Жаҳон | 21:59 / 18.06.2025
3625
2 дақиқада ўқилади

АҚШда бир неча ҳафта олдин вафот этган аёлнинг фарзанди туғилди

Аёл вафот этгач, унинг ҳомиласи етилиши учун танаси тиббий аппаратлар ёрдамида қўллаб-қувватлаб турилди.

Фото: GoFundMe

АҚШ Жоржия штатида бир неча ой олдин вафот этган Адриана Смитнинг фарзанди дунёга келди.

Аёл ҳомиладорлик пайтида мияси ўлган деб топилган эди. Бироқ, штат ҳудудида абортлар тақиқлангани туфайли, унинг фарзанди нобуд бўлмаслигининг чоралари кўрилди. Жумладан, аёлнинг танаси махсус тиббий аппаратлар ёрдамида қўллаб-қувватлаб турилди.

Чэнс (Chance) деб номланган бола туғилгани ҳақида аёлнинг онаси NBC News телеканалига хабар берди.

Қайд қилинишича, вазни тахминан 800 грамм бўлган чақалоқ 13 июн куни шошилинч жарроҳлик амалиёти ёрдамида туғилган. Ҳозир у неонатал интенсив терапия бўлимида.

«Унинг яшаб кетиши кутилмоқда, у курашмоқда, уни дуо қилинглар», деди Чэнснинг бувиси журналистларга.

Таъкидланишича, энди Адриана Смит танаси тиббий аппаратлардан ажратилади ва уни дафн қилиш имконияти пайдо бўлади.

30 ёшли ҳамшира Адриана Смит иккинчи фарзандига тўққиз ҳафталик ҳомиладор бўлганида шифохонага ётқизилган эди. Компютер томографияси унинг миясида бир нечта қон қуйқалари борлигини кўрсатди. Шифокорлар Смитга мия ўлими ташхисини қўйди.

Жоржия штатида абортларни чеклаш ҳақидаги қонунга кўра, шифохона ҳомила туғилиши учун етарли даражада ривожланган бўлгунга қадар аёлнинг танасини қўллаб-қувватлаб туришга мажбур бўлди.

Аёл онасининг сўзларига кўра, оилага Адрианани тиббий аппаратлардан ажратиш ҳақида қарор қабул қилишга рухсат берилмаган.

Мавзуга оид