Жаҳон | 14:12
3944
10 дақиқада ўқилади

АҚШ базаларига ҳужум қилишга тайёр Эрон, «Сўзсиз капитуляция» сўраган Трамп ва Ғазода давом этаётган геноцид – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ расмийлари: Агар урушга қўшилсак, Эрон АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум қилишга тайёр

АҚШ разведка ҳисоботларини кўриб чиққан америкалик расмийларга кўра, Эрон АҚШ Исроилнинг урушига қўшилса, Яқин Шарқдаги АҚШ базаларига зарба бериш учун ракеталар ва бошқа ҳарбий жиҳозларни тайёрлаган. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларига таяниб New York Times нашри хабар бермоқда.

АҚШ шу кунларда Европага тахминан 30 дан ортиқ ёнилғи қуйиш самолётларини юборган. Бу самолётлар АҚШ базаларини ҳимоя қилувчи қирувчи самолётларга хизмат қилиши ёки Эроннинг ядровий иншоотларига ҳужумда қатнашувчи бомбардимончи самолётлар парвоз масофасини кенгайтиришда ишлатилиши мумкин.

Исроил Эрон билан можаро фонида Оқ уйга расмийлар орасида уруш кенгайиши бўйича хавотирлар ортмоқда. Агар АҚШ Исроил ҳарбий кампаниясига қўшилиб, Эроннинг муҳим ядровий иншоотига зарба берса, Эрон билан иттифоқдаги ҳусийлар Қизил денгизда кемаларга ҳужумларни қайта бошлаши деярли аниқ. Бундан ташқари, Ироқ, Ливан ва Суриядаги Эроннинг прокси гуруҳлари АҚШ базаларига ҳужум қилишга уриниши мумкин. АҚШ Яқин Шарқдаги базаларда жойлашган ҳарбийларини юқори тайёргарлик ҳолатига келтирди, бу ҳудудда жами 40 мингдан ортиқ АҚШ аскарлари бор.

Бошқа расмийлар айтишича, ҳужум юз берса, Эрон Форс кўрфазидаги АҚШ ҳарбий кемаларини ҳаракатсизлантириш мақсадида Ҳўрмуз бўғозини миналаши мумкин.

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи душанба куни берган баёнотида: «Душманларимиз ҳарбий зарбалар орқали бизга таъсир ўтказа олмайди ва Эрон халқига ўз буйруқларини бера олмайди», – деганди. АҚШ расмийларига кўра, Эрон минтақадаги АҚШ ҳарбий базаларига зарба бериш учун узоқ тайёргарликка муҳтож эмас. Эрон ҳарбийлари Баҳрайн, Қатар ва БАА ҳудудларига осон етиб борадиган масофада ракета базаларига эга.

Агар АҚШ урушга қўшилса, энг эҳтимолий сценарий – АҚШнинг Б-2 туридаги махфий бомбардимончи самолётлари томонидан, Фордо тоғ остидаги иншоотига кириб боришга мўлжалланган «MOP» («Massive Ordnance Penetrator») бомбаси ёрдамида ҳужум уюштирилишидир. Фордога уюштириладиган зарба Эроннинг ядровий салоҳиятига қанча зарар етказиши ёки қурол ишлаб чиқишини қанча муддатга кечиктириши ҳозирча номаълум. Эрон ҳозирда бойитилган уранни мамлакатдаги турли жойларда туннель ичида сақламоқда.

АҚШ томонидан ёки унинг ёрдамида Фордога уюштириладиган ҳар қандай зарба Эрон ва унинг иттифоқчиларига жавоб бериш учун баҳона бўлади. Эрон ва иттифоқчилари илгари ҳам АҚШга зарар етказа олган.

Мутахассисларнинг айтишича, Исроилнинг ҳужумлари Теҳроннинг ёндашувини ўзгартирган бўлиши мумкин. Эндиликда Теҳрон фақат тўлиқ ядровий қуролга эга бўлиш орқали келажакдаги ҳужумлардан сақланиш мумкинлигини англаб етган бўлиши мумкин. Баъзи расмийлар, агар Эрон ҳар қандай ҳолатда ҳам ядро қуролини яратишга киришадиган бўлса, Трамп маъмуриятига уни нишонга олиш учун босим кучайишини таъкидламоқда.

Мудофаа устуворликлари (Defense Priorities) таҳлил маркази Яқин Шарқ дастури раҳбари Розмари Келаникнинг айтишича, Исроил зарбаси Эронга ядровий қурол яратиш учун туртки бўлган. "Агар АҚШ ҳам урушга қўшилса, бу туртки бир неча баробар кучаяди," — дейди таҳлилчи.

Трамп ва Хоманаий

Эрон ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигини айтиб келаётган АҚШ президенти Доналд Трамп, сешанба куни Эрондан шартсиз таслим бўлишни талаб қилди. У, шунингдек Эрон олий раҳбари Али Хоманаий қаердалигини билишини айтди.

«Биз «Олий раҳбар» деб аталувчи шахс қаерда яширинганини аниқ биламиз. У осон нишон, лекин у омонликда. Биз уни ушламоқчи (ўлдирмоқчи!) эмасмиз, ҳеч бўлмаганда ҳозирча. Лекин биз тинч аҳоли ёки америкалик аскарларга қарата ракета отилишини истамаймиз. Сабр-тоқатимиз тўлиб бормоқда», деди Трамп ва «Сўзсиз капитуляция!» деб қўшимча қилди.

Шунингдек, Трамп яна АҚШнинг ҳарбий салоҳиятига урғу берган.

«Энди биз Эрон осмонини бутунлай ва тўлиқ назорат қиляпмиз. Эронда яхши кузатув тизимлари ва бошқа мудофаа ускуналари бор эди, улар жуда кўп эди. Лекин улар АҚШ яратган, лойиҳалаштирган ва ишлаб чиқарган нарсалар билан таққослаганда ҳеч нарса эмас. Ҳеч ким буни Америкадан яхшироқ қилолмайди!» деб ёзди Трамп.

Iran International агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Эрон олий раҳбари Али Хоманаий Исроил операцияси бошланганидан бир неча соат ўтиб ерости бункерига кириб олган. Уларнинг маълумотларига кўра, Хоманаий паноҳ топган объект Теҳроннинг шимоли-шарқида, Лавизан туманида жойлашган. Бошпанада олий раҳбар билан бирга унинг оила аъзолари ҳам бор.

Манбаларга кўра, Исроил 15 июн куни яҳудий давлатидан 2,3 минг км узоқликда жойлашган Машҳад аэропортига Хоманаий ўзини ҳеч қаерда хавфсиз ҳис қила олмаслигини кўрсатиш учун зарба берган.

Аввалроқ, АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилнинг Эрон олий раҳбари Али Хоманаийни ўлдириш режасига вето қўйгани айтилган эди. Лекин, Исроил бу ветога қанчалик амал қилади, буниси қоронғи.

Ғазо ва Украинага ҳужумлар давом этмоқда

Бутун дунёнинг диққат-эътибори Исроил ва Эрон урушида бўлиб турган вақтда бошқа ҳудудларда ҳам ҳужумлар тўхтамаяпти.

Хусусан, Исроил 17 июнь куни Ғазо секторининг турли ҳудудларига уюштираётган ҳужумлари натижасида 76 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг 54 нафари инсонпарварлик ёрдами тарқатилаётган жойлар яқинида ўлган. 200 дан ортиқ киши яраланган, уларнинг кўпчилиги оғир аҳволда.

Исроил ҳарбийлари Ғазо шимоли-шарқида ёрдам кутаётган тинч аҳоли вакилларини нишонга олган. Ғазо соғлиқни сақлаш бошқармасининг хабар беришича, Хон-Юнус жанубида жойлашган Таҳлиа чорраҳасида тинч аҳоли тўпланган жойга қилинган ҳужум оқибатида камида 51 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар жароҳат олган. Ҳалок бўлганлар ва яраланганлар Насер тиббий марказига олиб келинган. Расмий маълумотларга кўра, камида 20 нафар яраланган фуқаронинг аҳволи оғир.

Шунингдек, Исроил ҳарбийлари Ғазонинг жанубида жойлашган Нетсарим йўлаги бўйлаб ёрдам кутаётган одамларга ўқ узди. Бундан ташқари, секторнинг турли ҳудудларига уюштирилган ҳужумлар ўнлаб фаластинликларнинг ўлимига сабаб бўлгани айтилмоқда.

Шимолроқда эса Россия-Украина уруши давом этмоқда.

Хусусан, 17 июнга ўтар кечаси Россия қўшини Украина пойтахти ва Киев области бўйлаб 175 та дрон ва 14 та ракета, жумладан, иккита баллистик ракета учирди.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименко Киевнинг Соломенский районидаги тўққиз қаватли турар жой биносига Россия баллистик ракетаси келиб урилганини айтди. «Подъезд бутунлай вайрон қилинган. Ва у ертўлагача йўқ қилинди, чунки бу тўғридан тўғри урилган зарба эди», – деган Клименко.

Киев шаҳри мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, Соломенский районида 14 киши ҳалок бўлган. Киевга тунги ҳужум оқибатида 99 киши жароҳатланган, шундан 59 нафари шифохонага ётқизилган. Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор.

Трамп Яқин Шарқ туфайли G7 саммитини зудлик билан тарк этди

АҚШ президенти Доналд Трамп Канаданинг Кананаскис шаҳрида бўлиб ўтадиган G7 саммитидаги иштирокини зудлик билан тўхтатишга қарор қилди. Бу қадамга Яқин Шарқдаги вазият сабаб бўлди, деб хабар берди Оқ уй матбуот хизмати.

Трампнинг матбуот котиби Кэролайн Ливитт X ижтимоий тармоғида Америка етакчиси саммитда Буюк Британия бош вазири Кир Стармер билан йирик савдо битимини имзолаган ҳолда «кунни ажойиб ўтказганини» ёзди. «Кўп нарсага эришилди, бироқ Яқин Шарқда содир бўлаётган воқеалар туфайли президент Трамп бугун кечқурун давлат раҳбарлари билан кечки овқатдан кейин жўнаб кетади», — деди Ливитт.

CNN’нинг хабар беришича, Трамп ўз маъмуриятининг миллий хавфсизлик ходимларига Вашингтонда Оқ уйдаги махсус хонага тўпланишни буюрган. Бу хона – АҚШ президенти, унинг маслаҳатчилари, ҳарбий ва разведка идоралари вакиллари томонидан инқирозли вазиятларда шошилинч йиғилишлар учун фойдаланиладиган хоналар мажмуасидир. Махсус хонасида ўрнатилган алоқа ускуналари давлат раҳбарига бутун дунё бўйлаб Америка қўшинларига қўмондонлик қилиш имконини беради.

Евроиттифоқ Қрим ва Севастопол учун санкцияларни узайтирди

Европа Иттифоқи Россиянинг Қрим яримороли ва Севастопол шаҳрини ноқонуний қўшиб олиши муносабати билан 2014 йил июн ойида жорий қилган санкцияларни яна бир йилга узайтирди. Бу ҳақда ЕИ кенгаши маълум қилди.

Брюсселнинг эслатишича, гап қўшиб олинган Қримдан Европа Иттифоқига товар ва хизматлар импортини тақиқлаш, яриморол иқтисодиётига сармоя киритиш, шунингдек, транспорт, телекоммуникация, энергетика, нефт ва газ саноати учун товарлар ва технологияларни етказиб бериш ҳақида кетмоқда.

Россия Федерациясининг Украинага қарши ҳарбий тажовузи муносабати билан Брюссел аллақачон Москвага қарши 17 та санкция пакетини жорий қилган.

Мавзуга оид