Ўзбекистон | 13:12 / 29.05.2025
2004
8 дақиқада ўқилади

Ғазога ёрдамни қуролга айлантирган Исроил, Россияга қарши санкциялар ҳақида ўйлаётган Трамп ва Канада учун 61 миллиардлик «Олтин гумбаз» – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Ғазога ёрдам: «босқинчиларнинг ўқ ёмғири остида ўлим тузоғи»

Сўнгги 48 соат ичида Ғазода АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган ва кўп танқид қилинган инсонпарварлик ташкилоти Gaza Humanitarian Foundation'дан ёрдам излаётган камида 10 нафар фаластинлик Исроил кучлари томонидан ўлдирилди. Бу ҳақда қамал остидаги Ғазо расмийларига таяниб, Al-Jazeera хабар бермоқда.

Ҳукумат баёнотида Исроил кучлари «ёрдам олиш учун йиғилган оч фаластинлик фуқароларга тўғридан-тўғри ўқ узгани» айтилган. Камида 62 киши яраланган. Ўқ узиш ҳолатлари аниқ қайси кунларда содир бўлгани ёки нечта алоҳида ҳодиса бўлгани дарҳол аниқланмаган, бироқ икки кун давомида қурбонлар бўлган.

«Бу жойлар босқинчиларнинг ўқ ёмғири остида ўлим тузоғига айлантирилди», — дейилади баёнотда. Бу воқеалар «ваҳший жиноят» сифатида баҳоланган.

Ўз навбатида, GHF чоршанба куни Ғазода режалаштирилган тўрт тарқатиш марказидан иккинчисини ишга туширганини билдирди. Бу масала Нью-Йоркдаги БМТ Хавфсизлик Кенгашининг мажлисида ҳам кўтарилди. Жазоир, Франция ва Буюк Британия вакиллари Исроилдан ёрдам етказилишига тўсиқсиз рухсат беришни сўради.

Мазкур марказлар инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш тизимининг бир қисмидир. Бироқ БМТ расмийлари ва гуманитар ташкилотлар бу тизимни кескин танқид қилиб келмоқда. Уларнинг фикрича, агар Исроил ёрдамларга рухсат берса, малакали ташкилотлар ёрдамни хавфсиз ва кенг миқёсда етказиб бера олади.

Фаластиннинг БМТдаги элчиси Риёд Мансур Исроилни «ёрдамни уруш қуролига айлантираётганликда» айблади. Исроилнинг БМТдаги элчиси Дани Даннон эса БМТни «ёрдамга тўсқинлик қилаётганликда» айблади ва Исроилни геноцидда айблаган БМТнинг ҳуманитар масалалар бўйича раҳбари Том Флетчердан баёнотини рад этишни талаб қилди.

Ғазо соғлиқни сақлаш бўлинмаси хабарига кўра, чоршанба тонгидан бери Ғазога уюштирилган Исроил ҳужумларида камида 63 киши ҳалок бўлган. 2023 йил 7 октябрдан бери қурбонлар сони камида 54 минг кишидан ошиб кетди. Жароҳатланганлар сони эса 123 308 киши.

Ғазода атиги 17 та шифохона қисман ишламоқда, дорилар ва кислород етишмовчилиги эса жуда жиддий. Бунга қўшимча равишда, Қизил Хоч ташкилоти жанубий Ғазодаги ал-Маваси ҳудудидаги дала шифохонаси чоршанба эрталаб Исроил ўқига нишон бўлганини, бу эса беморлар орасида ваҳима ва жароҳатларга сабаб бўлганини маълум қилди.

Трамп Россияга қарши санкцияларни кучайтириш ҳақида ўйлаяпти

АҚШ президенти Доналд Трамп Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича муваффақиятсиз уринишлардан сўнг шу ҳафтада Россияга қарши янги санкциялар киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси Трампга яқин манбаларига таяниб хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, Оқ уй раҳбари Россия президенти Владимир Путин томонидан Украинага қарши давом этаётган ҳужумлар, шунингдек, музокаралар жараёнининг сустлигидан тобора кўпроқ норози бўлмоқда.

Нашр манбаларидан бири таъкидлаганидек, янги чекловлар Россия банк секторига қарши чораларни ўз ичига олмайди. Шу билан бирга, Путинни музокаралар столида ён беришга мажбурлаш учун унга босим ўтказишнинг бошқа вариантлари, жумладан, Украина расмийлари томонидан қўллаб-қувватланган 30 кунлик ўт очишни тўхтатишга рози бўлиш ҳам муҳокама қилинмоқда.

Бироқ бу борада якуний қарор ҳали қабул қилинмаган ва Трамп янги санкциялар жорий этишдан бош тортиши мумкин, деб ёзади нашр.

Европа Иттифоқи Сурияга қарши санкцияларини бекор қилди

Европа Иттифоқи Сурияга нисбатан барча иқтисодий санкцияларини бекор қилди. ЕИ кенгаши хабарида – Суриянинг 24 та тузилмаси жумладан, Марказий банки ҳам «қора рўйхат»дан чиқарилгани айтилади.

«Кенгаш Сурияга нисбатан хавфсизлик масалалари билан боғлиқ бўлмаган барча иқтисодий чеклов чораларини бекор қилувчи ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилди. [Ҳуқуқий ҳужжатларнинг] қабул қилиниши 20 май куни эълон қилинган сиёсий қарорни расмийлаштиради ҳамда Сурия халқини мамлакатни бирлаштириш ва тиклаш йўлида қўллаб-қувватлашга қаратилган», — дейилади кенгаш баёнотида.

Шу билан бирга, Евроиттифоқ расмийлари Сурия собиқ президенти Башар Асад режимига алоқадор шахслар ва ташкилотларга нисбатан санкцияларни 2026 йил 1 июнга қадар узайтирди.

23 май куни АҚШ Молия вазирлиги ҳам Сурияга қарши санкциялар юмшатилганини эълон қилганди.

Трамп: Канада «Олтин гумбаз» ҳимоясини 61 млрд долларга олади

Трамп Канада АҚШнинг келажакдаги «Олтин гумбаз» ҳаво мудофаа тизимига қўшилишни истаса, тўлаши керак бўлган нархни айтди: 61 миллиард доллар. Шу билан бирга, Канада АҚШга 51-штат сифатида қўшилишни истаса, худди шу хизмат «нол доллар»га тушади, деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида.

«Мен бизнинг ажойиб «Олтин гумбаз» тизимимизнинг бир қисми бўлишни хоҳлаётган Канадага, агар улар алоҳида, аммо тенг бўлмаган давлат бўлиб қолса, бу 61 миллиард долларга тушишини, аммо бизнинг 51-штатимиз бўлса, нол долларга тушишини айтдим. Улар буни кўриб чиқмоқдалар!» — дейилади унинг постида.

Канаданинг CBC медиа компанияси хабар беришича, Трампнинг баёноти Канадада расман давлат раҳбари бўлган Буюк Британия қироли Чарлз III ушбу мамлакат парламентида нутқи билан чиққан куннинг ўзидаёқ эълон қилинган. Унда у Канада ҳукумати номидан «канадаликлар ва уларнинг суверен ҳуқуқларини ҳимоя қилишга» ваъда берган.

Чарлз III мамлакатга Канада бош вазири Марк Карни таклифига биноан келган. BBCга кўра, Британия монархи Канада парламентида охирги марта 48 йил олдин нутқ сўзлаган: «Бу Чарлзнинг онаси қиролича Елизавета II эди».

Евроиттифоқ 150 млрд евролик SAFE мудофаа фондини тузди

Европа Иттифоқи Кенгашининг эълон қилинган баёнотига кўра, Европа Иттифоқи 150 миллиард евролик Security Action for Europe (SAFE) мудофаа фондини яратишни маъқуллади.

Пресс-релизда айтилишича, янги жамғарма «қўшма харидлар орқали мудофаа саноати ишлаб чиқаришига сармоя киритмоқчи бўлган аъзо давлатларни қўллаб-қувватлайди» ва «Европанинг мудофаа технологик ва саноат базасига шошилинч ва кенг кўламли сармояларни» молиялаштиради.

«Мақсад ишлаб чиқариш қувватини ошириш, керак бўлганда мудофаа ускуналари мавжудлигини таъминлаш ва мавжуд имкониятлар бўшлиқларини тўлдириш, натижада Европа Иттифоқининг умумий мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш», — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, SAFE Европа Иттифоқига Украинани «мудофаа саноатини бошиданоқ қўшиш орқали» қўллаб-қувватлашни давом эттириш имконини беради.

Зеленский Путин ва Трамп билан учтомонлама учрашув ўтказишни таклиф қилди

Украина президенти Владимир Зеленский Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида учтомонлама учрашув ўтказишни таклиф қилди, деб хабар берди AFP.

«Агар Путин иккитомонлама учрашувдан қониқмаса ёки ҳамма унинг учтомонлама бўлишини истаса, мен ҳеч қандай эътирозим йўқ. Мен ҳар қандай форматга тайёрман», деди Зеленский 27 май куни журналистларга.

Украина президенти «ўзи, Трамп ва Путин» учрашувига «тайёр» эканини қўшимча қилди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин ва Зеленскийнинг эҳтимолий учрашуви бўйича Москванинг позициясида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтди.

Мавзуга оид