Май ойида инфляция 1,5 фоизгача тезлашди. Бунга электр ва газ нархларининг ошиши катта таъсир кўрсатган
Жорий йил май ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 1,5 фоизни ташкил этиб, апрел ойига нисбатан 0,8 фоиз бандга тезлашган. Ўтган ойда республика бўйича электр энергияси нархи ўртача 18,8 фоизга, тармоқ газ нархи 39,2 фоизга, суюлтирилган газ нархи 25 фоизга қимматлашган. Ўз навбатида, қатор сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлар нархида тушиш кузатилган.

Фото: Shutterstock
2025 йилнинг май ойида Ўзбекистонда инфляция даражаси 1,5 фоизни ташкил этиб, апрел ойига нисбатан 0,8 фоиз бандга тезлашди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Ўз навбатида, йиллик инфляция апрел ойидаги 10,1 фоиздан 8,7 фоизгача секинлашган. Бу 2024 йилнинг май ойида энергия нархларининг кескин ўсиши натижасида пайдо бўлган юқори базанинг умумий инфляциядан чиқиб кетиши билан боғлиқ.
Ўтган ойда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Хоразм вилоятларидаги инфляция даражаси республикадаги ўртача кўрсаткичдан баланд шаклланган. Йиллик нисбатда эса Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида юқори инфляция кузатиляпти.
Ҳисобот ойида мавсумий омиллар таъсирида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,8 фоизга арзонлашган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,7 фоизга, хизматлар нархи 5,9 фоизга (коммунал хизматлар соҳасидаги тарифларнинг қимматлашиши ҳисобига) ошган.
1 майдан бошлаб, аҳоли истеъмоли учун электр энергияси ва тармоқ газининг янгиланган тарифлари жорий қилинганди. Республика бўйича электр энергияси нархи ўртача 18,8 фоизга (салмоқ вазни +2,4 фоиз, ИНИ ўсиш сурътига таъсири +0,45 фоиз ф.д), тармоқ газ эса 39,2 фоизга (салмоқ вазни +1,5 фоиз, ИНИ ўсиш сурътига таъсири +0,6 ф.д) ошиши кузатилган.
Шунингдек, май ойидан маиший фойдаланиш учун суюлтирилган газ нархи 25 фоизга (салмоқ вазни 0,5 фоиз, ИНИ ўсиш сурътига таъсири + 0,11 ф.д) ошди. Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида совуқ сув таъминоти ва канализация хизматлари учун тўловлар қимматлашган. Бошқа ҳудудлардаги барқарорликни ҳисобга олган ҳолда, ушбу хизмат тури бўйича ойлик инфляция 10,2 фоиз (ИНИ ўсиш сурътига таъсири +0,10 ф.д.) бўлган.
Транспорт бўлимида нархларнинг сезиларли ўсишига транспорт воситалари учун метан нархининг ўтган ойга нисбатан 27 фоизга (салмоқ вазни +1,7 фоиз, ИНИ ўсиш сурътига таъсири +0,45 ф.д) қимматлашиши сабаб бўлди. Май ойида бензин ва пропан нархларида 0,1-2,7 фоиз оралиғида тушиш кузатилган. Йўловчи ташиш хизматлари бўйича ойлик инфляция +1 фоиз бўлган. Шу жумладан, автомобил транспорти хизматлари 2,4 фоизга, темирйўл транспорти хизматлари эса 0,1 фоизга қимматлашган. Шу қаторда ҳаво транспортида йўловчи ташиш хизматлари ўртача 5,4 фоизга арзонлашган. Бу Ўзбекистон ҳаво йўлларида ички қатновлар учун эконом класс тарифларининг пасайиши билан боғлиқ.
Ой давомида нархларнинг тушиши асосан сабзавотлар, илдизмевалилар ва дуккакли маҳсулотларда (-10,7 фоиз) кузатилган бўлиб, бу бозорларда янги ҳосил маҳсулотларининг кўпайиши билан боғлиқ. Шу жумладан, асосий турдаги сабзавотлардан бодринг (-61,1 фоиз), помидор (-27,1 фоиз), карам (-14 фоиз), картошка (-1,9 фоиз), пиёз (-1,2 фоиз) арзонлашиши кузатилган. Шу билан бирга, сабзи нархларида (+15 фоиз) ошиш қайд этилган.
Шунингдек, ой давомида ўсимлик ёғи 4 фоизга, шакар 2,2 фоизга қимматлашган, гўшт маҳсулотлари нархи эса барқарорлашган. Жумладан, мол гўшти ва қўй гўшти нархлари қимматлашиши 0,8 фоиздан ошмаган, парранда гўштида бироз тушиш кузатилган (0,3-0,5 фоиз оралиғида). Бундан ташқари, тухум (-4 фоиз), гуруч (-0,5 фоиз) ва хом сут (-0,2 фоиз) нархлари ҳам пасайган.
Мавзуга оид

22:41 / 24.05.2025
Ўзбекистоннинг ликвид захиралари жорий йилда энг юқори чўққисига чиқиб, кейин камайиб боради — S&P

22:11 / 20.05.2025
Ўзбекистонда гўшт нархи ошишига қайси омиллар таъсир қиляпти?

17:27 / 16.05.2025
Ўзбекистонликлар гўшт, сут ва ёнилғи нархлари ошишини кўпроқ сезишяпти

15:16 / 14.05.2025