Жаҳон | 22:38 / 10.06.2025
2968
8 дақиқада ўқилади

“Янги президент меҳнат иммиграциясини кенгайтириши мумкин” — кореялик профессор билан суҳбат

3 июн куни Жанубий Кореяда муддатидан аввал бўлиб ўтган сайловда мухолифат, яъни демократ партиядан номзод Ли Же Мён ғалаба қозонди. Хўш, у АҚШ, Шимолий Корея ва Ўзбекистон билан қандай сиёсат олиб боради? Kun.uz мухбири “Геосиёсат” дастурида Жанубий Кореянинг Ҳанкук халқаро университети Марказий Осиё факултети раҳбари Ли Жи-Эун билан суҳбатлашди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

— Бу сафарги сайлов натижалари нисбатан кичик фарқ билан якунлангани Корея жамиятидаги сиёсий бўлинишни қандай акс эттиради?

— Ҳа, дарҳақиқат, бу йилги сайловда жуда кўпчилик овоз берди. Бутун мамлакат бўйича сайловда иштирок этиш даражаси 79,4 фоиз бўлди, Ли Же Мён овозларнинг 49 фоиздан кўпроғини олиб, жами 17,28 миллион овоз тўплади.

50 миллион аҳолига эга мамлакатда сайлов ҳуқуқига эга бўлган деярли барча одамлар овоз берди. Сиз айтганингиздек, биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган номзодлар орасидаги фарқ жуда кичик. Бу Кореядаги демократия ва фикрлар хилма-хиллигини кўрсатади. Корея тарихидаги энг кўп овоз тўплаган президент — айнан Ли Же Мён бўлди. Бироқ сиз айтганингиздек, иккинчи ўринни олган номзод ҳам кутилганидан анча кўп овоз олди. Бу эса сўнгги пайтларда сиёсий мафкура ва йўналишлар бўйича ихтилофлар кучайганини кўрсатади. Натижада Корея жамияти катта бадал тўлади.

Демократик жамиятда сиёсий қарашларнинг хилма-хиллиги табиий ва ҳурмат қилиниши керак. Аммо бу тўқнашувлар зўравонликка айланадиган ёки ҳокимият эгаси ваколатни суиистеъмол қиладиган бўлса, у жамият заифлашади. Сўнгги олти ой ичида Корея айнан шундай ҳолатни бошдан кечирди. Кеча президент Ли Же Мённи омма билан мулоқот маросимида бу ихтилофларни бартараф этиш ва бўлинган жамиятни бирлаштириш, яъни “катта бирлашув”ни амалга ошириш ниятида эканлигини таъкидлади.

Сиёсий қарашлар фарқли бўлса-да, халқнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши, Корея яриморолида тинчликни таъминлаш, халқаро миқёсда Кореянинг нуфузини ошириш каби умумий мақсадларда ҳамма якдил. Шунинг учун янги президент халқ истакларини жамлаб, ушбу мақсадларни амалга оширишга ҳаракат қилади, деган умиддамиз.

— Мухолифат номзодининг ғалабаси Кореянинг ташқи сиёсатига, айниқса АҚШ, Шимолий Корея, шунингдек Ўзбекистон билан муносабатларига қандай таъсир қилиши мумкин?

— Президент Ли Же Мённинг сайловолди дастурига назар ташласак, унда амалий ёндашув (прагматизм) кўп учрайди. Яъни Корея ва корейс халқи манфаатлари учун амалий қарорлар ва сиёсат юритиш асосий ғоя ҳисобланади. Ташқи сиёсат ҳам айнан шундай йўналишда бўлади деб ўйлайман.

Биринчидан, Шимолий Корея билан мулоқотни тиклаб, Корея яриморолида тинчлик ўрнатишга интилади. Оддий халқ учун тинчликдан муҳимроқ нарса йўқ. Яқинда биз Россия-Украина уруши, Исроил-Фаластин уруши, Ҳиндистон-Покистон можаролари каби бир қанча кескин тўқнашувларга гувоҳ бўлдик. Бу урушлар оддий одамларнинг ҳаётини қандай вайрон қилаётганини кўриб турибмиз. Шу сабабли янги президент энг аввало яриморолда тинчликка эришишга ҳаракат қилади.

Шунингдек, биламизки, АҚШ – Корея учун ҳарбий, хавфсизлик ва савдо соҳаларида муҳим ҳамкор ҳисобланади. Лекин шу билан бирга, атрофимиздаги Хитой, Япония ва Россия ҳам Корея учун жуда муҳим давлатлардир. Олдинги ҳукумат даврида АҚШга ҳаддан ташқари боғлиқ бўлган сиёсат юритилган бўлса, энди янги ҳукумат Марказий Осиё мамлакатлари, шунингдек, Корея билан тарихан яқин алоқаларни сақлаб келган Ўзбекистон каби мамлакатлар билан прагматик ташқи сиёсат олиб бориб, кўп томонлама ҳамкорликни кучайтиради, деб ўйлаймиз.

Корея ҳукумати АҚШ билан алоқаларни муҳим деб ҳисоблаб келган. Президент Ли Же Мён ҳам АҚШ билан алоқалар муҳимлигини таъкидлайди, лекин Америкада ҳам яқинда президент алмашди ва кўплаб ўзгаришлар юз беряпти. Масалан, Трампнинг тарифлар билан боғлиқ сиёсати сабаб муаммолар бошқа мамлакатлар каби Кореяни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Ҳокимиятга энди келган Ли Же Мён АҚШнинг сиёсатини кўр кўрона қўллаб-қувватламайди, деб ўйлайман.

Фикримча, Америка билан бир қаторда Япония, Хитой ва Тайван каби мамлакатлар билан кўп томонлама сиёсат олиб боради. Шунингдек, Россия ва Хитой мамлакатлари билан муносабатлар ҳам илиқлашиши мумкин. Аслида Хитой ва Россиянинг ҳам Корея ташқи савдо айланмасида улушлари кам эмас. Шунинг учун барча мамлакатлар билан мувозанатга асосланган сиёсат юритилади деб ўйлайман.

Мен бундай кўп векторли сиёсатни Ўзбекистон ҳам олиб бораётганини кўряпман ва Корея ҳам айнан бир катта мамлакатга сиёсий ва иқтисодий боғланиб қолмай кўп векторли сиёсат олиб боради деб умид қиламан.

— Демократик партия ҳокимиятга келар экан, Корея ва Ўзбекистон муносабатларида қандай ўзгаришлар бўлиши мумкин?

— Ўзбекистон – Кореянинг асосий ҳамкор давлатларидан бири. Шу сабабли 2019 йилда икки давлат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган. Бундай муносабат Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Ўзбекистон билангина мавжуд.

Олдинги ҳукумат даврида ҳам алоқалар юқори даражада эди, масалан ўтган йили Ўзбекистонга давлат ташрифи амалга оширилди ва президентлар даражасида ҳам музокаралар бўлиб ўтган эди.

Келгусида ҳамкорлик қилиш керак бўлган кўплаб йўналишлар мавжуд. Аввало, Ўзбекистон ҳозирда ривожланиш учун янги туртки изламоқда. Рақамлаштириш асосий масалага айланган. Бу борада Корея дунёдаги илғор технологияларга эга. Ўзбекистон эса ҳозирда Марказий Осиёдаги энг таъсирли давлатга айланиб боряпти.

Энди нафақат Корея––Ўзбекистон икки томонлама ҳамкорлигида, балки Корея–Марказий Осиё кўп томонлама мулоқотида ҳам Ўзбекистон фаол иштирок этишига умид қиламиз.

— Президент Ли Же Мённинг миграция сиёсатини қандай тахмин қиласиз?

— Бизнинг мамлакат жуда тез суръатда қариб бормоқда. Айниқса, Кореянинг вилоятларида хорижлик ишчилар зарур. Ўзбекистонликлар сони Кореяда аллақачон 100 минг нафар атрофида. Мамлакатимиздаги Ўзбеклар чет элликлар орасида учинчи ёки тўртинчи ўринда туради, тахминан уларнинг сони 94 мингдан ортиқ.

Улар бутун Корея бўйлаб ўз жамоаларини шакллантириб, жамиятга яхши мослашиб яшамоқда. Шунинг учун янги ҳукумат иммиграция сиёсатига сезиларли эътибор қаратади, деб ўйлайман. Кореяда ўзбекистонликлар сони ортиб бораётгани боис Ўзбекистон Корея учун муҳим давлат сифатида қабул қилинади ва саноат амалиёти, меҳнат иммиграциясини кенгайтириш йўналишида ҳаракат қилинади, деб тахмин қиляпман.

— Янги президент Ўзбекистонга ташриф буюриши мумкинми?

Мен тез орада Ўзбекистон президенти ва Кореянинг янги раҳбари учрашади деб ўйлайман. Ўтган йили Жанубий Корея президенти Ўзбекистонга ташрифини амалга оширган эди, шунинг учун жавоб тариқасида Ўзбекистон етакчиси Сеулга жавоб ташрифни уюштириши ҳам мумкин. Агар ундай бўлмаса-да ўтган йилги президентлар учрашувида Жанубий Корея ва Марказий Осиё раҳбарлари учрашишига келишилган эди. Афсуски, бизнинг мамлакатимиздаги сиёсий беқарорлик сабаб ушбу ташаббус амалга ошмаган эди. Менимча ушбу тадбир Сеулда ташкил этилади ва шунда давлатларимиз раҳбарлари учрашиши учун имкон бўлади. Ўзаро дипломатик алоқаларни яхшилаш орқали тез орада олий даражадаги учрашувлар бўлишини интиқлик билан кутиб қоламан.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид