Жамият | 12:10 / 05.06.2025
976
2 дақиқада ўқилади

Сифат ҳужжати бўлмаган дориларни сотаётган шахслар ушланди

Тошкент вилоятида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган дори воситалари ва тиббий буюмларни сотаётганлар қўлга олинди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нурафшон шаҳри бўлими, ДХХ, ИИВ ва Божхона ходимлари ҳамкорлигида ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда, қонунга хилоф равишда дори воситалари ва тиббий буюмлар савдоси билан шуғулланиб келган Н.А. фуқаро М.Х.га хорижда ишлаб чиқарилган жами 72 000 дона “система инфузион” тиббий буюмларини 17 900 АҚШ доллари ва 30 млн сўмга сотган вақтида ушланиб, унинг KIA русумли автомашинаси ҳамда Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги яшаш хонадонидан сотиш мақсадида сақлаб келинган умумий баҳоси 240 млн сўмлик 867 қути дори воситалари ҳамда 29 турдаги 72 389 дона тиббий буюмлар ашёвий далил сифатида олинган. 

Шу каби, департаментнинг Чирчиқ шаҳри бўлими, ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Қ.Б. фуқаро Ш.Б.га келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган жами 11 500 дона “Менавазин” ва “Метралин” номли дори воситалари ҳамда “система инфузион” тиббий буюмларини 130 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид