Россия ички ишлар вазири «фойдасиз» мигрантларни чиқариб юборишга чақирди
Колоколцев ишдан бўшатилган, олий ўқув юртларидан ҳайдалган, «жамиятга фойда келтирмайдиган» мигрантлар Россияни тарк этиши кераклигини айтди. Аввалроқ Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Россияда мигрантларга бўлган муносабатдан шикоят қилган эди.

Фото: Артем Геодакян / ТАСС
Бирор жойда расман ишламайдиган ёки ўқимайдиган, шунингдек, бармоқ изини топширмаган ҳамда рус тилини ўранмаган мигрантлар Россияни тарк этиши керак. Бу ҳақда Россия ИИВ раҳбари Владимир Колоколцев айтиб ўтди. Унинг мурожаати видеоси вазирлик расмий вакили Ирина Волкнинг телеграм-каналида эълон қилинган.
«Кўчаларда ва турар жой секторида ноқонуний келаётган мигрантлар бўлмаслиги керак. Ишини йўқотганлар, ОТМдан ҳайдалганлар, дактилоскопиядан ўтмаганлар, тил ўрганмаётганлар, Россия жамиятига фойда келтирмаётганлар мамлакатимизни тарк этиши керак», – деди Колоколцев.
Ички ишлар вазирлиги раҳбари «мигрантлар ўртасидаги жиноятчиликка қарши тизимли курашиш», «олдини олиш» учун ишлашга чақирган. Колоколцев кўрилган чораларни «айбдорлар учун жазо муқаррарлигини таъкидлаган ҳолда» ёритиш кераклигини таъкидлаган.
Учинчи зарурий чора сифатида вазир миграция бўлинмаларида навбатлардан халос бўлишни айтди. «Ҳужжатларни қабул қилиш ва расмийлаштиришни ўз вақтида, шов-шувсиз амалга ошириш керак», – дея қўшимча қилди у.
Россияда миграция сиёсатини қатъийлаштиришнинг янги тўлқини 2024 йил баҳорида бошланганди. Жорий йил бошида Россияда назорат остидаги шахслар реестри - Ички ишлар вазирлиги базаси ишга туширилди, унга Россияда ноқонуний бўлиб турган чет элликлар ҳақидаги маълумотлар киритилади.
Апрел ойидан бошлаб мигрантларнинг болалари мактабга қабул қилинишидан олдин рус тилини билиш даражаси бўйича синовдан ўтказилиши йўлга қўйилди. Бундан ташқари, чет эл фуқароларига нисбатан, хусусан, махсус чиқариб юбориш режими, киришдаги қоидабузарликлар ва ноқонуний мигрантларга хизмат кўрсатиш учун жарималар жорий этилди, шунингдек, исталмаган бўлиш мақоми белгиланди.
Россияга энг кўп МДҲ давлатлари фуқаролари ташриф буюради. 2024 йилда Тожикистондан 128 минг киши, Ўзбекистондан – 107 минг киши, Қирғизистондан – 105 минг киши келган. Мигрантлар бўйича сиёсат қатъийлаштирилганидан кейин мазкур мамлакатлар бир неча бор ўз фуқароларининг ҳуқуқлари бузилгани юзасидан эътироз билдирди.
2024 йил октябрда Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода республика фуқароларини Россияга киритмаслик, «хавфсизликни таъминлашнинг кенг ва ноаниқ таърифи остида» киришга тақиқ қўйиш ёки мамлакатдан чиқариб юбориш ҳолатлари тез-тез учраётганини маълум қилди.
2025 йил апрелида Россиянинг Қирғизистондаги элчисига нота берилди, бу Москва шаҳридаги «Бодрост» ҳаммомлар комплексида ўтказилган мигрантларга қарши рейддан кейин содир бўлди. Ўшанда Россиядан «Қирғизистон-Россия муносабатларига зарар етказиши мумкин бўлган» вазиятга йўл қўймаслик сўралганди.
Июн ойида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги рейдлар чоғида чет эл фуқароларига нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ сўраб Россия ташқи идорасига нота юборди. Россия томони нотада келтирилган маълумотларни диққат билан ўрганаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид

23:19 / 10.06.2025
Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги ҳолат юзасидан Россияга ТИВга нота юборди

22:32 / 10.06.2025
Россияда мактабга қабул қилинмаган 300 минг мигрант болалари борлиги маълум қилинди

21:30 / 10.06.2025
Германия фуқаролигини олган россияликлар сони рекорд даражага етди

23:14 / 09.06.2025