Ўзбекистон | 19:01 / 03.06.2025
1230
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Иордания подшоҳига ишонч ёрлиқларини топширди

Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II бин ал-Ҳусайн янги тайинланган элчи Нодиржон Турғуновга муваффақиятлар тилади.

Фото: Дунё

Ўзбекистоннинг Иорданияга янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов ушбу мамлакат подшоҳи Абдуллоҳ II бин ал-Ҳусайнга ишонч ёрлиқларини топширди.

Аммон шаҳридаги Басман қасрида бўлиб ўтган тантанали маросимдан кейинги мулоқот аввалида Нодиржон Турғунов Ўзбекистон президентининг Иордания подшоҳига йўлланган саломларини етказди.

Подшоҳ Абдуллоҳ II бин ал-Ҳусайн Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик изҳор этиб, янги тайинланган элчига муваффақиятлар тилади ҳамда икки қардош юртни боғлаб турувчи тарихий ришталарни янада мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга умид билдирди.

Шунингдек, Иордания томонининг элчи фаолиятида мазкур дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлида ҳар қандай кўмак кўрсатилиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган.

Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Турғунов 28 май куни ушбу мамлакат Ташқи ишлар ва хориждаги ватандошлар билан ишлаш вазирлиги бош котиби Мажид ал-Қатарнага ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширганди.

Мавзуга оид