Ўзбекистон қандай қилиб йирик мева импортчисига айланди?
Сўнгги 3 йилда Ўзбекистоннинг мева импорти 4 баробардан кўпроққа ошди. EastFruit'га кўра, бу – импорт божларининг олиб ташланиши ортидан банан, мандарин ва қуритилган хурмо каби экзотик товарлар Ўзбекистон аҳолисининг дастурхонидан тобора кўпроқ жой ола бошлагани билан боғлиқ. Бундан ташқари, олма импорти 3 йилда 17 баробарга ошгани эътиборли.

Ўзбекистон йирик мева экспортчилари қаторида бўла туриб, айни шу йўналишда бошқа мамлакатлар учун жозибали бозорга айланиб бормоқда. EastFruit портали Ўзбекистонга мева импорти кескин ўсиб бораётганига эътибор қаратди.
“Ўзбекистоннинг мева экспорти барқарор ўсишда давом этаётган бўлса-да, импорти шунчалик тез ўсмоқдаки, бу воқелик бутун манзарани ўзгартириб юбормоқда. Бу шунчаки кичик силжиш эмас – бу кутилмаган ва муҳим ўзгаришдир”, – дейилади таҳлилий материалда.
Қайд этилишича, 2021 йилдан 2024 йилгача Ўзбекистоннинг мева экспорти 93 фоизга – 341 млн доллардан 658 млн долларгача ўсган. Экспортнинг ўсиши узум, қуритилган мевалар ва ўрик каби анъанавий йўналишларда кучли бўлмоқда – Ўзбекистоннинг бу маҳсулотларига кўплаб хорижий бозорларда қизиқиш бор. Айниқса, гилос экспорти алоҳида ажралиб туради: экспорт қиймати 20 млн доллардан 50 млн долларгача ошган, яъни 150 фоизга.
Аммо қизиғи шундаки, айни шу давр мобайнида мева импорти 60 млн доллардан 250 млн долларгача ошган. Бу 317 фоизлик улкан ўсишни англатади ва дунёдаги энг тез ўсаётган кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Экспорт деярли икки баробар ошган бўлса, импорт тўрт баробардан кўпроққа ўсган. Бу – банан, цитрус мевалар (айниқса мандарин ва апелсин) ҳамда янги олмаларга талаб катта экани билан боғлиқ.
Эътиборлиси, 2021 йилдан 2024 йилгача энг тез ўсган импорт – экзотик мевалар эмас, балки олма. Олма импорти атиги 3 йилда 17 баробарга ошиб, 2024 йилда 85 млн доллардан ошди. Банан импорти эса уч баробарга кўтарилиб, биринчи марта 100 млн доллардан ошди. Мандарин импорти бананникидан ҳам тезроқ ўсди – 3 йилда 4 баробарга ошиб, 2024 йилда 95 млн долларга етди ва деярли банан импорти ҳажмига тенглашди.
Тез ўсаётган бошқа тоифалар қаторида апелсин (5 баробар кўпайиб, 25 млн долларга етган), нок, киви ва хурмо бор.
EastFruit'га кўра, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан Миср ва Марокаш экспортчилари учун Ўзбекистонда ташкил этилган савдо миссияси аллақачон ижобий натижалар бера бошлаган кўринади.
Импортга бундай кўламдаги эҳтиёж қандай пайдо бўлди?
Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистоннинг мева импортидаги кутилмаган ўсишига бир неча омиллар туртки бермоқда. Ўзбекистонлик истеъмолчилар тобора кўпроқ банан ва цитрус мевалар каби экзотик меваларни излаяпти – бу глобал тенденциялар ва аҳолининг ошиб бораётган даромадларини акс эттиради.
“Янги меваларни йил давомида истеъмол қилиш Ўзбекистонда аста-секин одатга айланмоқда ва мавсумий истеъмол ўрнини эгалламоқда. Бу эса ўз навбатида илгари қишда янги мевалар ўрнини босган қуритилган меваларга талабнинг пасайишига олиб келяпти. Бу эса қуритилган мевалар экспортининг ошишига ҳисса қўшмоқда”, – дейди FAO Инвестициялар маркази иқтисодчиси Андрий Ярмак.
Бундай тез ўсиш аввало Ўзбекистон ҳукумати мевалар учун импорт божини ноллаштириб қўйгани билан боғлиқ. Расмий жиҳатдан бу имтиёз вақтинчалик деб белгиланган, лекин бир неча йилдан бери имтиёз муддати узайтириб келиняпти.
Импортнинг ўсиши савдогарлар, фермерлар ва оддий одамлар учун нимани англатади?
Бу фақат рақам эмас – бу ўйин қоидаларини ўзгартирувчи воқеа, дея ёзади EastFruit.
Мева савдоси билан шуғулланувчилар учун 250 млн долларлик Ўзбекистон бозори – олтин имкониятдир. Банан, олма, хурмо ва цитрус меваларни етказиб берувчилар – Миср, Покистон, Марокаш, Полша ва Украина каби мамлакатлар бундан аллақачон фойда кўрмоқда. Аммо имконият ҳали ҳам катта. Энг катта қийинчилик – логистика ва рақобатни бошқариш, имконият эса – жадал ўсаётган бозордир.
“Илгари фақат маҳаллий ҳосил билан тўладиган бозорларда энди жаҳоннинг ҳар хил лаззатлари бор – бу очилаётган ва бойиб бораётган мамлакатнинг белгиси”, – дея қайд этган нашр.
Айни пайтда, Ўзбекистон экспортдаги етакчи мавқейини мустаҳкамлаяпти – 2024 йилги 658 млн доллар буни кўрсатиб турибди. Бироқ импорт 250 млн долларга етиб, тез суръатда ўсиб борар экан, мувозанат ўзгараётган кўринади. Шуниси аниқ: Ўзбекистоннинг мева савдоси энди фақат машҳур боғлари билан боғлиқ эмас. Савдо фаровонлик келтиради, экспорт ҳам, импорт ҳам мамлакатга фойда олиб келади, тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун янги имкониятлар яратади.
Мавзуга оид

14:41 / 22.05.2025
5,5 млрд долларлик олтин сотуви, кескин ошиб бораётган газ экспорти – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

20:40 / 12.05.2025
Ўзбекистонга автомобил импорти 3 баробарга қулади

16:27 / 12.05.2025
Ўзбекистон ва Эрон имтиёзли савдо битими бўйича товарлар рўйхатини келишиб олди

23:20 / 03.05.2025