Жаҳон | 11:00 / 28.05.2025
2932
4 дақиқада ўқилади

АҚШ дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини тўхтатмоқда

Доналд Трамп маъмурияти АҚШ элчихоналарига бутун дунё бўйлаб хорижий талабалар учун виза суҳбатларини белгилашни зудлик билан тўхтатишни буюрди. Давлат департаменти барча виза аризачиларининг ижтимоий тармоқларини текшириш тартибини жорий қилишга тайёргарлик кўрмоқда.

Фото: VnExpress

27 май куни АҚШ Давлат департаменти томонидан юборилган махфий хабарда консуллик бўлимларига «талаба ва алмашинув дастури иштирокчилари учун (Ф, М ва Ж визалари) янги виза суҳбатларини қўшишни вақтинча тўхтатиш» кўрсатилган. Бу тўхтатиш бўйича қўшимча кўрсатмалар бир неча кун ичида берилиши айтилган.

Бу ҳақда дастлаб Politico нашри хабар берди. Кейинроқ The Guardian нашри ҳам ўз манбаларига таяниб, ушбу хабарни тасдиқлаган.

«Бу кўрсатма виза жараёнларининг жиддий кечикишига ва Трамп «чап қанот мафкурасини тарғиб қилади» деб айблаган кўплаб университетларга зарар етказиши мумкин. Бу олий ўқув юртлари кўп ҳолларда хорижий талабалардан тушадиган даромадга таянади».

Департамент назарда тутган «far-left ideologies» тарафдорлари — бу университетларнинг Трамп маъмуриятига қарши чиқадиган, танқидий ва ижтимоий-сиёсий фаол позицияларини ифодалайди. Шунингдек, Фаластин тарафдори бўлган ҳамда Исроил сиёсатига қарши чиқувчи талабалар ҳам ушбу тоифага киритилган.

«Департамент талаба ва алмашинув дастури иштирокчилари учун виза аризаларини кўриб чиқиш ва текшириш бўйича амалдаги амалиёт ва жараёнларни қайта кўриб чиқмоқда», – дейилади The Guardian эълон қилган хабарномада. Расмийлар бундай аризачилар учун «ижтимоий тармоқдаги фаолликни кенгайтирилган тартибда текшириш» бўйича йўриқномани эълон қилмоқчи.

Бу қадам мавжуд текширув чораларини янада кучайтиради. Март ойидан бошлаб, консуллик ходимлари Фаластин тарафдори бўлган ҳамда норозилик намойишларида иштирок этган талабаларнинг ижтимоий тармоқдаги фаоллигини текширишга мажбур қилинган. The Guardian қўлга киритган ҳужжатларга кўра, улар «террористик фаолият ёки террористик ташкилотларга қўллаб-қувватлов кўрсатганлик аломатларини» излашлари керак бўлган, бу эса Фаластин масаласини қўллаб-қувватлашни ҳам қамраб олган. Ҳатто кейинчалик ўчирилган постлар бўлса ҳам, «потенциал салбий» деб ҳисобланган контент скриншотлари доимий равишда сақланиши буюрилган.

Янги тизим эса фақат фаолияти шубҳа остига олинганларга эмас, барча талабалар учун ижтимоий тармоқлардаги кузатувни жорий қилади. Консуллик ходимлари Instagram, Х, TikTok каби платформалардаги постлар, улашилган контент ва изоҳларни миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаши мумкин бўлган материаллар учун кўриб чиқади. Бу эса Трамп маъмуриятининг антисемитизмга қарши курашиш сиёсати билан ҳам боғланган, деб ёзади нашр.

Сенаторлар қаршисида сўзга чиққан Марк Рубио ўз департаменти ҳозиргача «минглаб» визаларни бекор қилганини, март ойида бу рақам 300 дан ортиқ бўлганини айтди. «Аниқ сонини билмайман, лекин ҳали кўп ишлар бор», – деди у.

Маълумотларга кўра, АҚШда бир миллиондан ортиқ хорижий талабалар мавжуд бўлиб, улар 2023–2024 йилларда 43,8 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий наф келтирган, 378 мингдан ортиқ иш ўрнини таъминлаган. АҚШдаги нодавлат ташкилот – Халқаро таълим берувчилар уюшмаси (NAFSA)га кўра, виза беришнинг тўхтатилиши эса аллақачон халқаро талабалар оқимининг пасайишидан азият чекаётган олий таълим муассасаларининг муаммоларини янада чуқурлаштириши мумкин. 

Мавзуга оид