Трамп Хитой билан савдо урушини ҳал этиш бўйича музокаралар ўтказилишини маълум қилди
Музокаралар 9 июнда Лондонда бўлиб ўтади ва у ўзаро савдо масалаларига бағишланади. АҚШ томонидан унда элчи, савдо ва молия вазирлари иштирок этади.

Фото: Getty Images
9 июн куни Лондонда Хитой ва Америка делегациялари ўртасида ўзаро савдо масалаларига бағишланган музокаралар бўлиб ўтади. Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғи орқали маълум қилди.
«Молия вазири Скотт Бессент, савдо вазири Говард Латник ва АҚШ савдо вакили, элчи Жеймисон Грир 2025 йил 9 июн, душанба куни Лондонда Хитой вакиллари билан савдо келишуви масалалари бўйича учрашув ўтказади. Музокаралар муваффақиятли ўтиши кутилмоқда. Ушбу масалага эътибор берганингиз учун ташаккур!», — деб ёзади у.
Музокаралар апрел ойида Вашингтон ва Пекин ўртасида савдо уруши авж олганидан сўнг юзага келган савдо муносабатларидаги тангликни юмшатиш фонида ўтказилмоқда. Май ойида томонлар 90 кунлик вақтинчалик келишувга эришганди: АҚШ Хитой товарларига қўйилган божларни 145 фоиздан 30 фоизгача, Хитой эса АҚШ маҳсулотларига қўйилган божларни 125 фоиздан 10 фоизгача пасайтирган.
Бессентнинг тан олишича, вақтинчалик сулҳдан кейин савдо уруши бўйича музокаралар «бироз боши берк кўчага кириб қолган».
Трамп Хитойни савдо келишувини бузишда айблаган. Республикачининг сўзларига кўра, Америка божлари сабаб Хитой «жиддий иқтисодий хавфда қолган» ва Пекинни «қутқариш» учун «тезкор битим» тузилган. Аммо Женевадаги келишувлардан кейин вазият барқарорлашгач, Хитой томони «одатдаги ишлари»га қайтган.
Хитой ҳам қарши эътирозларини билдирган. Савдо вазирлигининг маълум қилишича, Қўшма Штатлар «бир қатор дискриминацион ва чекловчи чораларни» (масалан, сунъий интеллект технологиялари учун чиплар экспорти бўйича қоидаларни кучайтириш ҳамда хитойлик талабалар визаларини бекор қилиш) амалга оширган. Бу Женевада эришилган келишувга путур етказган.
Эслатиб ўтамиз, 5 июн куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Хитой раҳбари Си Жинпинг телефон орқали мулоқот қилганди. Трампнинг сўзларига кўра, икки етакчи ўртасидаги суҳбат тахминан бир ярим соат давом этган. АҚШ президенти суҳбатни «жуда яхши» деб атаган.