Исроилда Тунберг бўлган кемани Ғазога киритмаслик ҳақида буйруқ берилди
Исроил мудофаа вазири бортида швециялик экологик фаол Грета Тунберг бўлган "Мадлин" кемасини Ғазо сектори қирғоқларига яқинлаштирмасликни буюрди.

Фото: Getty Images / Anadolu / Salvatore Allegra
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац бортида швециялик экологик фаол Грета Тунберг бўлган "Мадлин" кемасини Ғазо сектори қирғоқларига яқинлаштирмасликни буюрди. 8 июн, якшанба куни Исроил идораси раҳбари ҳарбийларга бортида 12 нафар фаол бўлган кемани тўсиб қўйишни буюрди.
«Антисемит Грета ва унинг ҳамроҳларига, ҲАМАС тарғиботига ёрдам берувчиларга аниқ айтмоқчиман: орқага қайтинглар, Ғазога етиб боролмайсизлар», дейилади вазирнинг баёнотида.
«Исроил ҳеч кимга Ғазо денгиз блокадасини бузишга рухсат бермайди, унинг мақсади - қуролларимизни одамларни гаровда ушлаб турган ва уруш жиноятларини содир этаётган қотиллар ва террорчилар гуруҳи ХАМАСга етиб боришига йўл қўймаслик», деди Кац. У «денгиз, ҳаво ёки қуруқлик орқали блокадани бузиш ёки террористик гуруҳларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳар қандай уринишларга қарши чора кўришга» ваъда берди.
«Озодлик флотилияси» таркибига кирувчи "Мадлин" кемаси 1 июн куни Сицилиядаги Катания портини тарк этди. Гуманитар ёрдам юкланган кема бортида атроф-муҳит фаоллари, Тунберг ва Европарламент депутати Рима Ҳассан бор. Ташкилотчилар Ғазо секторига консерва, гуруч, оқсилли батончалар, сут ва мева шарбатларини етказиб беришини айтди.
Экипаж аъзоларининг маълум қилишича, кема 7 июн куни Миср сувларига кирган ва Ғазо сектори томон йўл олган.
Ҳассанга феврал ойида Европа Иттифоқига парламент ташрифи доирасида Исроилга кириш тақиқланган эди.