Жамият | 20:03 / 15.06.2025
4382
2 дақиқада ўқилади

Kun.uz’нинг расмий Telegram каналидаги ножоиз рекламалар юзасидан обуначиларга мурожаат

Сўнгги пайтларда Telegram'да муайян ўзгаришлар бўлди: канал эгаларининг иштирокисиз уларнинг каналларида рекламалар кўрсатилмоқда. Бу рекламаларнинг айримлари – ички кийимлар, шубҳали молиявий таклифлар ва бошқа ножоиз эълонлардан иборат. Обуначиларимизга шуни маълум қиламизки, бошқа каналлар қатори Kun.uz'нинг ҳам расмий каналларида кўзга ташланаётган Telegram рекламаларини биз назорат қила олмаймиз.

Фото: Kun.uz

Мессенжер томонидан автоматик кўрсатиладиган бу рекламаларнинг Kun.uz таҳририятига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Биз уларнинг обуначиларимизга кўрсатилишини чеклаш имкониятига эга эмасмиз. Бу рекламалар фақатгина Telegram Premium обуначиларига кўринмайди.

📌 Kun.uz'нинг расмий рекламалари билан Telegram рекламасини қандай ажратиш мумкин?

Kun.uz томонидан жойланадиган реклама постларида қуйидагилар бўлади:

🔹 Пост охирида “Реклама” белгиси бўлади;

🔹 Контент матни, услубияти ва дизайни Kun.uz саҳифаларига хос бўлади;

🔹 Маҳсулот ёки хизмат ҳақида аниқ, очиқ-ойдин маълумот бўлади;

🔹 Реклама эълонлари Kun.uz саҳифаси дизайнига мос сурат ёки видеоролик билан чиқади;

🔹 Барча обуначиларга (шу жумладан Telegram Premium аъзоларига ҳам) бир вақтда кўринади;

🔹 Канал лентасида доимий қолади.

Фото: Kun.uz’нинг расмий Telegram каналидан скриншот

Telegram'нинг ўз реклама дастури доирасидаги эълонларда эса:

🔻 Кўпинча пост юқориси ёки пастида “Sponsored” деб ёзилади.

🔻 Пост матни Kun.uz услубидан кескин фарқ қилади.

🔻 Шубҳали маҳсулотлар, номаълум хизматлар таклиф этилиши мумкин.

🔻 Улар каналдаги охирги постдан кейин (баъзан постлар орасида ҳам) пайдо бўлади ва фойдаланувчининг жойлашуви ёки қизиқишларига асосланган бўлиши мумкин;

🔻 Барча обуначиларга бир вақтда кўринмаслиги мумкин;

🔻 Канал лентасида сақланмайди.

Kun.uz ўз обуначиларининг ишончини қадрлайди ва ҳар қандай контентда қонунийлик ва ижтимоий масъулият тамойилларига амал қилади. Шу сабаб қадриятларимизга мос келмайдиган реклама постлари юзасидан сизни огоҳлантиришни зарур деб билдик.

Агар расмий ҳамкорлик асосидаги рекламаларимиз ҳақида саволларингиз бўлса, биз билан боғланишингиз мумкин: info@kun.uz

Реклама бўлимининг телефон рақами: +998781137733

Ҳурмат билан,
Kun.uz таҳририяти

Мавзуга оид