Ўзбекистон | 17:52 / 29.05.2025
1573
2 дақиқада ўқилади

Қонунбузарликда гумон қилинганларнинг хорижга чиқишини вақтинча тақиқловчи қонун маъқулланди

Жиноят-процессуал кодекси янги боб билан тўлдирилиши кутилмоқда.

Фото: msk1.ru

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жиноят процессида мажбурлов чоралари институти такомиллаштирилаётганлиги муносабати билан қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Қонун билан Жиноят-процессуал кодексига ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги ва «Судлар тўғрисида»ги қонунларга бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Жумладан, Жиноят-процессуал кодекси янги боб билан тўлдирилиб, унда Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш мақсади ва асослари, Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш, бундай илтимосномани кўриб чиқиш, суд ажрими, Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаб қўйиш ёки чеклашни рад этиш каби нормалар баён этилган.

Бундан ташқари, «Судлар тўғрисида»ги ҳамда «Прокуратура тўғрисида»ги қонунларга судлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш, шунингдек, прокурорлар томонидан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида илтимосномани кўриб чиқиш ва рози бўлган тақдирда судларга киритишни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлашга, одил судловнинг сифатини янада оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятли.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид