Жаҳон | 21:50 / 03.06.2025
29245
4 дақиқада ўқилади

«Портлаши керак бўлган ҳамма нарса портлатилади» – Медведев «Ўргимчак тўри» операциясига Россиянинг жавоби қандай бўлиши ҳақида

Фото: Видеодан кадр

Украина қуролли кучлари бош штаби «Ўргимчак тўри» амалиёти натижасида Россия авиациясининг тахминий йўқотишлари бўйича маълумотларни 3 июн куни давомида икки бор янгилади.

Украин ҳарбийлари дастлаб Россия 12 та самолётидан айрилганини тасдиқлаганди. Кейинроқ бош штаб ҳам амалиёт натижасида Россиянинг 41 та самолёти яксон этилганини эълон қилди.

«Турли манбалардан олинган қўшимча маълумотларни қайта ишлаш ва уларни текшириш маълум бир вақтни талаб қилгандан сўнг, биз шуни маълум қиламизки, оккупантларнинг жами йўқотишлари 41 та ҳарбий самолётни ташкил этди, улар орасида стратегик бомбардимончилар ва бошқа турдаги жанговар ҳаво кемалари бор», – дейилади Украина қуролли кучлари бош штаби хабарида.

Амалиёт ўтказилган 1 июн куни Украина хавфсизлик хизмати жами 41 самолёт, жумладан, А-50, Ту-95, Ту-22 М3 ва Ту-160 самолётлари йўқ қилингани ҳақида маълумот берганди.

Украин дронлари зарбалари остида қолган Иркутск областидаги «Белая» ва Мурманск областидаги «Оленя» аэродромлари атрофида олинган видеолар ҳамда сунъий йўлдош тасвирларига қараб 10 тадан 13 тагача самолёт йўқ қилинганини кўриш мумкин.

«Медуза» таҳлилчилари аэродромлар бўйлаб зарбалар, ҳатто йўқ қилинган бомбардимончи самолётлар сони визуал материаллар орқали тасдиқланганидан кўпроқ бўлса ҳам, кўп нарсага таъсир қила олмаслигини ёзишган.

Аммо «ядровий триада» базалари бўйлаб зарбалар, дея қайд этилади «Разбор» бўлими материалида қайд этилганидек, ҳарбий-стратегик нуқтайи назардан муҳимдир. Ғарбдаги сиёсатчилар бир неча йилдан буён «Путиннинг қизил чизиқлари»ни кесиб ўтиш мумкинми ёки йўқлигини муҳокама қилиб келишади: Украинага янги ёрдам кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилишда Кремлнинг ядровий таҳдидларини (ҳам очиқ айтилган, ҳам шама қилинган) ҳисобга олиш керакми — ёки уларни сафсата деб ҳисоблаш ва шунга мос равишда ҳаракат қилишми. Украина хавфсизлик кучлари, катта эҳтимол билан, иккинчи талқин тўғри эканини исботлашга уринмоқда.

The New York Times нашри АҚШ расмийларига таяниб ёзишича, АҚШдагилар Россия Украина операциясига «жиддий жавоб қайтариши»ни кутмоқда. Америка разведкаси у қайси объектларга йўналтирилишини ҳали аниқламади, бироқ расмийлар Москва фуқаролик инфратузилмасига дронлар билан зарба беришни давом эттириши, Украина энергетика тизимига зарба бериши ёки Украинага ўрта масофали баллистик ракеталар учириши мумкин, деб ҳисобламоқда. Ўз навбатида, Bloomberg’нинг Москвадаги манбаларига таяниб хабар беришича, «Ўргимчак тўри» операцияси доирасида Украина дронларининг Россия авиабазаларига ҳужуми Кремлда фронт чизиғидан узоқда жойлашган ҳаво флотининг кутилмаган заифлиги туфайли Кремлда «ғазаб ва хавотир» уйғотган.

Россиянинг Z-каналларида ҳам «Ўргимчак тўри» операциясига (шунингдек, темирйўлдаги кўприкларни портлатишга) жавоб талаб қилинмоқда. «Қайғураётган ва қасос олинишини кутаётган барчага», – деб мурожаат қилди уларга Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев телеграм-каналида. «Портлаши керак бўлган ҳамма нарса, албатта, портлатилади, йўқ қилиниши керак бўлганлар – йўқ бўлади», – деб ёзган Медведев.

Кремл ҳозирча фақат Россия президенти Владимир Путин 1 июн куни Россия объектларига қилинган ҳужумлар ҳақида «онлайн режим»да маълумот олганини айтиш билан чекланди ва тергов натижаларини кутишга чақирди. «Россия Тергов қўмитаси томонидан бошланган тергов ҳаракатлари кетаётганини биласиз. Мудофаа вазирлигининг тегишли баёноти ҳам бор. Мен тергов натижаларини кутишни ва Россия мудофаа вазирлиги баёноти мазмунига эътибор қаратишни таклиф қиламан», – деди РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 3 июн куни журналистларга.

Мавзуга оид