Жаҳон | 15:50 / 04.06.2025
2788
2 дақиқада ўқилади

Сурияликлар Қурбон ҳайити арафасида оммавий равишда уйга қайтяпти

Сурияликлар Туркия президенти ва турк халқига миннатдорчилик билдирди.

Фото: Anadolu Agency

Фуқаролар уруши туфайли Туркияда узоқ вақт яшаб келган ўнлаб сурияликлар Қурбон ҳайити олдидан оммавий равишда ватанига қайтишни бошлади. 61 йиллик Асадлар режими ағдарилганидан кейин мамлакат аҳолисига ўз ватанларига қайтиш имконияти берилди.

Туркиянинг Килис вилоятидаги Онжупинар чегара пунктига келган суриялик оилалар Сурияга доимий равишда қайтиши учун зарур процедуралардан ўтказилмоқда.

Байрам арафасида қайтувчилар оқими ортди. Назорат пунктида тирбандлик кузатилмоқда.

25 ёшли Аҳмад Исмоил «Анадолу» агентлигига 7 йил аввал уруш туфайли Сурияни тарк этишга мажбур бўлганини ва Туркиядан бошпана топганини айтди.

«Бу вақт давомида ўй-хаёлларим ўз юртимда қолди. Суриядаги уруш тугади ва мен қайтиб кетяпман. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўған ва турк халқига миннатдорчилик билдираман. Қурбон ҳайитини ватанимда ўтказишимдан хурсандман», — деди у.

19 ёшли Экрем Ўмер ҳам уруш тугаганидан кейин қайтишга қарор қилганини қайд этди. - Байрамни оилам даврасида юртимда ўтказиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман, - дейди у.

23 ёшли Зеид Элжубейди Туркияга урушдан қочиб келганини ва энди ўз минтақасида тинчлик ўрнатилганидан кейин ватанига қайтишга қарор қилганини айтди.

«Оиламни 4 йилдан бери кўрмадим. Улар билан учрашиб, байрамни Сурияда ўтказишимдан жуда хурсандман. Ҳаммаси учун Туркия ва турк халқига миннатдорчилик билдираман», — дея қўшимча қилди у.

Мавзуга оид