Ғазо, Сурия ва Эрон: Яқин Шарқдаги сўнгги ўзгаришлар таҳлили
Ғазода оташкесим бўйича АҚШ таклиф этган лойиҳага Ҳамас нега кўнмаяпти? Суриянинг янги ҳукумати Исроилни тан оладими? АҚШ–Эрон музокараларида олдинга силжиш тўхтаб қолдими? Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида – Яқин Шарқдаги сўнгги жараёнлар юзасидан сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Шавкат Икромов шарҳи.

— АҚШ президентининг маслаҳатчиси Стив Уиткофф ишлаб чиққан сулҳ лойиҳаси асосида, Ғазода ўт очишни 60 кунга тўхтатиш таклиф қилиняпти. Исроил рози, аммо Ҳамасни қониқтирмаётган нарса нима?
Фарҳод Каримов: Бундан аввалги вақтинчалик сулҳ 1 мартда тугаган, шундан кейин 18 мартдан бошлаб Исроил яна ҳарбий ҳаракатларни бошлаганди. Сўнгги ҳафталарда ЦАҲАЛ Ғазода “тозалашнинг янги босқичи”ни эълон қилди.
Шу фонда АҚШ ҳукумати 60 кунлик сулҳ таклифи билан чиқяпти. 18 нафар асирни Исроилга қайтариш эвазига, 1100 дан ортиқ ғазолик асирларни тутқунликдан чиқариш илгари суриляпти. Лекин Ҳамас буни қабул қилмаяпти. Ҳамас 60 кунлик эмас, Ғазодаги урушни буткул тугатиш ва Исроил армиясининг ҳудуддан чиқиб кетишини талаб қиляпти. Доимий сулҳсиз, 60 кунлик оташкесим Исроилни тўхтатмайди, деган фикр бор.
Ундан ташқари, ҳуманитар ёрдам юкларини етказиб бериш масаласи. АҚШ таклифига кўра, инсонпарварлик юкларини етказиб бериш фақат Қўшма Штатлар томонидан амалга оширилиши керак. Бу эса Ҳамасга ноқулай, чунки юк етказиб бериш орқали Ҳамаснинг муҳим инфратузилмалари ҳақидаги маълумотлар қўлга киритилиши мумкин.
Шавкат Икромов: Ҳамас раҳбариятининг фикрича, Исроил бўйича АҚШнинг вакили Стив Уиткофф Исроилга хайрихоҳ, Ҳамасга эса душманона кайфиятдаги шахс бўлиб, мазкур сулҳ шартлари тузилаётганда тўлиқлигича бу нарса ўзининг ифодасини топган.
Тактик жиҳатдан Ҳамас аллақачон мағлубиятга учраб бўлди, у ҳозир армия сифатида тўлақонли ҳаракат қила олаётгани йўқ. Лекин Ҳамаснинг стратегик узоқ муддатли режаларида мавжуд вазият инобатга олинган. Исроил эса Ҳамасни охиригача йўқ қилиб юбормасдан, у билан ҳар қандай шартномалар тузиш Ҳамаснинг қайта тикланиши учун асос бўлади деб ҳисоблайди.
Исроил ҳукумати инсонпарварлик ёрдами масаласида “ҳуманитар тузоқ” тактикасини қўллаяпти. Исроил Ғазога ҳуманитар ёрдамлар билан бирга қурол-яроғ ҳам кириб келаётганини даъво қилади, лекин шу пайтгача бу даъволарига ҳеч қандай асос келтирмаган. Халқаро текширувларда ҳам бирон бир тасдиқ топилмаган.
Ғазо аҳолиси бугун ўта оғир вазиятда. Ҳамасда ҳозир ҳеч бўлмаса 60 кунлик оташкесимга эришиб бўлса ҳам ўз халқига енгиллик бериш мажбурияти ҳам мавжуд.
— Сурия ва Исроил муносабатлари дипломатик муносабатлар ўрнатиш томон кетяптими?
Фарҳод Каримов: Бундай хабарларни дунёдаги нуфузли нашрлар ҳам қайд этяпти. Ҳатто томонлар Озарбойжонда ҳам норасмий учрашувлар ўтказгани, унда Туркия ҳам қатнашгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Сурия ҳокимиятига Аҳмад аш-Шара келгач минтақада кучлар мувозанати ўзгарди. Яъни Исроилнинг душмани бўлган Эрон ўйиндан чиқди ва Туркия таъсир доирасини кенгайтирди. Лекин шу музокаралар пайтида ҳам Исроил Сурия ҳудудларини бомбардимон қилишни унутмаяпти. Исроил томонидан амалга оширилаётган ракета зарбалари мувофиқлаштирилган ҳолда амалга оширилаётганга ўхшайди. Чунки Аш-Шара ҳукумати бунга кескин жавоб бермаяпти. Гўёки Сурияда Шаранинг хабарисиз айрим гуруҳлар Исроил томонга иккита-учта ракета учирган бўляпти, натижада Исроил бунга кескин ҳужумлар билан жавоб қайтаряпти. Аш-Шара айрим бир кераксиз бўлган, унга халақит бераётган қайсидир гуруҳларни секин-аста шу йўл билан йўқ қилиш йўлини тутаётган бўлиши ҳам мумкин.
Суҳбатни тўлиқ ҳолда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид

18:56 / 06.06.2025
Эрон баллистик ракеталар учун Хитойдан «минг тонна материал» буюртма қилди

13:02 / 06.06.2025
Ўзбекистон Эрон портига сармоя киритиб, махсус терминал қуради

18:23 / 05.06.2025
Трамп 48 соат ичида уч етакчи билан мулоқотда муваффақиятсизликка учради – ОАВ

14:25 / 05.06.2025