Фан-техника | 17:30 / 04.06.2025
3764
4 дақиқада ўқилади

Расмларни HD форматда юбориш, аудио хабарларни кесиш ва каналлар билан мулоқот – Telegram’да янгиланишлар

3 июнь куни Telegram жамоаси мессенжер фойдаланувчилари учун янгиланган ўзгаришни тақдим қилди. Тобора ижтимоийлашиб бораётган мессенжер фойдаланувчиларга канал эгалари билан суҳбатлашиш, расмларни юқорироқ сифатда юбориш ва бошқа иловалардан тўғридан тўғри ҳикоя жойлаш имкониятларини тақдим қилмоқда.

Фото: Kun.uz

Каналларга шахсий хабарлар юбориш имконияти

Энди фойдаланувчилар Telegram’даги оммавий каналларга шахсий хабарлар юбориши ҳамда каналнинг эгаси, админлари билан бевосита суҳбатлашиши мумкин. Бунинг учун канал эгаси ушбу режимни ёқиши керак. Админлар обуначилар билан шахсий ахборотларини ошкор қилмасдан, канал номидан мулоқот қила олади.

Канал эгасига обуначилардан келган хабарлар янги соддалаштирилган интерфейсда, шахсий чатлардан алоҳида кўринади. Бунинг учун каналнинг пастки панелидаги хабар белгисини босиш керак. Ўз каналингизга шахсий хабарлар қабул қилишни ёқиш учун канал созламаларидан «хабар канали» рукнига ўтилади.

Бундан ташқари, канал эгалари ҳисобланган контент ижодкорлари – суҳбатларни бошқариладиган ва мазмунли қилиш учун обуначилар билан ҳар бир шахсий хабар учун тўлов белгилаши мумкин.

Яна бир муҳим янгилик – мессенжер расмларни HD сифатда юбориш имкониятини қўшди

Аслида 2014 йилдан бери фойдаланувчилар тўлиқ аниқлик даражасидаги расмларни асл файл кўринишида юбориши мумкин. Лекин расмлар очиқ медиа ҳолатда юборилганда уларнинг сифати оптималлаштирилиб, 240 KB'гача туширилади. Бу расмларни тезроқ юбориш ва мобил интернет сарфини камайтириш мақсадида қилинган.

Эндиликда расмларни юборишда янги сифат опцияси — «Юқори аниқлик даражаси» қўшилди. HD расмлар 4 баравар кўп пикселларга эга бўлади, шу билан бирга, 0,5 MB'дан кам трафик ишлатади. Расмни HD сифатида юбориш учун расм муҳарририда SD тугмасини босиб алмаштириш мумкин. Ёки ўнг бурчакдаги менюдан «Юқори сифатда юбориш» бандини ҳам танлаш мумкин.

Овозли хабарларни кесиш

Эндиликда фойдаланувчилар овозли хабар ёзиб бўлгач, унинг бошланиш ва тугаш нуқталарини силжитиб, керакли парчани аниқ кесиб олиши мумкин. Мукаммал аудиохабар учун уни бошқатдан ёзиш шарт эмас, шунчаки кераксиз жойини кесиб ташлайсиз.

Маълум қилинишича, ушбу опция овозли хабар ёзаётганда ёзувни қулфлаш учун юқорига сурилганда пайдо бўлади. Афзаллиги – хабарни ёзиб бўлиб, уни кесгандан кейин микрофон белгисини яна босиб, қўшимча қисмларни ёзишингиз мумкин.

Шунингдек, овозли ва видео хабарлар учун паузалаш, уни давом эттириш ҳам мумкин.

Кўпроқ сўровнома вариантлари

Telegram’да 2018 йилдан буён ҳар қандай гуруҳ ёки каналларда қарорлар қабул қилиш ва тадбирларни режалаштириш учун сўровномалардан фойдаланиш имконияти очилган эди.

Ушбу янгиланишлар билан сўровномаларда 12 тагача вариант қўллаб-қувватланади. Шунингдек, сўровномаларни «Сақланган хабарлар»га юбориш ва натижалардан келажакда фойдаланиш мумкин.

Қўшимча имкониятлар

Гуруҳлардаги мавзулар (theme) учун янги саҳифа макети мавжуд бўлиб, у сизга чатлар рўйхатидан тезроқ кириш ва суҳбатлар орасида бир марта босиш орқали ўтиш имконини беради.

Бундан ташқари, iOS учун бошқа иловалардаги бирламчи «Улашиш» тугмаси ёрдамида бевосита Telegram’га ҳикоя (Stories) жойлаш мумкин. Бу энди мессенжернинг ижтимоийлашаётган функцияларидан бири.

Ушбу ўзгаришлардан фойдаланиш учун Telegram иловасини – Play Market ёки App Store орқали янгилаб олиш керак бўлади.

Аввалроқ, Павел Дуров Telegram – Илон Маскнинг Grok сунъий интеллекти билан ҳамкорликни йўлга қўйгани, Premium обуначилари сони 15 миллиондан ошгани ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид