Ўзбекистон | 13:55 / 29.05.2025
3155
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Италия стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашини эълон қилди

Самарқандда Жоржа Мелонининг ташрифи доирасида Ўзбекистон–Италия музокаралари бўлиб ўтди. Икки давлат стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисида декларация қабул қилди. Бизнесга кўмак дастурлари кенгайтирилади. Ўзбекистонда Тушия университети филиали очилиши, тўртта университет билан диплом дастурлари йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Италия бош вазири Жоржа Мелони расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Кеча, 28 май куни оқшомда Самарқандга кетиб келган меҳмонни аэропортда шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Шундан сўнг Жоржа Мелони Ўзбекистон президенти ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони ва “Боқий шаҳар” мажмуаси билан танишди.

Италия бош вазирига Ўзбекистон халқининг бой маданий мероси, ҳунармандчилик ва амалий санъатини акс эттирувчи кўргазмалар намойиш қилинди. Рақс жамоаларининг чиқишларидан иборат маданий дастур ташкил этилди.

29 май куни тонгда Конгресс маркази олдидаги майдонда Италия етакчисини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Фахрий қоровул саф тортди, ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёв ва Жоржа Мелонининг юзма-юз ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

Икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

2023 йил июн ойида Рим шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми, шу жумладан етказиб берилаётган маҳсулотлар турининг кенгайгани ҳисобига қарийб 3 баробар ошди. Қўшма корхона ва лойиҳалар сони 2 баробар кўпайди. Италиянинг етакчи компаниялари билан металлургия, электротехника, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, туризм ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли кооперация йўлга қўйилган.

Ўзбекистон делегацияси Венециядаги биенналеда фаол иштирок этди, Флоренцияда кўргазма ўтказилди. Ўтган йил декабр ойида Рим ва Виарежо шаҳарларида Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда Турин ва Пиза университетларининг филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Апрел ойида ректорларнинг иккинчи форуми самарали ўтди.

Томонлар фаол сиёсий алмашинувни давом эттиришни қўллаб-қувватладилар.

Жорий йил апрел ойида Самарқандда ўтган самарали саммитга мувофиқ Европа Иттифоқи институтлари билан фаол ҳамкорлик давом эттирилади. Амалий натижаларга эътибор қаратган ҳолда "Марказий Осиё – Италия" саммитини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Савдо соҳасида бизнесга техник кўмак дастурларини кенгайтиришга келишиб олинди. Европа Иттифоқи бозорига чиқиш учун ўзбекистонлик экспортчиларни ўқитиш, Тошкентда қўшма Сертификатлаш марказини ташкил этиш, Мувофиқликни баҳолаш тўғрисидаги битимни қабул қилишни тезлаштириш шулар жумласидан.

Шавкат Мирзиёев Италиянинг етакчи компаниялари билан Технологик шериклик дастурини ишга туширишни таклиф қилди.

Хусусий тадбиркорликнинг инновацион лойиҳалари, ўта муҳим минераллар ва қишлоқ хўжалиги хомашёсини чуқур қайта ишлаш, автомобилсозлик учун бутловчи қисмлар, электротехника, энергетика, озиқ-овқат, фармацевтика, қурилиш саноатида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, тўқимачилик, чарм, мебелсозлик ва бошқа тармоқлар учун дизайн марказларини ташкил этиш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.

Бундай лойиҳалар Европа оператори бошқарувида Тошкент вилоятида ташкил этиладиган саноат паркида жойлаштирилиши мумкин.

Лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмларини ишга тушириш учун қўшма инвестиция жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, Италиянинг "SACE" ва "SIMEST" давлат агентликларини жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.

Комплекс "йўл харитаси" асосида қишлоқ хўжалигида кенг кўламли илмий-технологик ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Узум, зайтун, заъфарон, сарсабил етиштириш, агролабораториялар ташкил этиш, биотехнологияларни ривожлантириш ва агросуғуртани жорий қилиш бўйича кооперация истиқболлари қайд этилди.

Янги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро гуруҳ ишини қайта тиклаш ва унинг йиғилишини бизнес форуми билан бирга ўтказишга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Италия ҳудудлари ўртасидаги шериклик муносабатларини кенгайтириш доирасида Ломбардия губернатори Аттилио Фонтана ташрифи ва биринчи Ҳудудлар форуми доирасида амалий натижаларга эришиш муҳим экани таъкидланди.

Таълим соҳасида мамлакатимизда Тушия университети филиалини, Пиза, Тренто, Рома Тре ва Ка-Фоскари университетлари билан икки томонлама диплом дастурларини ишга тушириш режалари қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистонда Италия маданияти кунларини ўтказишга келишиб олинди.

Ташриф доирасида меҳнат миграцияси соҳаcида тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан қайд этилди.

Учрашув якунида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комплекс "йўл харитаси"ни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси бош вазири Жоржа Мелони Стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилди.

Улар ҳузурида ташриф доирасида имзоланган битимларни алмашиш маросими ҳам ўтказилди. Бу битимларга, жумладан, қуйидагилар киради:

  • инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисида;
  • стратегик аҳамиятга эга хомашё соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;
  • миграция ва ҳаракатланиш эркинлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;
  • барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, маданий меросни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида;
  • Иқлим жамғармаси ва Италия қишлоқ хўжалиги конфедерацияси билан ҳамкорлик, "Sogesid" ва "Ansaldo" компаниялари билан "яшил" ривожланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида;
  • Тушиа, Пиза ва Турин университетлари билан шериклик тўғрисидаги икки томонлама битимлар.

Шунингдек, расмий ташриф доирасида Италия Миллий тадқиқотлар маркази, "SIMEST" ва "Danieli" компаниялари, Перужа университети ҳамда бошқа ташкилотлар билан қатор ҳужжатлар имзоланди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Италия музокаралари якунида халқаро Конгресс-марказида Самарқанд шаҳридаги кўчага Рим шаҳри номини беришга бағишланган тантанали маросим ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев ушбу қарор чуқур тарихий ва маданий алоқалар, стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги юксак даражасини инобатга олган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон ва Италия халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурмат рамзи сифатида қабул қилинганини таъкидлади.

Мавзуга оид