Жаҳон | 18:26 / 05.06.2025
12499
2 дақиқада ўқилади

Тинч океанида 3 мингта автомобил ортилган кема ёниб кетди

Автомобиллар Мексикага олиб кетилаётган бўлган. Кемадаги барча — 22 нафар денгизчи эвакуация қилинган.

Фото: United States Coast Guard

Тинч океанининг марказий қисмида Мексикага 3 мингга яқин автомобил, жумладан, 800 та электромобил олиб кетаётган Morning Midas юк ташувчи кемасида ёнғин чиқди. Бу ҳақда АҚШ соҳилни қўриқлаш хизматига таяниб Bloomberg хабар берди.

Қайд этилишича, ҳодиса Адак оролларидан (Аляска) 480 километр жанубда содир бўлган.

Кемани бошқарувчи Zodiac Maritime компанияси маълумотларига кўра, тутун палубалардан бирида пайдо бўлган. «Экипаж оловни ўчириш чораларини кўрди, аммо вазиятни назоратга олишнинг имкони бўлмади», — дейилади баёнотда.

АҚШ соҳилни қўриқлаш хизмати 22 нафар денгизчини шу атрофдан сузиб ўтаётган савдо кемасига эвакуация қилган. Кемадаги юк кимга тегишли бўлгани ошкор этилмади.

Сув сиғими 46,8 минг тоннага етадиган кема 2006 йилда Хитойдаги Xiamen Shipbuilding кемасозлик корхонасида қурилган ва ўша йилнинг 26 майида Янтай портидан сувга туширилган.

Allianz ҳисоботида келтирилишича, литий-ионли аккумуляторлар кемалар, айниқса, автомобил ташувчи йирик кемалар учун янги таҳдидларни юзага келтирмоқда. Ёнаётган электромобилларни ҳарорат юқорилиги ва тор палубаларда вентиляция чеклангани сабаб ўчириш қийин. Кемаларнинг пўлат конструкцияси алангани ўчиришга халақит бериб, экипаж учун хавф даражасини оширади.

Мавзуга оид