Жаҳон | 12:06
3226
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Эрон ва Исроил ўртасидаги келишув учун вақт келди

Эрон ва Исроил ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича келишувга эришиш вақти келди, лекин баъзида «аввал курашиб кўриш» керак бўлади, деди АҚШ президенти Доналд Трамп.

Фото: REUTERS/Ken Cedeno

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ва Исроил келишувга эришиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтата олишига умид билдирди. «Умид қиламанки, келишувга эришилади. Ўйлайманки, келишув вақти келди ва биз нима бўлишини кўрамиз. Баъзан, биринчи навбатда, курашиб кўриш керак, лекин нима бўлишини кўрамиз», — деди у 15 июн, якшанба куни Канададаги G7 саммитига жўнаб кетишдан олдин журналистлар билан суҳбат чоғида.

Оқ уй раҳбари Қўшма Штатлар Исроил мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этиш ниятида эканини маълум қилди. Бироқ Америка раҳбари мамлакатнинг Эронга зарбаларини тўхтатишни сўрагани ёки сўрамагани ҳақида маълумот бермади.

Эрон ва Исроил Ҳиндистон ва Покистон мисолида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишув тузиши керак, деб ёзди Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида. Ўз постида Оқ уй раҳбари биринчи президентлик даврида Сербия ва Косово ўртасидаги можаронинг урушга айланиб кетишининг олдини олганини айтди. Бундан ташқари, Трамп Миср ва Эфиопия ўртасидаги тинчликни ўзининг хизматлари билан боғлади.

«Худди шундай, биз тез орада Исроил ва Эрон ўртасида тинчликка эришамиз! Ҳозир кўп телефон қўнғироқлари ва учрашувлар бўляпти. Мен жуда кўп иш қиляпман, лекин буни ҳеч қачон гапирмайман – одамлар тушуняпти», деб ёзади у. АҚШ президенти ўз постининг охирида Яқин Шарққа буюкликни қайтаришга чақирди.

Мавзуга оид