Жаҳон | 15:03 / 02.06.2025
2489
2 дақиқада ўқилади

Киев Россия стратегик авиациясининг 34 фоизи зарар кўрганини маълум қилди

СБУ Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизини нишонга олганини маълум қилди. Россия Мудофаа вазирлиги ҳужумларни тасдиқлади, бироқ зарар кўрган самолётлар сонини очиқламади. Z-блогер уларнинг сонини 10 дона, немис мутахассиси эса самолётларнинг 30-50 фоизи атрофида баҳолаяпти.

Фото: Telegram / SBUkr

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Россиянинг бир қанча минтақаларидаги аэродромларга қарши ўтказилган «Ўргимчак тўри» операцияси давомида Россия стратегик авиация самолётларининг 34 фоизи шикастланганини маълум қилди. Бу хабар 1 июн, якшанба куни СБУ Telegram-каналида эълон қилинди.

«Россиядаги асосий аэродромларда стратегик қанотли ракета ташувчиларининг 34 фоизи шикастланган», — дейилади хабарда. Киевнинг ҳисоб-китобларига кўра, зарар кўрган самолётларнинг тахминий умумий қиймати 7 миллиард долларни ташкил қилади.

Аввалроқ СБУдаги DW манбалари Россиянинг 41 та самолёти, жумладан стратегик А-50, Ту-95 ва Ту-22М3 самолётлари шикастлангани ҳақида хабар берган эди. Улардан мунтазам равишда Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун фойдаланилган, дея таъкидлайди Киев. DW манбасига кўра, Иркутск вилоятидаги Белая, Рязан вилоятидаги Дягилево, Мурманск вилоятидаги Оленя ва Иваново вилоятидаги Иваново авиабазасига ҳужум қилинган.

Зарар кўрган самолётлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлашнинг иложи йўқ. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган, СБУ раҳбарияти учун трансляция вақтида олинган кадрлар ҳужумга учраган самолётлар турли даражада зарар кўрганини кўрсатади. Баъзи ҳолларда дронлар тўғридан тўғри фюзеляжга тегиб, портлашга сабаб бўлган бўлса, бошқаларида учиш-қўниш йўлаги яқинида қулаган ва ёнғин самолётга ҳам ўтган.

Мавзуга оид