Июнда об-ҳаво нисбатан салқин бўлиши кутилмоқда
Kun.uz’нинг “Об-ҳаво ва қишлоқ хўжалиги” рукнининг навбатдаги сонида июн ойидаги об-ҳаво шароити ва унинг қишлоқ хўжалигига таъсири таҳлил қилинди. Синоптиклар июн ойида Ўзбекистон ҳудудида салқинроқ кунлар нисбатан кўпроқ ҳукм суришини прогноз қилмоқда.

Камолиддин Икромов: Олдинроқ таъкидлаганингиздек, май ойи сўнги ва июн бошларида республикада салқин об-ҳаво фони кузатилди. Айтинг-чи, бундай муҳит қишлоқ хўжалигига қандай таъсир қилди?
Эркин Абдулаҳатов: Дарҳақиқат, аввалги соҳа прогнози ўзини оқлади ва ёз бошида аҳоли об-ҳавонинг сезиларли салқинлашганини ҳис қилди. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ривожи учун ижобий бўлди — ўсимликлар турли стресслардан сақланди. Баҳор охири ва ёз бошида салқинлик турли ҳаво оқимларининг алмашиниши натижасида юзага келди, лекин бу жараёнда кучли шамоллар ҳам кузатилди. Улар баъзи ерларда буғдойларнинг ётиб қолиши ва боғдорчиликдаги меваларнинг тўкилишини келтириб чиқарди. Бироқ бу зарар катта эмас. Май ойи охирида Фарғона вилояти Олтиариқ туманида кучли дўл ҳодисалари кузатилди ва бу боғдорларга жиддий зарар етказди — ҳосилнинг 30–70 фоизи йўқолди.
Камолиддин Икромов: Келаётган ўн кунлик ва умуман ой давомида об-ҳаво қандай бўлади? Деҳқонлар ғалладан бўшаган ерларда иккинчи экинларни экиш ва парвариш қилишда қандай шароитларга тайёр туришлари керак?
Эркин Абдулаҳатов: Июн ойининг ўрталарида бир неча кунлик жазирамаларни истисно қилганда, ойнинг иккинчи ярми нисбатан салқинроқ ўтиши кутилмоқда. Қисқа муддатли иссиқлик ортидан салқин шамоллар кириб келиши эҳтимоли бор. Бу ҳолат “карусел”га ўхшайди: бир иссиқ, бир салқин – июнга хос манзара. Ёғинлар нуқтайи назаридан шимолий ҳудудларда вазият яхшироқ, лекин бу “ёғинга суяниб уруғ экиш” дегани эмас.
Жорий ойда иккинчи экинлар ривожи учун асосий омил — сув манбалари. Омборлардаги сув захираси ва дарё-сойлардаги оқим бу жараёнда ҳал қилувчи рол ўйнайди. Деҳқон ва фермерлар кайфияти учун эса муҳим омил – ёзнинг биринчи ойидаги ҳароратнинг меъёрда бўлиши.
Келаётган ҳафтанинг бошидан минтақамизга Туркманистон орқали +40 даражали иссиқлик тўлқини кириб келмоқда. Бу тўлқин сешанба ва чоршанба кунлари шимол, жануб, Бухоро ва Навоий вилоятларини қамраб олади. Пайшанба куни эса водийдан ташқари республика ҳудудларига тарқалиши кутилмоқда. Жума кунидан эътиборан салқин об-ҳаво қайта кузатилади.
Камолиддин Икромов: Ёзнинг энг иссиқ ойлари – июл ва августда қандай об-ҳаво кутилмоқда?
Эркин Абдулаҳатов: Жаҳон метеорологик ташкилоти, Ўзгидромет ва иқлим марказлари маълумотларига кўра, июл ойида Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида ҳарорат меъёрдан 1 даража, водий ва тоғли ҳудудларда эса 1–2 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Август ойи ҳам шунга ўхшаш бўлади. Аммо ёғинлар жиҳатидан вазият бошқача — жуда кам ёғинли, ҳатто фавқулодда қурғоқчилик бўлиши мумкин. Шимолда вазият нисбатан яхшироқ. Бироқ ёз ёғинлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ривожига сезиларли таъсир қилмаслигини унутмаслик керак — улар фақат чангни босиш ва ҳавони бироз совитиш учун хизмат қилади холос.
Мавзуга оид

22:10 / 05.06.2025
Тўққизта ҳудудда сел келиш хавфи эълон қилинди

20:03 / 30.05.2025
Иссиқ ҳаво қайтади, баъзи ҳудудларга сел келади - кутилаётган об-ҳаво таҳлили

22:27 / 22.05.2025
8 та вилоятда сел-сув тошқини хавфи бўлиши эълон қилинди

13:12 / 21.05.2025