Жаҳон | 09:34 / 31.05.2025
1860
2 дақиқада ўқилади

Америкалик профессор: «Фаластин масаласи - инсониятнинг умиди»

Сиёсатшунос Энн Нортон фикрича, Фаластин кураши бутун дунё ёшларини илҳомлантирмоқда, АҚШ эса эркинлик мамлакати сифатидаги обрўсини йўқотмоқда.

Фото: AP

Америкалик сиёсатшунос ва ёзувчи, профессор Энн Нортон Фаластин қаршиликларини бутун инсониятнинг умиди деб атади ва Фаластин муаммоси бутун дунёдаги сиёсий қарашларга, айниқса, ёшларнинг сиёсий онгини шакллантиришга таъсир кўрсатишини таъкидлади.

26-30 май кунлари Истанбулда илк бор ўтказилган ReOrient: Critical Muslim Studies ёзги мактаби доирасида «Анадолу» нашри билан суҳбатлашган Нортон Ғазодаги воқеалар минтақавий можаро доирасидан ташқарига чиқиб, бутун дунёда демократик талабларнинг янги тўлқини манбаига айланиб бораётганини таъкидлади.

«Қўшма Штатлар ва бошқа мамлакатларда биз мисли кўрилмаган даражадаги авторитаризмга дуч келмоқдамиз, - деди у. - Лекин унга талабалар лагер ташкил қилиб, кўчаларда норозилик билдиришмоқда. Умид қиламанки, бу ҳақиқатан ҳам кучли ва озод қилувчи нарсага олиб келади».

АҚШнинг Ғазодаги фожиадаги роли чуқур шармандалик манбаи, дейди у. Шу билан бирга, Нортоннинг таъкидлашича, «Ғазо аҳолисининг чидамлилиги, эркинликка интилиши ва шафқатсиз ҳарбий кучга қаршилик кўрсатиш қобилияти» барча, жумладан, бутун дунёдаги мусулмонлар учун муҳим сабоқдир.

«Талабалар Ғарб позициясидан ташқари манбаларни ўқийди, тадқиқ қилади ва маслаҳат беради. Муқобил оммавий ахборот воситалари ва нашрлар уларга Фаластинни ҳам, ўз ҳаётларини ҳам тушунишга ёрдам беради», деди профессор.

Нортон, шунингдек, оммавий ахборот воситаларининг босимига эътибор қаратди: «Ғарб оммавий ахборот воситалари Фаластин тарафдорларига овоз беришни истамаяпти, лекин одамлар муқобил платформаларни топишмоқда. Изоҳларда улар ҳукмрон позицияга қарши норозилик билдиришмоқда».

У, шунингдек, санъат оламининг ҳиссасини таъкидлади: «Рассомлар ва мусиқачилар Фаластинни қўллаб-қувватлаб, овозларини кўтармоқдалар. Ҳатто университетдаги норозилик намойишлари ҳақидаги рэп қўшиқлар ҳам оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлганидан сўнг, кенг аудиторияда оммалашмоқда».

Мавзуга оид