Жаҳон | 13:51 / 03.06.2025
2536
4 дақиқада ўқилади

Ғазо жанубида гуманитар ёрдам кутиб турган одамлар яна бир бор ўққа тутилди

Икки кун олдин ҳам худди шу ҳудудда инсонпарварлик ёрдами кутиб турган одамларга ўқ узилиб, 30 дан ортиқ киши ўлдирилганди. Янги ҳолатда камида 24 қурбон ҳақида маълум қилинмоқда.

Фото: Reuters

Исроил ҳарбийлари Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ёрдам тарқатиш пункти яқинида ўт очди. Ҳамас назоратидаги анклав соғлиқни сақлаш вазирлиги 24 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Исроил мудофаа армияси ҳарбийлар огоҳлантирувчи ўқларга жавоб бермаган шубҳали одамларга қарата ўқ узганини маълум қилган.

Ғазо сектори фуқаролик мудофааси хизмати вакили Маҳмуд Бассалнинг таъкидлашича, исроиллик ҳарбийлар гуманитар ёрдам кутаётган фаластинликларга танк ва дронлардан ўқ узган.

Якшанба куни Ҳамас назорати остидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги худди шу жойда Исроил зарбалари оқибатида 31 киши ҳалок бўлгани ва 200 га яқин киши жароҳатланганини маълум қилганди.

Ўшанда ЦАХАЛ ҳарбийлар фаластинликларга қарата ўқ узганини рад этиб, аскарлар уларга яқинлашиб келаётган одамлар томонидан таҳдидни сезганларида огоҳлантирувчи ўт очганини айтганди.

Энди эса Исроил мудофаа кучлари ҳарбийлар ёрдам тарқатиш пунктидан тахминан ярим километр узоқликда «шубҳали шахслар»аниқлаганидан сўнг ўт очганини айтмоқда.

Баёнотда айтилишича, дастлаб огоҳлантирувчи ўқ узилган, хавотир уйғотган шахслар яқинлашишда давом этгач, «ҳарбийлар томон ҳаракатланаётган бир неча алоҳида гумонланувчилар турган жойга қўшимча ўқ узилган».

Исроил мудофаа армияси ҳам қурбонлар ҳақидаги хабарлардан хабардорлиги, «воқеа тафсилотлари ўрганилаётгани»ни маълум қилди.

Ҳамас томонидан бошқариладиган анклав соғлиқни сақлаш вазирлиги навбатдаги ҳодиса оқибатида 24 киши ҳалок бўлгани ва ўнлаб одамлар яралангани ҳақида хабар берди.

Фуқаро мудофааси вакили Бассал BBC’нинг Ғазодаги мухбири Рушди Абуалуфга Рафаҳдаги ёрдам тарқатиш марказида ҳалок бўлган ва яраланганларнинг аксарияти танклар, вертолётлар ва квадрокоптерлардан ўққа тутилганини айтган.

Бассал ҳодиса марказ яқинида эмас, балки Ғазо Гуманитар жамғармаси фондидан бир неча юз метр узоқликда содир бўлганини тасдиқлади.

Хон Юнисдаги «Носир» шифохонаси директорининг айтишича, «Исроил кучлари тинч аҳоли оломонига қарата ўт очиши натижасида» 24 киши ҳалок бўлган ва 37 киши яраланган. Унинг сўзларига кўра, жароҳатланганларнинг аксарияти ўқотар қуролдан олинган жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган.

ЦАХАЛ маълумотларига кўра, фаластинликлар ташкиллаштирилган йўналишлар бўйлаб Рафаҳдаги ёрдам тарқатиш пунктига кетаётганда, қўшинлар ёрдам тарқатиш мажмуасидан тахминан ярим километр узоқликда ҳарбийларга яқинлашаётган ва шу билан бирга олдиндан тасдиқланган йўналишдан четга чиқаётган шубҳали одамларни пайқаган, деб ёзади Times of Israel.

АҚШ ва Исроил томонидан қўллаб-қувватланадиган ва ёрдамни тақсимлашга масъул бўлган Ғазо инсонпарварлик ёрдами жамғармаси маълумотларига кўра, ёрдам сешанба куни эрталаб ҳеч қандай ҳодисаларсиз берилган, дея таъкидлайди нашр.

Исроил мудофаа армияси жамғармага «Ғазо аҳолиси орасида ёрдамни тақсимлаш ва унинг Ҳамас террорчилик ташкилотига тушишига йўл қўймаслик учун мустақил равишда» ҳаракат қилиш имконини беришини айтмоқда.

«Исроил мудофаа армияси ҳарбийлари Ғазо аҳолисининг тақсимлаш пунктларига келишига тўсқинлик қилмаяпти. Отишма тақсимлаш пунктидан тахминан ярим километр масофада, ҳарбийларга хавф туғдирадиган тарзда яқинлашаётган айрим гумонланувчиларга қарата олиб борилган», – дея таъкидланади ЦАХАЛ баёнотида.

Ғазо инсонпарварлик ёрдами жамғармаси аввалроқ ўз пунктлари атрофида тартибсизлик ва отишмалар ҳақидаги хабарларни рад этган эди.

Мавзуга оид