Жаҳон | 23:14 / 09.06.2025
1270
2 дақиқада ўқилади

Венгрия мигрантларни киритмаслик учун кунига 1 млн евро тўлашга тайёр — Виктор Орбан

Мамлакат бош вазири ушбу харажатларни «келажак учун энг яхши инвестиция» деб атади.

Фото: Getty images

Венгрия ҳукумати мамлакатга ноқонуний мигрантларни киритгандан кўра, Европа Иттифоқига ҳар куни 1 миллион евро миқдорида жарима тўлашга тайёр. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Виктор Орбан маълум қилди. У мазкур харажатларни «келажак учун энг яхши инвестиция» деб атади.

«Брюссел таҳдид ва шантаж қилмоқда. Биз молиявий санкциялар остидамиз. Биз мигрантларни киритмаганимиз учун Брюсселга ҳар куни 1 миллион евро тўлашимиз керак… Кунига 1 миллион евро — бу биз учун катта пул, аммо битта бўлса ҳам мигрантни киритгандан кўра, уни тўлаймиз», — дейди Орбан.

Виктор Орбан Европада юз бераётган жараёнларни «аҳолини атайлаб алмаштириш ва шу йўл билан Европанинг маданий асосларини ўзгартириш» деб таърифлади.

2024 йил июнда ЕИ суди мигрантларни қабул қилиш қоидаларига боғлиқ олдинги суд қарорини бажармагани учун Венгрияга 200 миллион евро миқдорида жарима тўлаш, шунингдек, ҳар куни 1 миллион евродан тўловларни амалга ошириш мажбуриятини юклаган эди. Суднинг қайд этишича, Будапешт қочқинларнинг халқаро ҳимоя тартиб-қоидаларидан фойдаланишини чеклаган, уларни ҳибсга олган ва ноқонуний равишда келган муҳожирларни чиқариб юборган.

Мавзуга оид