Жаҳон | 12:35 / 28.05.2025
3241
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Канада "Олтин гумбаз" ҳимоясини 61 млрд долларга олади

Трампнинг айтишича, Канада АҚШнинг 51-штатига айланиб, «Олтин гумбаз» ҳаво мудофаа тизимига «нол доллар» эвазига қўшилиш таклифини «кўриб чиқмоқда».

Фото: Оқ уй

АҚШ президенти Доналд Трамп Канада АҚШнинг келажакдаги «Олтин гумбаз» ҳаво мудофаа тизимига қўшилишни истаса, тўлаши керак бўлган нархни айтди: 61 миллиард доллар. Шу билан бирга, Канада АҚШга 51-штат сифатида қўшилишни истаса, худди шу хизмат «нол доллар»га тушади, деб ёзди Трамп 27 май, сешанба куни Truth Social ижтимоий тармоғида.

«Мен бизнинг ажойиб «Олтин гумбаз» тизимимизнинг бир қисми бўлишни хоҳлаётган Канадага, агар улар алоҳида, аммо тенг бўлмаган давлат бўлиб қолса, бу 61 миллиард долларга тушишини, аммо бизнинг 51-штатимиз бўлса, нол долларга тушишини айтдим. Улар буни кўриб чиқмоқдалар!» — дейилади унинг постида.

Канаданинг CBC медиа компанияси хабар беришича, Трампнинг баёноти Канадада расмий давлат раҳбари бўлган Буюк Британия қироли Чарлз III ушбу мамлакат парламентида нутқи билан чиққан куннинг ўзидаёқ эълон қилинган. Унда у Канада ҳукумати номидан «канадаликлар ва уларнинг суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишга» ваъда берган.

Чарлз III мамлакатга Канада бош вазири Марк Карни таклифига биноан келган. BBC медиа компанияси эслатганидек, Британия монархи Канада парламентида охирги марта 48 йил олдин нутқ сўзлаган: «Бу Чарлзнинг онаси қиролича Елизавета II эди».

Мавзуга оид