Жамият | 21:29 / 05.06.2025
9390
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдан водийга қайтишда улкан тирбандликлар кузатилмоқда

Қамчиқ довони орқали водийга кетиш йўлида улкан тирбандликлар юзага келди. Бунга «Чинор» ЙПХ масканидан ўтганда амалга оширилаётган йўл таъмирлаш ишлари сабаб бўлмоқда. Ангрен шаҳридан бошланган тирбандликлар бир неча километрга чўзилган.

Фото: Kun.uz

5 июн куни А373 Тошкент-Андижон автомобил йўлининг Тошкент вилояти ҳудудидан ўтган қисмида улкан тирбандликлар юзага келди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Қайд этилишича, «Чинор» йўл-патрул хизмати масканидан ўтгандан кейин, Тошкент шаҳри томон ҳаракат йўналишидаги автомобил йўлининг бир қисми таъмирланмоқда. Натижада автомобиллар ҳаракатини қийинлаштиряпти. Қурбон ҳайити муносабати билан пойтахтдан водийга кўплаб фуқаролар қайтаётгани боис шу кунларда ҳудудда жуда катта тирбандликлар юзага келган.

Таъкидланишича, Ангрен шаҳридан бошланаётган мазкур тирбандликлар довонга кўтарилгунга қадар бўлган 20 километргача масофага чўзилган. Автомобил йўлининг айрим нуқталарида ЙПХ ходимлари транспорт воситаларининг тезроқ ҳаракатланишини таъминлаш мақсадида водийдан келаётган автомобиллар ҳаракатини тўхтатиб ҳам қўйган.

Kun.uz’га мурожаат йўллаган фуқаролардан бири ҳам «Чинор» постидаги таъмирлаш ишлари анча муддатдан бери давом этаётгани ва бу ҳайдовчиларга қийинчилик туғдираётганини билдирди.

«Тошкентдан Фарғонага иш билан ҳар ҳафта бориб тураман. Аммо «Чинор» постидан кейин таъмирлаш учун ёпилган йўл туфайли кўп вақтим шу ерда сарфланмоқда. Бу муаммо нафақат менинг, балки кўплаб фуқароларнинг вақтини олмоқда. Йўл узоқ муддат ёпиқ бўлиб, таъмирлаш ишлари жуда секин олиб борилмоқда. Бунинг оқибатида йўлларда катта тирбандликлар юзага келяпти, одамлар соатлаб кутишга мажбур бўлмоқда. Бу ҳолат айниқса шошилинч ёрдамга муҳтож бўлган беморлар ва муҳим ишлар билан саёҳат қилаётганлар учун жиддий ноқулайликлар келтириб чиқаряпти», — дейди мурожаатчи.

«Қамчиқавтомобилйўл ИЙФК» давлат муассасаси 4 июн куни Тошкент—Оҳангарон—Ангрен—Қўқон—Шаҳрихон—Андижон автомобил йўли 121—122-километрлар оралиғининг Тошкент—Водий йўналишида қисқа тирбандликлар юзага келаётганини маълум қилганди. Хабарда ушбу ҳолат тегишли ташкилотлар ёрдамида бартараф этилгани ва автотранспорт воситалари икки томонлама хавфсиз ҳаракатланаётгани билдирилган.

Эслатиб ўтамиз, май ойида президент топшириғига асосан автомобил йўлларида ҳаракатланиш тартибини янада такомиллаштириш, ҳайдовчиларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинганди.

Ҳужжатда 1 июндан бошлаб шаҳарларда автомобил йўлларини таъмирлаш ёки йўл чизиқларини чизиш билан боғлиқ ишларни соат 07:00 дан 21:00 га қадар амалга оширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган. Дам олиш кунлари, шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган алоҳида ҳолатлар бундан мустасно.

Мавзуга оид