Иқтисодиёт | 18:41 / 29.05.2025
1251
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда 15 давлат Марказий банклари раҳбарлари молиявий инклюзивлик ва “яшил молия” бўйича мулоқот ўтказди

Самарқанд шаҳрида 26-28 май кунлари Шарқий Европа ва Марказий Осиё сиёсат ташаббуси (ECAPI)нинг 15-йиғилиши бўлиб ўтди. Молиявий инклюзивлик бўйича алянс (AFI) томонидан Ўзбекистон Марказий банки ҳамкорлигида ташкил этилган йиғилишда 15 та мамлакатдан давлат регуляторлари, халқаро ташкилотлар, ривожланиш институтлари ва мутахассислар иштирок этиб, молиявий инклюзивлик ва яшил молия мавзуларини муҳокама қилишди.

Фото: Марказий банк

Самарқанд 26-28 май кунлари Шарқий Европа ва Марказий Осиё сиёсат ташаббуси (ECAPI)нинг 15-йиғилишига мезбонлик қилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишнинг асосий мақсади — молиявий инклюзивлик, барқарор ривожланиш ва инклюзив “яшил молия” соҳаларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, самарали сиёсатларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда регуляторлар ролини кучайтиришдир.

Уч кунлик йиғилиш йўналиши билим ва тажриба алмашиш, ечимлар ишлаб чиқиш, “Reguton” шаклидаги амалий тадқиқотлар ва халқаро ташкилотлар билан мулоқотдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Монголия, Шимолий Македония, Миср, Фижи ва бошқа мамлакатлардан 100 нафардан ортиқ иштирокчи қатнашди.

Биринчи кунда кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш масаласи муҳокама қилинди. Қатнашчилар KO’B учун анъанавий ва муқобил молия манбалари (краудфандинг, факторинг ва бошқалар) орқали молиявий имкониятларни кенгайтириш бўйича тажриба алмашди.

Шунингдек, яшил молия маҳсулотлари ва молиявий саводхонлик, молиявий билимларнинг КЎБ ва аҳоли ўртасида инклюзив “яшил молия”ни (IGF) илгари суришдаги аҳамияти муҳокама қилинди.

ECAPIʼнинг IGF бўйича декларацияси лойиҳасини ишлаб чиқиш доирасида минтақавий устуворликларга асосланган кўп томонлама ҳужжатни тайёрлаш ишлари бошланди.

Тадбирда мамлакатлар рақамли трансформация, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқлим молияси бўйича амалга оширилаётган ҳамда режалаштирилаётган ташаббусларини тақдим этди.

Нутқ сўзлайдиганлар қаторида Миср, Арманистон, Қозоғистон, Монголия, Шимолий Македония ва Ўзбекистон Марказий банклари вакиллари бор.

Иккинчи кун тўлиқ “Reguton” — регуляторлар марафони шаклида ўтди. Унда иштирокчилар агросаноат, ахборот технологиялари, туризм ва ҳунармандчилик соҳаларидаги кичик корхоналарга ташриф буюриб, Ўзбекистонда KO’B билан молиявий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик тажрибасини ўрганди.

Якунловчи кун халқаро молиявий институтлар билан стратегик мулоқотга бағишланди. Унда мавжуд ташаббуслар кўриб чиқилиб, молиявий инклюзия ва иқлим молияси соҳаларидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.

Минтақа ва Ўзбекистон учун аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2018 йилдан бери Молиявий инклюзия бўйича алянс (AFI) аъзоси ҳисобланади. ECAPIʼнинг 15-йиғилишига Ўзбекистон мезбонлик қилиши мамлакатнинг минтақавий молиявий ислоҳотлардаги фаол иштирокини кўрсатади. 2025 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ECAPIʼда раисликни ўз зиммасига олади ва минтақада молиявий инклюзия соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттиради.

Маълумот учун: ECAPI аъзо мамлакат ва ташкилотларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Арманистон Марказий банки, Қозоғистон Республикаси Молия бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги (уюшган аъзо), Монголия Молиявий назорат комиссияси, Шимолий Македония Республикаси Миллий банки, Тожикистон Миллий банки киради.

Мавзуга оид