Жаҳон | 23:08 / 27.05.2025
5380
4 дақиқада ўқилади

Океандаги олди-берди: Британия Чагос оролини нега топширди?

Келинг бугун самарасиз дипломатия ва мантиқсиз уруш мавзуларидан чалғиб, қизиқарли бир воқеа ҳақида гаплашамиз. Охирги ҳафталик дайжестимизда Британия Маврикийга Чагос оролларини қайтиб берганига тўхталгандик. Қуйида бу мавзуга кенгроқ тўхталамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қандай жой бу ўзи?

Аввало Чагос архипелаги қандай жой экани ҳақида икки оғиз. Чагос Ҳинд океани ўртасида жойлашган бир нечта ороллардан иборат ҳудуд. Умумий майдони 60 км. квадрат. Бу оролда 3 минг нафар атрофида маҳаллий аҳоли яшаши айтилади. Умумий ҳисобда 4 минг нафарга яқин одам асосан оролдаги АҚШ ва Британияга тегишли ҳарбий базага хизмат кўрсатиш учун Чагосда яшайди.

Диего-Гарсия ҳарбий базаси бу оролни аҳамиятли қиладиган муҳим объект ҳисобланади. Орол Ҳинд океани қоқ марказида жойлашгани учун ундан Яқин Шарққа ҳам, Африкага ҳам, Осиёга ҳам тезда етиб бориш мумкин. Масалан, АҚШнинг Яқин Шарқдаги миссияларини бажарадиган ҳарбий самолётлари айнан мана шу оролдаги базадан осмонга кўтарилади.

Британия ютқазган суд

Буюк Британия қироллиги 1814 йилда Чагос архипелаги устидан назорат ўрнатган. Ўшанда инглизлар оролни Франциядан олиб қўйганди. 1960-70 йилларда Британия оролдаги мингдан ортиқ тинч аҳолини мажбурлаб ҳайдаб чиқариб АҚШ ҳарбий базаси қурилишига рухсат беради. 1965 йил Чагос Маврикий таркибидан ажратиб олинади. Ўшанда Маврикий ҳам ҳали Британия тасарруфида эди. Қироллик оролни 3 миллион фунтга сотиб олади.

Лондон доим оролдан маҳаллий аҳоли ҳайдаб чиқарилгани учун узр сўраб келади. Орада икки давлат судлаша бошлайди. 2019 йил халқаро суд Британияга Чагосни тўлиқ топширишни буюради. Янги келишувга кўра эндиликда Британия ҳар йили оролдаги ҳарбий база ижараси учун 101 миллион фунт тўлайди.

Россиянинг нима алоқаси бор?

Юқорида оролнинг энг муҳим жиҳати унинг жойлашувида эканини айтгандик. Лекин яна бир жиҳат бор: охирги йилларда Маврикий Хитой, Эрон ва Россия билан муносабатларни яхшилаб келади. Бу эса америкаликларда хавотир уйғотиши аниқ. Масалан, давлат котиби Рубио бу ҳақда очиқ гапирганди.

Аслида АҚШ орол Маврикийга топширилиши тарафдори бўлмаган, лекин Трамп Стармер билан Вашингтондаги учрашув вақтида бу ишга розилик берган. Инглиз нашрларига кўра, Британия ҳудудда Россия ёки Хитой ҳар қандай ҳарбий объект қурмаслигини Чагосни топширишнинг асосий талаби сифатида қайд этган.

Ўтган ҳафта Британия бош вазири Чагосни топшириш бўйича ҳужжат имзолашидан сал аввал қизиқ бир воқеа содир бўлади. Лондон Олий судига икки чагослик туб аҳоли вакили мурожаат қилиб, оролни топшириш бўйича маҳаллий аҳоли вакилларидан ҳеч ким сўрамаганини айтади. Натижада суд бир муддат Британия ҳукуматига оролни топширишни тақиқлаб қўяди. Бироқ кечга бориб чеклов бекор бўлиб, Стармер барибир ҳужжатга қўл қўяди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид