Ўзбекистон | 15:36 / 02.06.2025
2071
3 дақиқада ўқилади

Санкцион товарларнинг Ўзбекистон орқали Россияга етказилиши қисқаргани қайд этилди

Европа Иттифоқи санкция остидаги товарларнинг Арманистон, Сербия, Ўзбекистон ва Ҳиндистон орқали Россияга етказиб берилишини чеклашда “баъзи муваффақиятларга” эришди. Қозоғистон, БАА ва Туркия орқали ўтувчи каналларни ёпиш эса қийинроқ кечяпти. ЕИ вакилига кўра, санкцияларни четлаб ўтиш ҳолатларининг 80 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Бу йўналишда ЕИ–АҚШ ҳамкорлиги тўхтаб қолган.

Европа Иттифоқи санкциялар остидаги товарларнинг Россияга Ўзбекистон орқали кириб боришини чеклашда “баъзи муваффақиятларга” эришди. Бу ҳақда Европа Иттифоқи Ташқи ишлар кенгашининг 20 май куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишига доир ҳужжатга асосланиб, немис матбуоти хабар бермоқда.

Қайд этилишича, йиғилишда ЕИнинг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливан ва ЕИ Разведкани мувофиқлаштириш маркази директори Дэниел Маркик санкциялар Россия иқтисодиётига “катта таъсир” ўтказаётганини айтган.

Уларнинг сўзларига кўра, Евроиттифоқ ҳарбий мақсадларда ишлатилиши мумкин бўлган товарларнинг учинчи давлатлар орқали, хусусан Арманистон, Сербия, Ўзбекистон ва Ҳиндистон орқали Россияга кириб боришининг олдини олишда “баъзи муваффақиятларга” эришган.

Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Туркия орқали айланиб ўтиш йўлларини ёпиш эса ҳамон қийинчилик туғдирмоқда.

Асосий маршрут – Хитой

О’Салливанга кўра, санкцияларни айланиб ўтиш ҳолатларининг 80 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Расмий Пекин эса буни рад этиб келмоқда.

Ўтган ҳафта Украина Ташқи разведка хизмати директори Олег Ивашченко Россияга уруш учун зарур кўплаб товарларни Хитой етказиб бераётганини айтганди.

Хитой Россия мудофаа саноати компанияларига машинасозлик қуроллари, махсус кимёвий воситалар, порох ва компонентларни етказиб бераётгани ҳақида маълумот бор, деганди у. Ивашченкога кўра, Украина разведкаси шундай товарлар етказиб берилаётган Россиянинг 20 та компаниясини аниқлаган.

АҚШ энди бу курашда ЕИ билан бирга эмас

Брюсселда ўтган йиғилишга доир ҳужжатда кўрсатилишича, Европа Иттифоқи санкцияларнинг айланиб ўтилишига қарши курашиш масаласида бундан буён катта эҳтимол билан Вашингтоннинг ёрдамига умид қила олмайди.

Иттифоқнинг санкциялар бўйича вакили Дэвид О’Салливанга кўра, “санкцияларни четлаб ўтиш масалалари бўйича АҚШ билан барча алоқа каналлари узилган”. Шунинг учун бу йўналишда “биргаликда ҳаракат қилиш”нинг энди иложи йўқ. “Катта еттилик” гуруҳи доирасидаги ҳамкорлик ҳам “ривожланишдан тўхтаган”.

Доналд Трамп жорий йил бошида АҚШ ҳокимиятига келиши биланоқ, бир неча кун ўтиб АҚШ Адлия вазирлиги клептократияга қарши курашиш бўйича ишчи гуруҳини тарқатиб юборди. Бу ишчи гуруҳ Россиянинг Украинага қарши босқини бошланган 2022 йил март ойида ташкил этилган бўлиб, унинг мақсади Россия олигархларининг активларини кузатиш эди. Суриштирувлар давомида кўплаб кўчмас мулклар, ер майдонлари, хусусий самолётлар ва шоҳона яхталар хатланган эди.

Ўтган даврда АҚШ ва Европанинг молиявий терговчилари Россияга тааллуқли бошқа активларни ҳам аниқлаш мақсадида мунтазам алоқада бўлиб келди. Лекин Европа Иттифоқидаги манбаларга кўра, бундай алмашинувлар бир неча ҳафтадан бери тўхтаб қолган. АҚШ томони тегишли маълумотларни бермай қўйган.

Мавзуга оид