Ўзбекистон | 22:30 / 30.05.2025
2291
6 дақиқада ўқилади

30 май янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё—Италия» саммитида иштирок этиш учун Остонага борди, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият бўйича маълумот берилди, Хоразм ва Сирдарёда фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилди — ўтган кун давомида Kun.uzʼда ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё—Италия» саммитида иштирок этади 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифига биноан 30 май куни Остонага етиб борди.

Остона халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Қозоғистон бош вазири Олжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Ўзбекистон етакчиси Остона шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий Осиё–Италия» форматидаги олий даражадаги саммитда иштирок этади.

Тадбирда минтақа мамлакатлари етакчилари ва Италия бош вазири Жоржа Мелони иштирок этиши кўзда тутилган.

Кун тартибига мувофиқ кўп қиррали ҳамкорликни, энг аввало «яшил» иқтисодиёт, инвестициялар, инновациялар, фан ва таълим соҳаларида янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.

 

Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлиги айтилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков коронавируснинг янги тўлқини дунёни қамраб олаётгани ҳақида тарқалган сўнгги хабарларга муносабат билдирди.

«Шу йил март ойида коронавируснинг Хитойда аниқланган NB.1.81 штамми баъзи мамлакатлар бўйлаб тарқалаётгани ҳақида маълумотлар бор. Лекин COVID-19’нинг янги тўлқини дунёни қамраб олмоқда деган хабарлар асоссиз», – дейди мутахассис.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 2024 йил 13 апрелдан коронавирус билан касалланиш бўйича кундалик ахборот бериб боришни тўхтатгани, давлатлар миқёсида ҳам шундай экани қайд этилган.

Шунинг ўзиёқ сайёрада коронавирус бўйича эпидемиологик вазият барқарор эканини англатади. Қолаверса, коронавируснинг янгги штамми кенг кўламда ёйилаётганига доир маълумотларни ЖССТ расман тасдиқлагани йўқ.

Нурмат Отабеков дунёда коронавирус бўйича шов-шувли ахборотларни тарқатишдан манфаатдор гуруҳлар борлиги сир эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, айни кунларда эълон қилинаётган бу каби маълумотларни ҳам шундай изоҳласа тўғри бўлади. Чунки Ер юзида янги тўлқиннинг кузатилиш эҳтимоли қарийб нолга тенг.

«Ўзбекистон мисолида айтадиган бўлсак, мамлакатимизда эпидемиологик вазият барқарор. Аҳолида коронавирус штаммига нисбатан оддий респиратор касалликларга бўлгани сингари муносабат аллақачон шаклланган.

Чунки мазкур касалликни диагностика қилиш, даволаш имкониятига эгамиз. Ўз навбатида, одамларда бу хасталикка нисбатан жамоавий иммунитет вужудга келган. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ер куррасида ҳолат шундай», — дейди мутахассис.

Шунингдек, Отабеков ҳозиргача дунёда коронавируснинг 45 мингга яқин мутациялари юзага келгани ва ҳамон бу жараён тўхтагани йўқлигини маълум қилди. Бироқ ўтган даврда улардан фақат 10-15 таси касаллик чақирган холос. 

Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудида қайси вируслар айланиб юрганини кузатиб борувчи мониторинг тизими йўлга қўйилган, тегишли лабораторияларда беморлардан олинган вирус намуналари доимий равишда текширилиб, таҳлил қилиб борилмоқда. 

 

Ўзбекистон ва Италия атом энергияси соҳасида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Италия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида узоқ муддатли, барқарор ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олди.

Хусусан, «Ўзатом» агентлиги ва Италиянинг Ansaldo Energia S.p.A. компанияси ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжат Италия компаниясининг илғор технологиялари ва тажрибасини қўллаган ҳолда кадрлар ва илмий-техник салоҳиятни ошириш, саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган.

Ansaldo Energia S.p.A. – Европа энергетика секторининг етакчи компанияларидан бири бўлиб, энергетика ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, бош-монтаж ва созлаш, ҳамда энергетика ускуналарига кафолатли ва ундан кейинги хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича хизматларни тақдим этади.

Ушбу ташкилот ўзининг шуъба компанияларидан бири орқали атом соҳасидаги барча фаолиятни қамраб олади, янги атом электр станцияларини лойиҳалаш ва қуришда инновацион ечимларни ишлаб чиқишга, эксплуатациядан чиқарилган атом станцияларини хавфсиз демонтаж қилишни таъминлашга, шунингдек, радиоактив чиқиндиларни бошқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратади.

 

Хоразм ва Сирдарёда фирибгарлик ҳолатлари аниқланди

Хоразм вилоятидаги туманлардан бирининг Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўлими бошлиғи 10 минг доллар олаётганида ушланди. Маълум бўлишича, у хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган минерал ўғитлар ва биокомплекслар савдоси билан шуғулланувчи МЧЖга тегишли 27 тонна «Биостимулятор» ўсимликлар озуқасини маҳаллий фермер хўжаликларига қиммат нархларда сотиш учун шартнома тузишда амалий ёрдам беришни ваъда қилган.

Сирдарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса «Гулистоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлими кичик, ўрта бизнес ва бюджет истеъмолчилари билан ишлаш бўлинмасининг етакчи муҳандиси ушланди. У маҳаллабай ишлаш хизмати бошлиғи билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаронинг хонадонида табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати юзасидан аниқланган 164 миллион сўмлик зарар суммасини 14 миллион сўмгача камайтириб бергани эвазига 1000 АҚШ доллари талаб қилган. 

ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Бош прокуратура департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда муҳандис ушбу пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган. 

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид