«Ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди» — Абдулазиз Комилов Марказий Осиёда 2016 йилгача бўлган муҳит ҳақида
Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов қўшни давлатлар билан алоқалар кескинлашиб кетган пайтларни эслади. «Агар вазият ўша шаклда давом этганида, ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди», деди собиқ ташқи ишлар вазири. «Очиғини айтиш керак, ўзимиз ҳам ўз қўлимиз билан муаммоларни яратдик. Агар булар ҳал бўлмаганда, жуда бир ёмон оқибатга олиб келарди», дея қўшимча қилди у.

Ishonch.uz видеосидан кадр
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Ishonch.uz сайтига интервю берди. Узоқ йиллар Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган дипломат интервюда Марказий Осиё давлатларининг ҳамкорлиги ва улар ўртасидаги муносабатлар тарихига тўхталиб ўтди.
«Ҳақиқатдан, биз бугун бир жуда таҳликали, бўлаётган воқеалар ва тўқнашувларнинг олдиндан оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган дунёда яшаяпмиз. Мана яқин орада ҳаммамиз гувоҳи бўлдик, қўшни минтақада Ҳиндистон ва Покистон орасида кескинлашув юз берди. Ҳаттоки кузатувчилар: «Бу иккита давлат ҳозир катта уруш бошланиб кетса, ядро қуролини ишлатадими?» дея савол берди. Бу жуда хавфли ҳодиса.
Шунинг учун биз доим қўшнилар билан алоқаларни ривожлантиришимиз керак, мана шунақа хавфларнинг олдини олишга ҳам тайёр бўлишимиз керак. Бошқа минтақани олсак, масалан Яқин Шарқда қанча музокаралар бўлди, учрашувлар бўлди, халқаро майдонда қанча давлатлар иштирок этди, шунга қарамай ҳар куни 10-100 одамлар вафот этяпти.
Узоққа бормасдан собиқ совет иттифоқи ҳудудида Иккинчи жаҳон урушидан кейин ҳеч қандай бунақа катта, ҳарбий тўқнашув бўлгани йўқ. Шундай кескинлашган дунёда замонавий қуролларнинг ҳаммаси ишлатиляпти. Ҳар ҳафта минг-минг одамлар ўлиб кетяпти.
Битта савол туғилади: мана шу тўқнашувларда, қарама-қаршиликлар кимлар орасида содир бўляпти? Аксарияти қўшни давлатлар орасида.
Ўзимизнинг вазиятни бир эслаб ўтмоқчи эдим. 2016-2017 йилларда биз қўшни давлатлар билан алоқалар кескинлашиб кетганда, шу битта хавфли нуқтага тақалдик. Агар мана шу вазият ўша шаклда давом этганида, ҳарбий тўқнашув ҳам турган гап эди. Шуни инобатга олиб, Шавкат Мирзиёев президентликка келганларида Марказий Осиё ташқи сиёсатда бизнинг устувор йўналишимиз бўлади, деб белгилади.
Нима учун? Нега деганда кўп муаммолар йиғилиб қолди. Очиғини айтиш керак, бунга қўшимча ўзимиз ҳам ўз қўлимиз билан бошқа муаммоларни ҳам яратдик. Агар булар ҳал бўлмаганда, кескинлашиб кетганда, жуда бир ёмон оқибатга олиб келарди.
Президент томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари билан доимий равишда маслаҳат учрашувлари ўтказиш ташаббуси илгари сурилди . Ҳамма раҳбарлар қўллаб-қувватлади, ўтган 6-7 йилда биз жуда мураккаб, оғир ва нозик масалаларни, муаммоларни ҳал қилдик. Тошкентда, шу йил кузда Марказий Осиё давлатларининг еттинчи саммитини ўтказишни режалаштиряпмиз. Бугун Марказий Осиё минтақаси халқаро майдонда ҳуқуқий субъект бўлиб ўзини намойиш қиляпти», дейди Абдулазиз Комилов.
Мавзуга оид

22:40 / 31.05.2025
“Ғарбий Сибирни ўзбеклар бошқарган” – таҳлилчилар Россияда кўтарилган шов-шув ҳақида

18:24 / 31.05.2025
«Кимгадир ёқадими-ёқмайдими, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда давом этамиз» — Абдулазиз Комилов

11:51 / 29.05.2025
“Ҳали сув нефтдан қиммат бўлади” – таҳлилчилар Марказий Осиё келажагини прогноз қилмоқда

21:35 / 28.05.2025