Жаҳон | 13:52 / 03.06.2025
2295
1 дақиқада ўқилади

NOAA: Қуёш чақнаши электр тармоқлари ва сунъий йўлдош тизимларини бузиши мумкин

Магнит бўрон навигацияга таъсир қилиши ва баланд кенгликларда шимолий ёғдуни қўзғатиши мумкин.

Фото: Getty Images

30 май куни содир бўлган қуёш чақнаши энергия ва сунъий йўлдош инфратузилмасида узилишларга олиб келиши мумкин. Бу ҳақда АҚШнинг Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси (NOAA) таркибига кирувчи Космик об-ҳавони башорат қилиш маркази (SWPC) хабар берди.

SWPC баёнотида таъкидланишича, қуёш бўрони энергия тизимлари, сунъий йўлдош тармоқлари ва навигация сигналларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Электр тармоқларида кучланишни назорат қилиш билан боғлиқ муаммолар ва қисқа муддатли узилишлар хавфига алоҳида эътибор қаратилади.

Кучли геомагнит фаоллик даражаси 1 ва 2 июн кунлари ҳам давом этиши мумкин. Прогнозга кўра, 3 июндан бошлаб бўрон ўртача ва кучсиз даражага – G1 ва G2 даражагача сусайиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, мутахассислар юқори кенгликларга эга бўлган ҳудудларда шимолий ёғдуни кузатиш мумкинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид