Жаҳон | 18:50 / 28.05.2025
3941
3 дақиқада ўқилади

Путин Ғарбдан НАТО шарққа томон кенгаймаслиги ҳақида «ёзма кафолат» олишни истайди – ОАВ

Россиянинг бу талаби Украина, Грузия, Молдова ва илгари СССР таркибида бўлган бошқа мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш фикридан расман воз кечишини англатади.

Фото: Reuters

Россия-Украина урушига чек қўйиш учун Владимир Путин Ғарб етакчи давлатларидан НАТО шарқ томон кенгаймаслиги ҳақида «ёзма кафолат» олишни истамоқда, деб хабар берди Reuters Кремль позициясидан хабардор манбаларга таяниб.

Россиянинг бу талаби Украина, Грузия, Молдова ва илгари СССР таркибида бўлган бошқа мамлакатларнинг иттифоққа қўшилиш фикридан расман воз кечишини англатади.

Шунингдек, тинчлик келишуви эвазига Россия қуйидагиларни талаб қилмоқда:

- Украина «нейтрал бўлиши керак» (Reuters бу нимани англатишини ёзмади);

- Ғарбнинг баъзи санкциялари бекор қилиниши лозим;

- Россиянинг музлатилган активлари масаласи Ғарбда «ижобий ҳал қилиниши» керак;

- Украинада рус тилида сўзлашувчиларнинг ҳимояси таъминланиши лозим.

«Путин тинчлик ўрнатишга тайёр, лекин баъзи шартлар билан», деди Reuters манбаларидан бири.

Агар Путин ўз шартлари билан тинчлик келишувига эриша олмаслигини тушунса, деди манбаларидан бири, у украиналиклар ва европаликларга «эртага тинчлик янада аламлироқ бўлишини» ҳарбий ғалабалар билан исботлашга интилади.

Кремль санкциялар ва иқтисодиёт учун оқибатларига қарамай, йиллар давомида уруш олиб боришга ишонади, деб қўшимча қилди у. Ва агар Путин жанг майдонида тактик имкониятни кўрса, Украинада янада олдинга силжийди, деб огоҳлантирди манба.

Яна бир манбанинг айтишича, Путин энди ҳудуд бўйича муроса қилишга унчалик мойил эмас ва Россия аннексия қилинган Украинанинг барча тўртта вилоятини ўз назоратида қолдириши керак деган позициясига амал қилмоқда. «Путин ўз позициясини кескинлаштирди», деди у.

АҚШ воситачилигида Россия-Украина урушини тугатиш бўйича музокаралар февраль ойидан бери давом этмоқда, бироқ ҳозирча сезиларли муваффақиятга эришилмади.

Киев ва Европа Москвани музокараларни чўзаётганликда айбламоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп урушни имкон қадар тезроқ тугатишни хоҳлашини бир неча бор таъкидлаган. Вашингтон музокаралар муваффақиятсизликка учраса, ундан чиқиш ва Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этиш билан таҳдид қилган.

Сўнгги кунларда Трамп бир неча бор Владимир Путиндан норозилигини билдирди. Трамп шу ҳафта охиригача Россияга қарши янги санкциялар жорий этишни кўриб чиқмоқда.

Мавзуга оид