Жаҳон | 21:33 / 14.06.2025
5441
2 дақиқада ўқилади

Трамп билан Путин Яқин Шарқдаги хавфли кескинлашувни муҳокама қилди

АҚШ ва Россия президентлари телефон орқали суҳбатлашди.

Фото : AP Photo/House Select Committee, РИА Новости/Алексей Дружинин

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путин телефон орқали Яқин Шарқдаги вазият кескинлашувини муҳокама қилди. Бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

«Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти билан навбатдаги телефон суҳбатини ўтказди, мулоқот 50 дақиқа давом этди. Путин Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётини қоралаб, Ўрта Шарқдаги можаронинг бутун минтақадаги нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган кескинлашувидан жиддий хавотир билдирди», деди у.

Ушаков сўзларига кўра, «Яқин Шарқдаги вазиятнинг хавфли кескинлашуви, табиийки, фикр алмашиш марказида бўлди».

«Владимир Путин Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётини қоралаб, можаронинг кучайиши эҳтимолидан жиддий хавотир билдирди, бу эса Яқин Шарқ минтақасидаги бутун вазият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин», деди Ушаков.

Трамп шунингдек, Яқин Шарқдаги вазиятнинг жуда хавотирли эканини, аммо Исроилнинг Эрон объектларига берган зарбаси самарали бўлганини тан олган.

«Шуниси аҳамиятлики, юзага келган мураккаб вазиятга қарамай, иккала президент Эрон ядро дастури бўйича музокараларга қайтишни истисно қилмади», деди Ушаков.

«Путин Трампга Россиянинг Украина билан музокараларини 22 июндан кейин давом эттиришга тайёрлиги ҳақида маълум қилди. Трамп бу маълумотни эътиборга олди ва Россия-Украина можаросига тезроқ барҳам беришдан манфаатдорлигини яна бир бор таъкидлади», деди Ушаков.

Суҳбат якунида Путин бугун 79 ёшга тўлган Трампни туғилган куни билан табриклади.

Мавзуга оид