Ўзбекистон | 12:52 / 05.06.2025
2919
2 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш бошланди

2025–2026 ўқув йили учун абитуриентларни рўйхатга олиш 5 июндан бошланди.

Фото: Kun.uz 

Давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилиши белгиланган.

Абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балига асосан дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.

Олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш имтиҳонлари июл–август ойларида ўтказилади.

Давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига қабул жараёни қуйидаги 2 босқичда амалга оширилади:

биринчи босқичда абитуриентлар ҳар йили 5 июндан 25 июнгача (25 июн куни ҳам) тест синови топшириш учун рўйхатдан ўтади ҳамда тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, таълим тили ва тест топшириш ҳудудини, шунингдек, кириш имтиҳонлари таркибида касбий (ижодий) имтиҳон бўлса, ушбу имтиҳонни топширадиган давлат ОТМни танлайди;
иккинчи босқичда абитуриентлар тест синовлари тўлиқ якунланганидан сўнг 15 кун давомида олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танлайди.

Олий таълим муассасаси, бакалавриат таълим йўналиши ва таълим шаклини танламаган абитуриентлар якуний танловга қўйилмайди.

Профессионал таълим муассасаларида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар профессионал таълим муассасасини, касб ва мутахассисликни ҳамда таълим шаклини ОТМларга қабулнинг якуний натижаси эълон қилинганидан сўнг 10 кун муддатда танлайди.

Мавзуга оид