Хатолар улғайтирган жамоа. Ўзбекистоннинг мундиал сари узоқ йўли ҳақида

Фото: Getty Images
2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 48 жамоадан ҳозирча фақат 10 тасининг номи маълум. Шундан учтаси мезбонлар, бири эса Ўзбекистон.
Ўзбекистон миллий жамоаси ниҳоят, саккизинчи уринишда ишончли тарзда, муддатидан олдин йўлланмани нақд қилди. Бунгача эса ҳар сафар аламли тугаган еттита уриниш бўлганди.
Қуйида ўша йилларни ёдга оламиз.
ЖЧ-1998
Бош мураббийлар: Рустам Мирсодиқов/Убиражара Вейга да Силва
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 4-ўрин
1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистон 1994 йил АҚШ майдонларида ўтказилган жаҳон чемпионати саралашида иштирок этишга улгурмаган.
Шу туфайли биринчи уриниш 1998 йил Франция мезбонлик қилган мундиал саралашига тўғри келади. 1994 йилда Осиё ўйинлари ғолиби бўлган, сафида Миржалол Қосимов, Игор Шквирин, Николай Ширшов, Шуҳрат Мақсудов, Нўъмон Ҳасанов, Равшан Бозоров, Олег Шацких, Сергей Лебедев, Андрей Фёдоров, Дилмурод Назаров каби футболчиларни жамлаган миллий жамоа ўшанда қитъа грандларидан бири мақомига даъво қиларди. 1997 йил майида бошланган саралаш босқичи аввалига Ўзбекистон учун кўтаринки руҳда ўтади. Биринчи босқичда Яман, Индонезия ва Камбожа каби рақибларга ҳеч қандай имконият қолдирилмайди, айниқса Камбожа билан ўйинларнинг иккисида ҳам йирик ҳисобдаги ғалабалар (6:0, 4:1) қайд этилади.
Аммо иккинчи босқичда жамоанинг ҳақиқий даражаси кўриниб қолади: Японияга сафарда (3:6), Жанубий Кореяга уйда (1:5) йирик ҳисобларда мағлуб бўлинади, БАА ҳам Тошкентдан ғалаба (2:3) билан қайтади. Якунда 3 ўйинда дуранг ўйнаган ва фақат Қозоғистон билан уй ўйинида ғалабага эришган жамоа гуруҳда тўртинчи ўринда қолиб кетади.
Ҳолбуки, ўша вақтларда Осиёга ЖЧ учун 2,5 та йўлланма тақдим этилганди ва гуруҳдаги иккинчи ўрин ҳам йўлланмани кафолатламасди.
ЖЧ-2002
Бош мураббийлар: Владимир Салков, Леонид Остроушко
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 3-ўрин
Осиё грандлари Япония ва Жанубий Корея мезбонлик туфайли саралаш ўйинларидан озод этилган ва бу қитъанинг бошқа жамоалари учун яхши имконият ҳосил қилганди.
Бу саралаш цикли Ўзбекистон фуқаролиги берилган россияликлар Владимир Маминов, Олег Пашинин, Алексей Поляков, Руслан Агаларов, болгарлар Алексей Дионисиев ва Георгий Георгиев каби футболчиларнинг ўйинлари, Маминовнинг Хитой Тайбэй дарвозасига майдоннинг иккинчи қисмида туриб чалқанча услубда урган голи билан ёдда қолган.
Аммо хорижликларни натураллаштириш ҳам иш бермайди. Ўзбекистон бу сафар ҳам биринчи босқични кучли ўтказади, бу сафар Камбожа ўрнига Хитой Тайбэй жамоаси дарвозасига беармон гол урилади (7:0, 4:0), Туркманистон ва Иордания ҳам ортда қолдирилади.
Аммо яна иккинчи босқичдаги рақиблар жиддий муаммо туғдиради. Агар мундиал йўлланмасини қўлга кирита олмаса ўзини Буюк Хитой деворидан ташлашини айтган сербиялик мутахассис Бора Милутинович хитойликлар билан гуруҳда биринчи ўринни эгаллайди. БААга қарши сафарда ҳам, уйда ҳам ютқазган Ўзбекистон эса учинчи ўринда қолиб кетади.
ЖЧ-2006
Бош мураббийлар: Юрген Гёде, Равшан Ҳайдаров, Роберт Ҳафтон
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 3-ўрин, плей-офф
Учинчи уринишда Ўзбекистон мундиал йўлланмасига жуда яқин келганди. Аммо таркибда Жепаров, Гейнрих, Нестеров, Бикмаев, Ашурматов, Кошелев, Солиев каби янги етакчилар пайдо бўлган жамоа ҳам Германия яшил майдонларидаги турнирга бора олмайди.
Жамоа бу сафар ҳам дастлабки босқичдан осонлик билан ўтади – Ироқ, Фаластин ва яна бир бор Хитой Тайбэй ортда қолдирилади.
Аммо якуний босқичдаги икки тўғридан тўғри йўлланмани Саудия Арабистони ва Жанубий Корея ўзиники қилади. Ўзбекистон асосий рақибларга қарши ўйинларда биттадан очко олиш билан кифояланади ва фақат сўнгги турда Кувайтга қарши 2005 йил 17 августида Тошкентда кечган тарихий ўйиндаги ғалаба эвазига мундиал йўлланмаси учун курашни давом эттирадиган бўлади. Англиялик мутахассис Боб Ҳафтон бошқаруви даврига тўғри келган ўша ўйиннинг биринчи бўлими давомида араблар иккита гол уришган, ўйиннинг қолган қисмида эса жамоа ирода кўрсатиб, ғалабани ўз томонига оғдира олганди.
Лекин Ўзбекистонни олдинда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар кутаётганди.
Гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган жамоани Баҳрайнга қарши ўтиш ўйинлари кутаётганди.
Тошкентда кечган биринчи ўйин стартидаёқ Миржалол Қосимов ҳисобни очади. Барчаси кўнгилдагидек кетаётганди, аммо шундан кейин ғалати воқеалар содир бўлади: 38-дақиқада Шацких тўпни бўш дарвоза томон йўллайди, рақиб ҳимоячиси эса уни қўли билан тўсиб қолади. Япониялик бош ҳакам Тосимицу Ёшида пеналти белгилайди, аммо араблар футболчисига қизил карточка кўрсатмайди. Жепаров пеналтини аниқ ижро этади, ҳакамлар эса навбатдаги хатога йўл қўяди. Тўп тепилаётганида Ўзбекистон вакилларидан бири жарима майдони ичига кириб кетгани қайд этилади ва баҳрайнликлар фойдасига эркин зарба берилади. Ҳолбуки, футбол қоидаларига кўра, бундай ҳолатда пеналти такроран тепилиши керак бўларди.
Ўйинда ҳисоб ўзгармай қолади, яъни Ўзбекистон минимал ҳисобда бўлса ҳам ғалабага эришади.
Аммо ЎФФ ФИФАга расмий шикоят юбориб, биринчи беллашув учун техник мағлубият ёзиш ва жавоб учрашувига европалик ҳакамларни тайинлашни сўрайди. Аммо ФИФА техник мағлубият ёзиш эмас, ўйинни қайтадан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаради. Якунда Ўзбекистон Тошкентдаги такрорий ўйинда 1:1, сафарда 0:0 ҳисобларида дуранг ўйнайди ва Баҳрайн сафардаги гол қоидаси бўйича ўтиш ўйинларидаги иштирокини давом эттиради (якуний босқичда Тринидад ва Тобагога ютқазади).
ЖЧ-2010
Бош мураббийлар: Миржалол Қосимов, Вадим Абрамов
Натижа: Иккинчи босқич, гуруҳда 5-ўрин
Бу вақтга келиб Осиёдан турнирга йўлланма олиш қийинлашган, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва Эрон каби доимий фаворитлар қаторига Австралия ҳам қўшилганди.
Ўзбекистон одатдагидек биринчи босқични ажойиб ўтказади, ҳатто Саудия Арабистони Тошкентда йирик ҳисобда мағлуб этилади (3:0).
Аммо якуний босқичда ҳар қачонгидан кўра муваффақиятсиз иштирок этилади ҳамда Австралия, Япония, Баҳрайн ва Қатар жамоалари билан бир гуруҳда сўнгги ўрин эгалланади. Саккиз ўйиндан фақат биттасида - Қатар билан Тошкентдаги ўйинда ғалаба қозонилади (4:0), Япония билан сафарда дуранг қайд этилади (1:1), қолган барча ўйинларда мағлубият алами тотилади, мухлислар учун айниқса Баҳрайнга қарши ҳар икки ўйинда 13 рақамли футболкадаги Маҳмуд Абдулраҳмон жарима зарбаларидан урган голлар аламли бўлади.
ЖЧ-2014
Бош мураббий: Миржалол Қосимов
Натижа: иккинчи босқич, гуруҳда 3-ўрин, плей-офф
Ўзбекистон 2011 йилда Осиё кубогида жуда кучли иштирок этиб, Осиёнинг гранд жамолари қаторига қайтганди. Худди шу даврда бошланган навбатдаги саралашнинг биринчи босқичида эса Япония билан ўйинларда 4 очко олинади, ўшанда Япония билан ўйинлардаги ягона ғалабага эришилган, Токиодаги ўйинда Александр Шадрин ғалаба голини урганди.
Одил Аҳмедов, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Азиз Ҳайдаров, Александр Гейнрих, Жасур Ҳасанов, Санжар Турсунов, Улуғбек Бақоев каби футболчилар ўз фаолиятининг чўққисида бўлган даврлар эди.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги жамоа иккинчи босқични ҳам муносиб ўтказади, Эрон Теҳронда мағлуб этилади, Жанубий Корея билан Тошкентда дуранг қайд этилади ва охирги турга қадар тўғридан тўғри йўлланма учун имконият сақлаб турилади.
Аммо Жанубий Кореяга қарши сафар ўйинида Акмал Шораҳмедов урган автогол якунда қимматга тушади, сўнгги турда Қатар 5:1 ҳисобида мағлуб этилиши ҳам фойда бермайди, Жанубий Корея ўз уйида Эронга ютқазиб беради ва ушбу икки жамоа Бразилиядаги мундиалга йўл олади, амалда Ўзбекистонга битта гол етмай қолади.
Шундан кейин Ўзбекистон ўтиш ўйинларида Иорданияга қарши икки ўйин ўтказади, икки ўйинда ҳам бир хилда 1:1 ҳисоби қайд этилади, Тошкентда чироқ ўчиб қолган ўйинда пеналтилар сериясида арабларнинг қўли баланд келади (Иордания ҳам якуний босқичда Уругвай тўсиғидан ўтолмайди).
ЖЧ-2018
Бош мураббий: Самвел Бабаян
Натижа: иккинчи босқич, гуруҳда 4-ўрин
Аҳмедов, Жепаров ва Гейнрих ҳали ҳам миллий жамоада ўйнаётган, шу билан бирга, Рашидов, Сергеев, Шомуродов каби янги номлар пайдо бўлган давр.
Кутилганидек, биринчи босқичдан осонлик билан ўтилади: КХДР, Филиппин, Баҳрайн ва Яман каби жамоалар билан бир гуруҳда 21 очко тўпланади.
Иккинчи босқичда яна Эрон ва Жанубий Корея билан бир гуруҳдан жой олинади. Ўзбекистон саралашни Сурия ва Қатар устидан ғалабалар билан бошлайди, аммо Эронга икки ўйинда ҳам, Корея, Хитой ва Сурияга сафар ўйинларида ютқазади. Охирги тур арафасида учинчи ўринда турган жамоа Корея билан Тошкентда дуранг қайд этади, футболчилар, жумладан, Анзур Исмоилов бу натижадан кейин плей-офф босқичига тайёрланаётганди. Аммо параллел учрашувда Эрон Суриядан қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб юборади ва ушбу жамоани плей-оффга олиб ўтади (қўшимча йўлланма учун ўйинларда Австралия Суриядан устун келади).
ЖЧ-2022
Бош мураббий: Эктор Купер, Вадим Абрамов
Натижа: биринчи босқич, гуруҳда 2-ўрин
Миллий жамоа тарихидаги энг муваффақиятсиз саралаш босқичи. Бу сафар жамоа биринчи босқичдан ҳам ўта олмади. Саудия Арабистони, Фаластин, Сингапур ва Яман жамоалари билан бир гуруҳда 15 очко билан иккинчи ўрин эгалланди, аммо гуруҳлардан биридаги КХДР саралаш турнирини тарк этиши кўп нарсани ўзгартириб юборди.
ФИФА барча гуруҳлардаги сўнгги 5-ўринни эгаллаган жамоалар билан натижалар бекор қилиниши ҳақида қарор чиқаради, натижада Ўзбекистоннинг Яман билан ўйиндаги натижалари (5:0, 1:0) бекор қилинади ва жамоа очколари сони 9 тага тушиб қолади. Бу эса гуруҳлардаги иккинчи ўринлар ўртасидаги энг ёмон натижалардан бири бўлади ва Ўзбекистон ўз тарихида илк бор якуний босқичга чиқа олмайди.
Бу саралаш босқичи Фаластинга қарши сафардаги мағлубиятдан кейин Эктор Купер истеъфога чиқариб юборилгани, футболчилар ўша ўйинни мураббийни кетказиш учун саботаж қилгани ҳақида миш-мишлар тарқалгани, саралашлар тарихидаги энг ёмон натижадан кейин жамоа етакчиси Одил Аҳмедов бутсаларини михга илгани билан ёдда қолган.
ЖЧ-2026
Бош мураббийлар: Сречко Катанец, Тимур Кападзе
Натижа: Муддатидан олдин йўлланма
Ўзбекистон бу инқироздан кучли бўлиб қайтди. Олдинги саралаш эрта тарк этилгач, дарҳол тажрибали мутахассис Сречко Катанец жамоа бошқарувига олиб келинди. У жамоада биринчи навбатда ҳимоя чизиғини мустаҳкамлади, унинг талаби билан Швеция, АҚШ, Мексика, Боливия, Венесуэла каби номдор рақибларга қарши ўртоқлик учрашувлари ташкиллаштирилди ва янги авлод футболчилари катта тажриба тўплади.
Ушбу мутахассис бошқаруви даврида 20 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этилди. Хусусан, ЖЧ-2026 саралашида Эронга қарши кетма-кет уч ўйинда ютқазилмади.
ЖЧ саралашининг биринчи босқичида Эрон билан бир хил очко тўпланди. Якуний босқичда яна Эрон, шунингдек Осиё кубогининг амалдаги ғолиби Қатар ҳамда азалдан саралаш босқичларида Ўзбекистонга жиддий муаммо туғдириб келадиган БАА рақиб бўлди.
Ўзбекистон ҳал қилувчи босқичда КХДР ва Қирғизистон каби гуруҳ аутсайдерларидан максимал очко (12) олди, БААга қарши Тошкентдаги ўйинда муҳим ғалабага эришди.
Қатар билан сафардаги ўйинда ҳам 0:2 ҳисобидан чиқиб кета олишди ва икки гол уришди, якунда ғалабага эришиш ҳам мумкин эди, аммо омад юз ўгириб, сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юборилди.
Сречко Катанец саломатлигидаги муаммо туфайли ишни давом эттира олмади, унинг ўрнини эгаллаган собиқ футболчи Тимур Кападзе эса ишни охирига етказиб қўйди.
Жамоа Озмун, Торимий каби юлдузларга эга Эронга қарши икки ўйинда ҳам ютқазмади, футболчилар Теҳрондаги дурангдан хафа бўлишди, улар бу ўйинда ғалабага ҳақлироқ эканини ҳис қилиб туришганди.
Шундан кейин БААга қарши сафар ўйинида дуранг қониқтирарди ва якунда керакли ҳисоб билан мундиал йўлланмаси ҳал қилинди. Бу ўйинда жамоа натижага қараб ҳам ўйнай олишини намойиш этди. Бу эса кучли жамоаларга хос сифатдир.
Шундай экан, бу авлоддан янада каттароқ натижалар кутса бўлади, бу жамоага ишонса бўлади.
Мавзуга оид

11:35
Ҳали Фаластинда ҳам имкон бор. Осиё саралашидаги интригалар

10:40
ЖЧ саралаши: Италия йирик ҳисобда ютқазди, Белгияда ҳам муваффақиятсиз старт

22:02 / 04.06.2025
Ҳаммаси ўз қўлимизда, эртага ғалаба қозонишимиз шарт – Тимур Кападзе

10:07 / 30.05.2025