Ўзбекистон | 17:24 / 05.06.2025
2055
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон яшаш нархи энг арзон давлатлар қаторига кирди

Яшаш даражаси глобал рейтинги тузилди, унда мамлакатлар товар ва хизматлар нархи, жумладан, ижара ҳақи, коммунал хизматлар, озиқ-овқат, ресторан нархлари, маҳаллий аҳолининг харид қобилияти бўйича таснифланди.

Фото: David Trilling

2025 йилда Ўзбекистон Numbeo яшаш даражаси глобал рейтингида 139 мамлакат ичида 127-ўринни эгаллади. Бу мамлакат яшаш қиймати энг арзон давлатлар қаторидан жой олганини англатади.

Дунёдаги энг йирик шаҳарлар ва мамлакатлар маълумотлар базасига эга портал яшаш қиймати индексини ҳисоблаб чиқди ва тегишли рейтингни тузди (Cost of Living Index by Country). Мутахассислар турли мамлакатларда яшаш қанчалик қиммат эканини ҳисоблади.

Рейтингни тузишда товар ва хизматлар нархи, жумладан, ижара ҳақи, коммунал хизматлар, озиқ-овқат, ресторан нархлари, маҳаллий аҳолининг харид қобилияти ҳисобга олинди. Рақамлар Нью-Йоркдаги (АҚШ) турмуш даражаси билан таққосланди. Рейтинг шундай тузилганки, биринчи ўнталикка яшаш учун энг қиммат мамлакатлар кирди, охирги ўринларда эса арзонроқ мамлакатлар.

Ўзбекистон 24,2 балл билан яшаш нархи арзон бўлган давлатлар гуруҳига киритилди (127-ўрин).

Россия 132-ўринда, Беларус 123-ўринда, Қирғизистон 121-ўринда, Қозоғистон 114-ўринда, Арманистон 63-ўринда қайд этилди. Тожикистон ва Туркманистон рейтингга киритилмади.

Яшаш учун энг қиммат давлатлар АҚШ Виржиния ороллари, Швейцария, Исландия, Баҳама ороллари ва Сингапур бўлса, энг арзонлари Афғонистон, Ҳиндистон, Миср, Ливия ва Покистон бўлди.

Мавзуга оид