Жаҳон | 13:46 / 30.05.2025
3576
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Россия билан Европа узра ҳаво жанги сценарийларини ўрганмоқда

Таҳлилчиларга кўра, Россия билан уруш бошланган тақдирда НАТО ҳавода ҳал қилувчи устунликка эга бўлади. Тадқиқот муаллифларининг фикрича, НАТО ва Россия ўртасидаги можаро Украинадаги урушдан сезиларли фарқ қилади.

Фото: JOHN THYS/AFP/Getty Images

Американинг Rand Corporation тадқиқот ташкилоти 29 май, пайшанба куни эълон қилинган таҳлилий ҳисоботида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари топшириғига кўра, НАТО ва Россия ўртасидаги эҳтимолий ҳарбий можаронинг боришини башорат қилди. Таҳлилчилар Шимолий Атлантика алянси ҳавода ҳал қилувчи устунликка эга бўлади ва бу фаразий қарама-қаршилик натижаларида асосий рол ўйнаши мумкин деган хулосага келди.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, НАТО ва Россия ўртасидаги эҳтимолий можаро Украинадаги урушдан сезиларли даражада фарқ қилади. «Биринчи ва, эҳтимол, энг муҳими, НАТОнинг ҳаводаги устунлиги Россия-Украина урушидаги ҳозирги қуруқликдаги операцияларни тавсифловчи позициядаги турғунликни йўқотиши мумкин», — дейилади ҳисоботда.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари сўнгги уч йил ичида Украинадаги урушдан олган сабоқларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Улар орасида Россия ва Украина ўртасидаги жанговар ҳаракатларда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган кичик учувчисиз учоқлар ва радиоэлектрон кураш технологияларидан фойдаланишда НАТО давлатларининг ортда қолиши ҳам бор.

Бундан ташқари, экспертлар Ғарбда НАТО мудофаа саноати зарур ҳажмда ўқ-дориларни ишлаб чиқара олмаслиги билан боғлиқ жиддий заифликларни, айниқса, Россия имкониятлари фонида қайд этмоқда. Бироқ, бу қийинчиликларга қарамай, алянс зарба кучи бўйича муҳим устунликни сақлаб қолади, дейилади Rand ҳисоботида.

Мавзуга оид