Исроил–Эрон эскалацияси, Калифорниядаги можаро, Ўзбекистоннинг РФга нотаси – “Геосиёсат” мулоқоти
Сўнгги соатларда Яқин Шарқда вазият кескинлашди: Исроил Эронга зарба бериши кутилмоқда. Бешта давлат исроиллик вазирларга санкциялар эълон қилди. Ўзбекистон мигрантларга ноинсоний муносабат масаласида Россияга нота юборди. Трамп Лос-Анжелесни бостиришга ҳарбийларни сафарбар қилиб, комендантлик соати жорий этди. Сўнгги кунларнинг шу ва бошқа мавзулари ҳақида сиёсий таҳлилчилар Фарҳод Каримов ва Жаҳонгир Акрамов Kun.uz студиясида, жонли эфирда сўз юритади.
Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолгани Яқин Шарқда янги ҳарбий тўқнашув эҳтимолини оширяпти. Таҳлилчиларга кўра, бу вазият Исроил учун қулай фон яратмоқда: Нетаняҳу ҳукумати ички босимдан чалғитиш ва АҚШни Эронга қарши ҳарбий чоралар кўришга жалб этиш ҳаракатида. Шу билан бирга, бу босим Трампнинг сиёсий усулларидан бири бўлиши мумкин деган қараш ҳам бор.
— АҚШ Эрон билан музокаралар муваффақиятcизликка учрагани Исроил ҳужумига сабаб бўладими ёки бу Трампнинг босим усули?
Фарҳод Каримов: Бу ерда кўпроқ мен Трампнинг эмас, биринчи навбатда Исроилнинг таъсирини кўряпман. Исроил эскалацияга анчадан бери ҳаракат қилиб келяпти. Ғазода 7 октябр воқеаларидан кейин, ҳатто ундан олдин ҳам Эрон билан каттароқ уруш чиқариш ва бу ерда биратўла Исроилга қарши чиқиши мумкин бўлган кучларни АҚШнинг қўли билан йўқ қилишга ҳаракат қилган эди. Қайсидир маънода кўп жиҳатдан бу мақсадга эришди ҳам. Мисол учун, “Ҳизбуллоҳ”, ҲАМАС ва бир қатор шунга ўхшаган гуруҳлар ёки Сурияда ҳатто Башар Асаднинг ҳам кетказилиши – Исроилга жуда ҳам қулай муҳитни яратди. Бугун Исроилнинг катта режалари ва катта ишларни амалга ошириши учун деярли тўсиқ қолмади.
Ҳаттоки, Эроннинг ўзида ҳам президент сайланганидан кейин мамлакат ташқи сиёсатида бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Тўғри, душманлик ҳали ҳам сақланиб турибди, лекин бугун Эрон Исроилга тўғридан тўғри хавф солаётгани йўқ. 2024 йил томонлар бир-бирига ракеталар учирганда ҳам ҳарбий можаро бўлишини Исроил хоҳлаган эди, лекин Эрон ўзига хос босиқликни ҳис қилганди. Чунки Исроил урушни бошлаб олса, ўша куннинг ўзида АҚШ бу урушга аралашишга мажбур бўлади.
Эрон – Ироқ эмас, лекин бугунги Эроннинг ҳолати Ироқнинг ҳолатини эслатяпти. 2003 йилда АҚШ ҳарбийлари хавфли кимёвий қуроллар ишлаб чиқаряпти деган даъво билан Ироққа бостириб кирган эди. Ироқ нега кучсиз бўлиб қолган эди? Совет Иттифоқи парчалангандан кейин унинг ҳимоячилари, унга ёрдам берадиган кучлар йўқ эди. Бугун ҳам Эрон айнан шундай вазиятга тушиб қоляпти: Россия Украина билан овора.
Яқин Шарқдаги сўнгги соатларда тарқатилган Эрон билан боғлиқ шов-шувли хабарлар Теҳронга босим ўтказиш мақсадида бўляпти. 15 июн куни Эрон ядро дастурлари бўйича ўтказиладиган 6-тур музокаралари олдидан ахборот ҳужуми. Вашингтон Эронга нисбатан санкциялар борасида ҳам, уранни тинч йўлда бойитишда ҳам ён бермоқчи эмас. Ундан ташқари, АҚШ ядровий дастур муҳокамасига Эроннинг минтақадаги сиёсий масалаларини ҳам киритяпти.
Жаҳонгир Акрамов: Эрон атрофидаги зиддиятли вазиятдан, Теҳрон–Вашингтон музокаралари инқирозидан энг асосий манфаатдор – бу ҳозирги Нетаняҳу ҳукумати. Чунки Нетаняҳуга нисбатан ички ва ташқи сиёсатда босим ортиб боряпти. Ҳатто Британия, Франция, Канаданинг тобора Фаластинни тан олиш тўғрисидаги таҳдидлари Исроилни ноқулай ҳолатга соляпти. Мана шундай вазиятда Нетаняҳу учун урушлар зарур ва у тобора АҚШни музокаралардан чиқариб, Эронга қарши ҳаракатларда иштирок этишга интиляпти.
Исроил Эроннинг шарқий ҳудудларидаги ядровий нуқталарига зарба бериши мумкин. Бу жараёнда америкаликлар ҳам иштирок этиши мумкин, чунки ядро объектлари 60 метргача ер остида жойлашган ва бундай чуқурликка зарба берувчи махсус бомбалар Исроилда мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам бундай ҳужумни АҚШ самолётлари иштирокчиларисиз амалга ошириш имконсиз. Ундан ташқари, менимча, Исроил ҳукумати Эрон режими сақланиб қолишидан ҳам манфаатдор. Чунки Исроилнинг ташқи душмани йўқолганидан кейин ҳукуматда тафтиш бошланади. Шунинг учун ҳам Исроилнинг зарба бериш эҳтимолини мен баланд деб ҳисоблаган бўлар эдим. Чунки ҳозирги Нетаняҳу режими учун ҳокимиятда қолишнинг ягона йўли – яна янги уруш бошлашдир.
Агар уруш бошланса ҳам Россиянинг Эронга ёрдам бермаслик эҳтимоли юқори, чунки Исроил Россияга нисбатан эълон қилинган санкцияларга қўшилмаган.
Шунингдек, суҳбат давомида АҚШдаги ғалаёнлар, Ўзбекистоннинг Россияга нотаси ва глобал ҳамжамиятдаги бошқа муҳим мавзулар муҳокама қилинди. Суҳбатни тўлиқ ҳолатда You Tube платформасида томоша қилинг.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди
Мавзуга оид

11:31
Исроил Эронга «огоҳлантирувчи зарба» берганини маълум қилди. АҚШ амалиётда иштирок этмаганини билдирди

10:42
Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бошлиғи Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган

10:30
Оятуллоҳ Хоминаий Исроилга «қаттиқ жазо» билан таҳдид қилди

09:55