Минтақанинг хавотирли келажаги, қирғизларнинг сигаретга тақиқи ва кузатувчиларга ёпиқ Душанбе аэропорти
Италия бош вазири Мелони минтақа лидерлари билан кўришиб, энди ҳамкорлик географик чегаралардан чиқишини айтди. Қирғизистондаги ҳар ўнинчи бола сигарета чекади, вазирлик call-center орқали консультацияларни йўлга қўйган. Қозоғистон Crypto city қурмоқчи. Тожикистонда ҳосил яхши бўлганига қарамай, мева ва сабзавотлар қимматлаб кетди. Душанбе халқаро аэропорти энди кузатувчиларни ичкарига киритмайди. «Толибон» қурдирган тўғон 5 кунга ҳам ярамади.
Қирғизистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланди
Тадқиқотларга кўра, Қирғизистондаги ҳар ўнинчи бола мунтазам чекади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Қирғизистондаги вакили Ливиу Ведраско брифингда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳар бешинчи мактаб ўқувчиси тамаки маҳсулотларини аллақачон синаб кўрган.
«Мактаб ўқувчиларининг 87 фоизи дўкон ва киоскалардан сигарет сотиб олади, 60 фоизи эса буни ҳеч қандай тўсиқсиз амалга оширади. Гарчи ҳамма нарса қонунда белгилаб қўйилган бўлса-да, ҳеч ким улардан ёши ёки паспорти ҳақида сўрамайди. Лекин ижобий томонлари ҳам бор: мактаб ўқувчиларининг 77,7 фоизи ёпиқ жамоат жойларида чекишни тақиқлашни қўллаб-қувватлайди», - дейди ташкилот вакили.
«Бугунги кунда тамаки маҳсулотлари чиройли, жуда ёрқин, турли хил таъмга эга бўлиб кўринади. Бу ёш авлодни, айниқса, болалар ва ўсмирларни ўзига жалб қилади. Сохта хавфсизлик ҳисси пайдо бўлади – бу мазали, ёқимли бўлиб туюлади, ҳеч нарса бўлмайди, йўталмайди. Лекин никотин гиёҳвандлиги саратоннинг 20 дан ортиқ турларини келтириб чиқаради», дея қўшимча қилди соғлиқни сақлаш бош ташкилоти вакили.
Унинг сўзларига кўра, электрон сигареталар билан боғлиқ алоҳида муаммо бор. Сигареталар нархини ошириш чекувчилар сонини камайтиришга ёрдам беради.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса электрон сигаретанинг барча истеъмолчиларига ёрдам беришга тайёрлигини эълон қилди. Вазирлик вакили никотинли суюқликли электрон сигареталарни олиб кириш, муомалага чиқариш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи қабул қилинган қонунни эслатди.
Ҳужжат шу йилнинг 1 июлидан кучга киради. Вазирликка кўра, бу жуда қийин жараёнга айланади. Электрон сигареталарни олиб кириш, сотишга уринишлар бўлиши мумкин. Вазирлик чекишни ташлаш истагида бўлганларга ёрдам бермоқчи, ишонч телефонлари 2103. Телефон қилганлар шахсий маълумотлари ошкор қилинмайди. Вазирлик қўнғироқ қилганларнинг 11 минги билан гаплашиб, таҳлил ўтказган. Уларнинг 29 фоизи пойтахт бишкеклик, 42 фоизи қишлоқ ҳудудларидан. Консултация сўраб мурожаат қилганларнинг 95 фоизи эркаклар экани маълум бўлган. Вазирликка кўра, чекишни ташлашни истаб қўнғироқ қилганларнинг 30 фоизи бугун чекмайди, бу одатини ташлаган. Эслатиб ўтамиз, 1 июлдан эътиборан электрон сигареталар тақиқланар экан, уни чекканлар 10 минг қирғиз соми, сотганлар эса 200 минг қирғиз соми жарима тўлайди.
Душанбе аэропортига энди йўловчиларнинг ҳамроҳлари киритилмайди
Энди Душанбе халқаро аэропортига йўловчиларнинг ҳамроҳлари киритилмайди. Аэропорт маъмурияти шунга қарор қилди ва чекловлар май ойининг ўзидан бошланган. Маълум бўлишича, йўловчиларнинг кузатиб бориш ва кутиб олиш зонасига кўчадан одамлар киритилмайди.
Аэропорт матбуот хизматига кўра, чекловларнинг жорий этилиши авиация хавфсизлигининг халқаро стандартларига риоя қилиш, тартибни сақлаш, санитария-гигиена талаблари ва инфекциялар тарқалишининг олдини олиш зарурати билан боғлиқ. Мазкур чора терминалда тозаликни таъминлашга ҳам қаратилган. Қарор истисносиз ҳамма учун амал қилади.
Кириш фақат истисно ҳолларда – ногиронлар, касаллар ва вояга етмаган болаларнинг ота-оналари билан бирга бўлганлар учун рухсат этилади, дея қўшимча қилади матбуот хизмати. Ҳудудни ободонлаштириш доирасида барча ташриф буюрувчиларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун махсус кутиш жойлари ташкил этиш режалаштирилгани хабар қилинди.
Қозоғистон Crypto city қуради
Қозоғистон инновацион крипто ҳудудини ташкил қилади. Бу ҳақида президент Тўқаев Остона халқаро форумида гапирди. Crypto city инновацион пилот ҳудудида криптовалюталар, товар ва хизматлар сотиб олиш мумкин бўлади. Президентнинг фикрича, Қозоғистон Евросиёда IT маркази бўлиши керак. Давлат ўтган муддат мобайнида рақамли трансформацияда сезиларли ютуқларга эришган.
«Биз глобал ноаниқлик даврида яшамоқдамиз. Бу лаҳзани чорраҳа, дунё ишларидаги бурилиш нуқтаси деб аташ мумкин. Аммо бундай таърифларни тарихчиларга қолдирайлик. Ҳозир бизнинг жавобимиз қандай бўлиши муҳимроқ. Биз танлов қилишимиз лозим», дейди Тўқаев.
Президент сунъий интеллект ривожи ҳақида ҳам фикрини айтиб ўтган. Сунъий интеллектга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Мақсадимиз — бир қатор хорижий университетлар филиаллари фаолият юритадиган, илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилган академик ва инновацион марказга айланиш», деди Қозоғистон президенти.
Тўқаевга кўра, Марказий Осиёдаги энг қудратли суперкомпютер Қозоғистонга олиб келинган.
«Биринчи навбатдаги вазифа — минтақавий номутаносибликларни камайтириш ва ўрта синфни мустаҳкамлашдир. Айнан шу сабабли рақамли технологиялар ва сунъий интеллектдан тортиб тоза энергия ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларгача бўлган асосий соҳаларда салоҳиятимизни мустаҳкамлашда давом этяпмиз», деди қўшни давлат президенти.
Crypto city учун ҳали жой танланмаган. Алоқау ақлли шаҳри, Боровое курорти ёки Остонадаги EXPO ҳудуди бунинг учун танланиши мумкин.
Тожикистонда мева-сабзавотлар қимматлади
Тожикистонда ҳам мева ва сабзавотлар нархи кўтарилди, ваҳоланки, давлатда бу йил ҳосил ҳам кўпайган эди. 2025 йилнинг 4 ойи давомида мева ва сабзавотлар нархи Тожикистонда қарийб 25 фоизга қимматлаган. Айниқса, карам, сабзи, картошка ва пиёз нархлари олдинги йил билан қиёслаганда каррасига ошган.
Шу билан бирга расмий маълумотларга кўра, сабзавот етиштириш ҳажми ҳам ошган. Йил бошидан буён Тожикистонда 146,2 минг тоннадан ортиқ сабзавот етиштирилган. Картошка ва пиёз 2024 йилгидан анча кўп ҳосил берган. Шу йилнинг 4 ойида мамлакатда меванинг нархи 11.4 фоизга қимматлади. Бироқ мева етиштириш ҳам 16,3 фоизга ортиб, 1122 тоннани ташкил этган. Сабзавот ва мева нархининг ошиши бошқа маҳсулотлар нархига ҳам таъсир кўрсатади. Масалан, ёғ турлари, гўшт маҳсулотлари, алкоголсиз ичимликлар нарх-навоси камида 1 фоиздан қимматлаган.
Бироқ ун, товуқ гўшти, гуруч ва шакар арзонлаган.
Экспертлар Марказий Осиё келажагидан хавотирда
Марказий Осиёнинг 5 давлатидан билим одамлари, экспертлар Тошкентда йиғилиб, минтақа келажагини муҳокама қилди. Тадбир ташкилотчиси – Ўзбекистондаги асосий давлат ақл марказлари. Йиғилган ташаббуслар шу йили кузда Ўзбекистонда ўтадиган Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё президентлари столига қўйилиши керак. Бироқ экспертлар келажакка кўпроқ хавотир билан қарамоқда.
Энг катта масала – интеграцияга беш давлатнинг қараши. Ташкилотчиларга кўра, Туркманистондан энг кўп, яъни 6 киши келган. Бу билан ҳамма бирлашишга ижобий қараши исботини топади, дейди таҳлилчилар.
Хавотирлар – энергетика, экология, нарх-наволарнинг ошиши ва сув-ресурслари билан кўпроқ боғлиқ. Советлардан қолиб кетган инфратузилмада яшаяпмиз, у ҳам эскириб кетди, дейди қозоғистонлик иқтисодчи Раҳим Ушакбоев.
Тожикистонлик Саодат Жўрахонзода эса сув аллақачон қимматли манбага айланганини гапирди.
Жўрахонзодага кўра, Тожикистондаги музликларнинг эриши тезлашуви фақат тожикларнинг эмас, балки бутун минтақа муаммоси бўлиши керак. Роғун ГЭСи МО юлдузи, дейди Жўрахонзода.
Марказий Осиё–Италия саммити ўтказилди
Рим папаси вафоти муносабати билан Марказий Осиёга сафарини қолдирган Жоржа Мелони ваниҳоят ўтган ҳафта бу ташрифини амалга оширди ҳамда Марказий Осиё–Италия саммитида ҳам қатнашди. Даставвал, у Ўзбекистонга келди. Президент Мирзиёев уни Самарқандда қарши олди, Тўқаев эса Остонада. Саммит учун Остона танланганди, регионга раҳбар президентлар Остонага бориб, саммитда қатнашди. Сўзга чечан сиёсатчи Мелони энди алоқалар сифат жиҳатидан яхшироқ давом этишидан умидвор.
Саммитни жойидан ёритган “Казинформ” нашрига кўра, Мелони минтақага таъриф бераркан, энди Европа билан бошқача алоқалар исталса, географик чегаралардан чиқиб кетиб, янги йўл танлашимиз керак деган. Италия бош вазири Марказий Осиё билан ҳамкорликнинг биринчи йўналиши энергетикада бўлишини айтган. Италия Марказий Осиё давлатларига сармоя киритаётган Евроиттифоқнинг биринчи давлатидир, дейди Мелони. У атроф-муҳит ва экология муаммоларини алоҳида эслатиб, Иқлим жамғармасининг биргаликдаги лойиҳаларини кучайтириш кераклигини гапирган. Марказий Осиё–Италия саммити билан бирга Остонада халқаро форум ҳам бир вақтда ўтказилди. Асосий саммитдан аввал мелони ва Тўқаев шу форумда чиқиш қилди. Форум сессияларида қатнашганлар ичида таниқли европалик сиёсатчилар ҳам бор. 2014-2019 йилларда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили, собиқ Италия ташқи ишлар вазири Федерико Могеренига кўра, Италиянинг Марказий Осиёга қарашлари Евроиттифоқникидан фарқ қилмайди.
Италия ва Евроиттифоқнинг бу минтақадаги кун тартиби бир хил. Савдо, энергетика, инвестициялардан ташқари геосиёсий контекстдан келиб чиқиб, биз минтақа билан стратегик ҳамкор бўлишимиз керак эди. Марказий Осиё атрофидаги турли гигант ўйинчилардан фақат бири билан ишлашни танлай олмайди, бундай қилишмасин ҳам. Лекин минтақа балансни ушлаши лозим. Ҳозир бу давлатларнинг Европага муносабати шундайки, улар чинданам яқинлашишни хоҳлаяпти, биз бир-биримизни тушуняпмиз. Италия фақат савдо, маданият ёки бошқа комплекс алоқалар, балки геосиёсий ҳолатдан келиб чиқиб, регион ҳамкорларни диверсификация қилиши тарафдори. Бунда ҳам иттифоқ, ҳам минтақа манфаатлари тарозида тенг туради.
«Толибон» қурдирган тўғон беш кунга ҳам ярамади
Афғонистоннинг Хост вилоятида янги қурилган сув тўғони ишга туширилишидан беш кун ўтиб қулаб тушди.
Кичик сув тўғони оқим туфайли қулаб тушгани айтилмоқда. Сув иншооти Хост вилоятининг Гарбаз туманида жойлашган. У беш кун аввал «Толибон» сув ва энергетика вазири Абдуллатиф Мансур томонидан очилганди.
Маҳаллий аҳоли тўғонга ҳаттоки 5 миллион афғони (71 минг доллар) ҳам сарфланмаганини айтмоқда. «Толибон» томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг мониторинги йўқ. 2024 йил «Толибон» қурғоқчиликнинг олдини олиш мақсадида ерости сувларини мустаҳкамлаш учун 100 га яқин кичик сув тўғонлари қурилишини айтганди. Ўшанда Абдуллатиф Мансур ушбу лойиҳаларнинг қурилиши билан сув танқислиги ҳам бартараф этилишини таъкидлаганди.
2024 йилнинг январ ойида Хост вилоятида тўғон қурилиши пайтида камида 100 кишининг суяк қолдиқлари топилганди. Расмийларга кўра, бу жойда дафн этилган одамлар 1979 йилда ўлдирилган, кейин эса оммавий қабрга кўмилган. Франция ахборот агентлиги «Толибон» расмийларига таяниб оммавий қабр «Афғонистонда совет иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланган ҳукумат даврига тегишли» эканини хабар қилганди.
Мавзуга оид

13:50 / 25.05.2025
Маоши ошаётган қирғизлар, тўхтатилган лайк жавобгарлиги ва «қора» туркман пахтаси

10:57 / 11.05.2025
Жаҳли чиққан Жапаров, матбуотдаги “жиддий аҳвол” ва ғалаба парадлари – Марказий Осиё ҳафта ичида

12:42 / 04.05.2025
Парадга тайёргарлик, қозоқ олтин визаси ва чегарада отилган жангарилар

13:30 / 27.04.2025