 (Patriot Advanced Capability-3) Америка Patriot ҳаво мудофаа тизимининг сўнгги ракеталари ҳам «Орешник» баллистик ракетасини тутиб олишга қодир эмас. Шунингдек, у Россиянинг «Искандер» тизими юқори самарадорлигини қайд этди.

Украина Patriot ўқ-дорилари ва баллистик ракеталарни тўхтатувчи қурилмаларга жуда муҳтож, чунки Байден берган захиралар камайиб бормоқда ва Трамп маъмурияти кўпроқ жўнатишни истамаяпти, деди разведка ходими.

Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Украина Трамп маъмуриятидан янги Patriot ракеталарини учирувчи қурилмалар ва улар учун ўқ-дорилар сўраганини маълум қилганди. Рубио сўзларига кўра, Қўшма Штатларнинг ўзида ҳозир бундай тизимлар йўқ.

Шунинг учун Вашингтон янги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юбориш ўрнига, НАТО иттифоқдошларини ўз захираларидан Patriot тизимларини беришга ундамоқда. Шу билан бирга, Рубио таъкидлаганидек, «бу мамлакатларнинг ҳеч бири Patriot тизимларидан воз кечишни хоҳламайди».

Мавзуга оид