Жаҳон | 18:41 / 02.06.2025
2690
2 дақиқада ўқилади

Стармер Буюк Британия «урушга тайёргарлик» режимига ўтаётганини эълон қилди

Британия бош вазири Кир Стармернинг таъкидлашича, мамлакат Россиядан келаётган доимий таҳдидни эътиборсиз қолдира олмайди.

Фото: PA images

Буюк Британия армияси янги мудофаа стратегияси доирасида «урушга тайёргарлик» режимига ўтмоқда. Sky News’нинг ёзишича, бу ҳақда мамлакат бош вазири Кир Стармер Глазгодаги матбуот анжуманида ҳукуматнинг мудофаа бўйича харажатлари режасини тақдим этиш вақтида эълон қилган.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, доимий жанговар шайлик режими Буюк Британиянинг «2035 йилгача ўн баробар кўпроқ ҳалокатли» армияни яратиш мақсадларига оид сиёсатидаги «асосий учта ўзгаришлардан» бирига айланади.

Иккинчи тамойил — Буюк Британиянинг мудофаа сиёсати «ҳар доим НАТОни мустаҳкамлашга қаратилади». Учинчи тамойил — қуролли кучларда инновациялар «ҳарбий ҳолат давридаги тезликда» жорий этилади.

Стармер олдинроқ мудофаа стратегиясини ўзгартириш Буюк Британия Россиядан келаётган доимий таҳдидни эътиборсиз қолдира олмаслиги ва унинг олдини олиш учун эҳтимолий можарога тайёрланиши кераклигига асосланганини таъкидлаганди.

Янги мудофаа доктринаси ҳозирча тўлиқ эълон қилинмади. У 2 июн куни Жамоатлар палатасида Буюк Британия мудофаа вазири томонидан тақдим этилиши керак. Ҳужжатга оид айрим маълумотлар матбуотда ёритилган ва Стармер уларнинг баъзиларини тасдиқлаган.

Хусусан, ҳукумат ўқ-дори ишлаб чиқариладиган олтита завод, шунингдек, 12 та янги атом сувости кемасини қуриш режасини эълон қилмоқчи. Бундан ташқари, ҳукуматнинг узоқ масофага мўлжалланган янги қуроллар яратиш, ядровий дастурга 15 миллиард фунт стерлинг ажратиш, ҳаво ҳужумидан ва ракеталардан мудофаа тизимларига инвестициялар киритиш режалари ҳам мавжуд.

Мавзуга оид